Ўтган йилнинг кузида Златан Ибрагимович "Лос-Анжелес Гэлакси" билан шартномани янгиламаслиги маълум бўлгач, оммавий ахборот воситалари унинг кейинги жамоаси ҳақида ҳар хил тахминларни тарқата бошлади.
Швед билан шартнома имзолаши мумкин бўлган клублар орасида "Атлетико", "Манчестер Юнайтед", "Тоттенхэм", "Наполи", "Милан" ва ҳатто жуда камтар “Болонья” ҳам бор эди. Агар сиз Ибранинг ёшини ҳисобга олсангиз, унда бундай талабларни мақтовли дейиш мумкин.
Златан ҳамма нарсага қодир. Милан сурункали касалликни даволашга яқин
Қарорининг муҳимлигини ва танлайдиган жамоаси у учун охиргиси бўлиши мумкинлигини англаган Златан расмий баёнот беришга шошилмади. Интрига деярли янги йилгача давом этди. Ниҳоят, 27 декабрь куни ҳаммаси ойдинлашди. Златан 2010 йилдан 2012 йилгача ўйнаган «Милан» клубига яна расман қайтди.
Агар Златанни бир сўз билан тасвирлаб бериш керак бўлса, биринчи навбатда “машина” сўзи келади. Бугунги кунда Ибрагимович 38 ёшда, аммо у ҳали ҳам ажойиб жисмоний ҳолатда ва кўплаб ғалабалар келтириши мумкин. Златан таваккал қилишдан қўрқмайди. У Европанинг энг қийин чемпионатларидан бирига қайтди, майдонда ўзини кўрсатмоқда.
Шуниси аниқ эдики, Златанни фақат Европада муаммоларга дуч келган жамоа харид қилиши мумкин эди. Шу томонлама “Милан” Златанга, Златан “Милан”га мос келди.
Итальян клуби учун Ибра билан шартнома имзолаш катта ютуқ. “Россионерилар” нафақат гол урадиган, балки жамоани бирлаштира оладиган лидерга муҳтож эди. Яъни «Милан» нуқтаи назаридан, Златан – бу узоқ муддатга бўлмаса-да ғалаба қозонишнинг калитидир.
Ибрагимовичга келсак, унга қутқарувчи роли жуда ёқади. Ҳозирги “Милан”га ғалабаларни қайтарса, Златан обрўсини янада ошириб олади. Бундан ташқари, Златан "Милан"ни кўп йиллар давомида ўзининг иккинчи уйи сифатида қабул қилганлигини бир неча бор таъкидлади. Шунинг учун, умуман, уларнинг бирлашиши жуда мантиқий кўринади.
Таркибдаги ўзгаришлар ва бошқа схемага ўтиш
Ибрагимовичнинг трансферидан олдин, "Милан" 4-3-3 схемасидан фойдаланди, бу кўпинча 4-5-1га ўхшаш эди, чунки қанотлар бироз орқада ўйнарди. Уларнинг асосий вазифаси марказий ҳужумчини тўп билан таъминлаш эди.
Ибрагимович келгач эса вазифа осонлашди. Сўнгги учрашувларда "Милан" 4-4-2 тактикаси асосида ўйнаяпти. Тўғри, дунё футболида бу анча эски усул, аммо самарали. Чунки ушбу тактика бутун майдонни қамраб олиш имконини беради, ярим ҳимоячиларнинг ҳужумчини тўп билан таъминлаши эҳтимолини оширади. 4-3-3 дан фарқли ўлароқ 4-4-2 да ҳужумчи ортида ўйнайдиган алоҳида футболчи бўлмайди, яъни ҳужумчиларни тўп билан таъминлаш вазифаси биратўла 4 та ярим ҳимоячига юклатилади. “Милан”да ҳозир ярим ҳимоя ва ҳужум ўртасида кўприк бўла оладиган футболчи йўқ, шунинг учун 4-4-2 схемаси маъқул кўринмоқда.
Энг қизиғи, Кшиштоф Пёнтек асосий таркибдан четда қолди. Чунки клуб битта ҳужумчи билан ўйнаганда шундоқ ҳам Златан асосий таркибда тушади. Иккита ҳужумчи билан ўйнаганда эса швециялик футболчига Кшиштофдан кўра португалиялик Леао маъқулроқ тандем сифатида кўринди. Натижада Пёнтек “Герта”га сотилди.
Миландаги натижалар ва жамоавий кайфиятни яхшилаш
Январь ойининг бошидан, яъни Ибрагимовичнинг трансферидан сўнг "Милан" чемпионат ва Италия кубогида 7 та учрашув ўтказди ва бирорта ҳам мағлубиятга учрамади. Бундан ташқари, "россонери" А Сериянинг ушбу мавсумида биринчи марта кетма-кет учта ғалабага эришди. Ҳозирги муваққат ютуқ фақат Ибрагимович туфайли деб бўлмайди, албатта. Аммо унинг борлиги жамоанинг руҳиятига ижобий таъсир қилаётгани бор гап. Бу ҳақда Арриго Сакки шундай деди: «Агар мен ўзгариши мумкин бўлган ўйинчини танлашим керак бўлса, Ибрагимовични танлаган бўлардим. Назаримда, ғайриоддий ишлар қилмасдан, Ибра ўртоқларига шунчаки намуна бўлди ва бутун жамоага ўзига хослик қўшди".
Златан ўз ишини қиляпти: жамоавий ҳаракатларда фаол иштирок этади, тўп учун курашади ва хавфли вазиятлар яратади. "Милан" даги 5 та ўйинда (362 минут) Ибра аллақачон 2 та гол урган.
Клуб имижига таъсир
Ибранинг қайтиши ҳақиқатан ҳам "Милан"га ижобий таъсир кўрсатмоқда. Златан – бренд, бу эса клуб маркетингига ҳам фойда келтиради. Агар сизнинг жамоангизда шундай футболчи бўлса, унга умумий эътибор кучаяди.
Златан «Милан»нинг ўйинларига ташриф буюрадиган мухлислар сонини оширди. Бу ҳам клуб учун жуда муҳим эди.
Шубҳасиз, Ибрагимович "Милан"нинг барча муаммоларини ҳал қила олмайди, у Сан-Сирога қайтиб, вазиятни ўзгартиришга қодир эканлигини яна бир бор исботлаяпти.