Кириш Регистрация

“Реал”нинг энг яхши ўйини: “қироллар” уйғонмоқда

Баҳо:
+2 | -1

ЕЧЛ гуруҳ босқичи навбатдаги тур доирасида “Реал” “ПСЖ”ни қабул қилди.

Очиғи, “Реал”дан бундай ўйин кутмагандим. Айниқса, “ПСЖ” бошланғич таркибида Мбаппени кўриб, шунингдек, Неймарнинг ҳам майдонга тушиши мумкинлигини билиб, очиғи, “Реал” қийналса керак, деб ўйлагандим. Чунки олдинроқ Килианнинг “Реал”га қарши ўйинда майдонга тушмаслиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо ўйиндан олдин “Мен “ПСЖ”га қарши ўйинда энг яхши “Реал”ни кўрмоқчиман”, деган Зидан ниятига етди.

КУРТУА ОМИЛИ

Ижтимоий тармоқлардаги фикрларни ўқирканман, Куртуани яна танқид қилишганига гувоҳ бўлдим. Аммо кеча бельгиялик футболчи жуда яхши ўйин кўрсатди. Киритилган иккита голда Тибони айблаб бўлмайди. Биринчи гол Вараннинг хатоси билан киритилди, иккинчиси ҳам ҳимоячиларнинг хатоси билан юзага келди. Париж клуби футболчиси шунчалик мукаммал зарба бердики, Куртуанинг бу зарбани қайтариши мушкул эди.

Куртуа ўзига билдирилган ишончни оқлашни бошлаяпти. Кечаги ўйинда ҳам бельгиялик чарм тўп устаси ажойиб ҳаракат қилди ва бир-иккита вазиятларда жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қолди.

ВАЛЬВЕРДЕ ВА АЗАР

“Реал”нинг кечаги катта устунлигида иккита футболчини алоҳида қайд этиш лозим: бу Вальверде ва Азар. Айниқса, Эден Азарнинг кечаги хатти-ҳаракатларини томоша қилиб, “Челси”даги Азарни кўргандек бўлдим. Рақиб футболчиларини кўрдим демасдан алдаб, жамоадошларини тўп билан таъминлаган бельгиялик футболчи ўз формасини тиклаётганини исботлади.

Федерико Вальвердега тўхталадиган бўлсак, олдинлари шу футболчидан асосий таркибда майдонга тушаётганидан норози бўлардим. Аммо кечаги ўйинда Вальверде Зиданнинг ишончини оқлашга жиддий киришганини исботлади. Тан олиш керак, айнан Федерико кетганидан кейин марказда камчиликлар кўзга ташлана бошлади ҳатто унинг ўрнига тажрибали Модрич тушганидан кейин ҳам. Зиданнинг Вальвердени тарбиялаётгани Пересга ҳам ёқаётгани шубҳасиз, ахир ёш футболчини тарбиялаб, ажойиб ярим ҳимоячига айлантирган қаёқдаю фалон пулга футболчи сотиб олган қаёқда. Масалан, агар Вальверде шу тарзда давом этса, “Реал” Погбани сотиб олишга эҳтиёж сезмайди.

Яна бир жиҳат. Зидан Вальвердени ўнг қанот ярим ҳимоясида ўйнатди. Ваҳоланки, Федерико марказий ярим ҳимоячи. Шундай бўлса-да, кеча ёш футболчи қанотда ҳам яхши ўйнаб, универсаль футболчи вазифасини бажара олишини исботлади.

Кеча “Реал” таркибида ижобий таассурот қолдирган футболчилардан яна бири Иско бўлди. Асосий таркибда майдонга тушган испаниялик футболчи ўйинга чанқоқ эканлигини кўрсатди. Тинимсиз югурди, прессинг қилди, рақибларини тинч қўймади ва шарҳловчи Даврон Файзиев таъбири билан айтганда рақибларни камида бир марта алдаб ўтмагунча тинчимади. Шундай хулосага келдик: “Иско “Реал”га керак”.

Кеча “қироллик клуби” мухлисларини дуранг у қадар ранжитгани йўқ. Чунки Зидан шогирдлари мухлисларга ҳақиқий спектакль кўрсатиб беришди.

Умид қиламизки, “Эль-класико”да ҳам “Реал” “Барселона”га кутилмаган сюрприз тайёрлайди.

Низомжон ИСЛОМОВ

 

Манба: stadion.uz
Киритилди: 09:48, 27.11.2019.
Ўқилди: 10574 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.