Англия премьер-лигасининг 27-тури “Челси” ва “Тоттенҳам” ўртасидаги марказий ўйин билан бошланади.
"Тоттенхэм” майдонида бўлиб ўтган сўнгги юзма-юз учрашув Френк Лэмпард шогирдларининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган эди. Хўш, “Стемфорд Бриж”да қандай натижа қайд этилади?
“Челси” йил бошини муваффаққиятсизликлар билан бошлади. Энг яқин таъқибчиси етиб олишига бир очко қолди. Бу ҳам бўлса “Тоттенхэм”.
Сўнгги уч турдан буён эса “Челси” ўз майдонида ғалаба нималигини билмай келяпти. Бундан олдинги турда ҳам ўз уйида “Манчестер Юнайтед” жамоасига имкониятни бой берди. Нголо Канте эса ушбу учрашувда жароҳат олди. Франциялик футболчи Лондон дербисида ўз жамоасига ёрдам бера олмайди.
Шу тариқа, “Челси” Премьер-лиганинг олти ўйинида атиги бир ғалабани ўз ҳисобига ёзиб қўйишга муваффақ бўлди. Бой берилган учрашувларга асосий сабаб қилиб ҳимоядаги суст ўйин ҳамда дарвозабон Кепа Ариссабалаганинг ишончсиз ҳаракатлари кўрсатилмоқда. Асосан шу сабаб туфайли “аристократлар” “Манчестер Юнайтед” ва “Ньюкасл”га қарши ўйинларда мағлуб бўлишган. “Брайтон”, “Лестер” ҳамда “Арсенал”га қарши учрашувларда очколар йўқотилган. Френк Лэмпард бошчилигидаги жамоа инқироз даврини бошдан кечирмоқда деб айтиш мумкин.
Қийин учрашувларга қарамасдан Жозе Моуриньо «Тоттенхэм” билан яхши натижалар қайд этишни бошлаб юборди. “Манчестер Cити” устидан ғалаба қозонилди. “Астон Вилла”га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ғалабани ўз тарафига оғдиришга муваффақ бўлди. Шу билан биргаликда Англия кубогида кучли “Саутгемптон”ни нокаутга учратди. Бундан ташқари, учрашувдан кейинги интервюларда Ж.Моуриньо ўз жамоасини ғалаба қозонишга лойиқ деб айтди, аммо ютқазган томон мағлубиятга лойиқ эмас эди.
Аммо энди “Тоттенхэм”га қийин бўлади. Сабаби жамоанинг асосий футболчиларидан бири Сон Хёнг Мин жароҳат олган.
“Тоттенхэм” Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида “РБ Лейпциг”га қарши учрашувда 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. «Тоттенхэм” умидсиз кўринмади. Аммо ҳужумда фаол эмас эди.
Хуллас, ўйиндан олдин иккала жамоа сафида ҳам муаммолар талайгина.
Шу сабабли нафақат очколар балки куч жиҳатидан ҳам деярли тенг икки клубнинг тўқнашувига шоҳид бўламиз. Ушбу учрашув анчагина тажрибали ва номдор Майкл Оливер бошчилигидаги ҳакамлар бригадасига ишониб топширилган.
“Челси” – “Тоттенхэм” ўйини ФУТБОЛ ТВ телеканали орқали соат 17:30 дан бошлаб жонли эфирда намойиш қилинади.
Зиёвуддин Намозов тайёрлади.