Жумла сизга ўхшаш туюлгандир. Ҳа, бу ўша машҳур Юлий Цезарнинг гапларининг бошқачароқ талқини. Ўз ўрнида юқоридаги фикр бошқа бир, футболдаги Цезарга тегишли.
Юлий Цезар қандай ҳукмдор бўлганини тарихдан биламиз. Қаҳрли, шафқатсиз, ўз навбатида бутун дунёнинг эътиборини торта олган. Кўпчиликка ёқмайди, лекин ишлари, урушлари тарихда қолишига сабабчи бўлди.
Футболда ҳам шундай шахс бор. Бу — Златан. Гаплари камтарлик чегарасидан қанчалик четга чиқса, голлари ҳам мумкинлик нуқтаи назарини шунчалик «бузиб кетади». Бугун «Мен Эйфелнинг ўрнида туришим керак», дейди. Табиийки, фикри ғашингизга тегиб турганида шундай гол уриб қўядики, гапингиз бўғзингизда қолади. «Сен ким бўпсанки Эйфелнинг ўрнига даъвогарлик қиласан», дея олмайсиз. Чунки Златан голи билан нималарнидир исботлаб қўйган бўлади.
Футболда «оғзи катталар» кўп. Бир пайтлар Марио Балотелли исмли футболчи «Мен фақат Роналдудан ёмонроқ ўйнадим», «Мен фақат Мессидан ёмонроқ ўйнадим», деб ҳамманинг энсасини қотирарди. Аммо фикрига яраша ўйнамай қўйди, оқибатда биз уни «Балотелли исмли футболчи» дейдиган бўлдик.
«Милан»га келишини эшитганимда Златан нега келяпти, қариган-ку, демадим. Унинг ўрнида бошқа футболчи бўлганида бу сўзларга тилим айланарди, эҳтимол. Аммо швед жангчисига эмас. Боиси, «Милан»даги бошқа футболчиларга ҳурмат сақлаган ҳолда айтишим мумкинки, Златан шу ёшида ҳам бу клубдаги исталган футболчидан кучли ва тажрибали. Қаранг, ҳатто гол уришга ҳам улгурибди. Келди, саломлашди, бир пиёла чой ичар-ичмас ўйинга тушди ва гол урди. Қойил-э… Қани, энди ҳам «Златан нега «Милан»га келди?» дея оласизми?
Бугун миланликлар Златаннинг исталган гапини ҳазм қилишга тайёр. Катта эҳтимол билан яқин орада «Ибрагимович олдинроқ келганида Миланнинг ҳокимига айланарди», «У «Милан»га жуда керак», «У А серияни қисқа муддатда забт этди», «Милан Златаннинг исми билан номланиши керак» ва шунга ўхшаш Ибрагимовичона фикрларга қулоғимиз ўрганади. Шу билан бирга, Златан итальян клуби мухлисларини қувонтириб, голлар уришни ҳам бошлаб қолади. А сериядаги Роналдуга бўлган эътиборнинг маълум қисмини олиб қўяди. Айтганча, энди Роналду — Месси рақобатининг ўрнини Роналду — Ибрагимович рақобати эгаллар. Ҳар ҳолда, бизнинг «ёвуз қаҳрамон» бунга тайёр.
Златанни футбол олами унутмайди, гарчи кўплаб хунук қилиқлар, кишининг ғашини келтирадиган хатти-ҳаракатлар қилган эса-да, гарчи ўзининг зўрлигини чегарага қараб ўтирмай таъкидлаётган эса-да. Чунки у ҳам Цезар, футболнинг Цезари.
Низомжон ИСЛОМОВ