"Boxing Day"нинг қайноқ оғушига кириб боряпмиз. Бугун бизда “Вест Хэм” “Лестер”ни қабул қиладиган ўйин (22:30) ва тунги “Бёрнли” - "МЮ" баҳси.
Дастлабки учрашувни ҳамкасбим Диёр Имомхўжаев шарҳлаб борса, "Юнайтед" иштирокидаги учрашув менинг чекимга тушган. Хўш, ўйин ҳақида нима десам экан?!
Кеча матбуот анжуманида Сульшер шундай деган: “Мен йигитларга бугунги ҳолатимиз ҳақида тушунтирдим. Улар даражамизни яхши билишади ва яхши формада эканлигимизда биздан нима кутиш мумкинлигини ҳам англаб етишган. Биз бугун "Ман. Сити" каби ўйнай олмаймиз. Фақат "Сити"нинг ўзигина бундай ўйинга қодир...”
Оле-Гуннар бу гапларини "Вулверхэмптон"даги учрашув бошланмасидан айтган. Яъниким, "Сити"ни эътироф этган. Аммо кечаги драматик ўйиндан сўнг ҳам норвегияликнинг гапи ўзгармайди: “МЮ" "Сити" каби ўйнамаслиги керак — ғалаба қозониши шарт!”
"Ньюкасл" “қизил иблислар”га кўп хатолар совға қилди. Лекин уйида ҳамиша зўр ўйнагич "Бёрнли"дан шундай совғалар кутиш тўғрими? Йўқ, албатта.
Крис Вуд ва Эшли Барнс марказий ҳимоячиларни қийнаши шубҳасиз. Скот Мактоминей ўйнамайди, Погба ва Фред бу бўшлиқни ёпа олишармикан? Ажойиб формадаги Решфорд ҳамда Гринвуд голеадорлик ҳислатларини намоён этишадими?
Хуллас, саволлар кўп, жавобларни эса тунда оламиз.
Кузатамиз.
Хайрулла ҲАМИДОВ.