Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Қобилият қурбони

Баҳо:
+ | -

Бугун 14 март. Излаймиз шу сана кимга қадрли эканини. Топамиз. Николья Анелька. Фаолияти давомида жамоасини излаган иқтидор эгаси аччиқ тақдир соҳиби ҳисобланади. Бугун у 41га кирди. Соф ҳужумчи. Вақтида Арсен Венгер унга кўз тикиб қўйган. Кейинчалик “Арсенал” таркибида ўйнаганида франциялик мутахассис Никольядан янги Анри кашф этади, деб ўйлагандик. Йўқ, оғир характер ҳамма жойда панд берганидек, тўпчилар таркибида ҳам ўз сўзини айтди.

Ўзи Анелька каби футболчилар ҳақида гап кетганида, қобилиятидан кўра инсонийлик характери ҳақида гапиришимизга тўғри келади.

Анелька деганда икки нарса келади хаёлимизга: биринчиси, француз барча билан – хоҳ мураббий, хоҳ шериклари, хоҳ раҳбарлар, фарқи йўқ, - оғир муомалада бўлган. Иккинчиси, қобилияти билан ҳамиша, ҳатто ёши ўтиб қолганида ҳам мутахассисларни умидлантирган. Никольянинг ичида икки одам яшагандек гўё.

Балки бунга унинг бой оилада туғилгани сабаб бўлгандир. Версал шаҳри Анельканинг термадаги шериклари Виера ва Анри учун ҳам туғилиб, ўсган маскан. Бироқ, улар кўпгина юлдузлар сингари оғир шароитларда ўсишган. Ортга қайтмаслик учун характерларини тарбиялашган. Вазиятга кўникма ҳосил қилиб ўсганлар. Бойлик ичида ўсган Николья одамови бўлгани учун футбол фаолиятида шу ҳолатга эҳтиёж сезди.

Ўтган аср охирларида ПСЖда ўзини комфорт ҳис қилмай, “Реал”га катта маблағлар эвазига трансферга ўтди. Аср аввалида қироллик клубида Перес юлдузлардан жамоа тузаётган пайтга тўғри келди. Босимлар остида Анелька узоқ вақт гол уролмай юргани эсимда. Муҳим паллада катта саҳнага чиққану, биргина ўйин порлаб кетишига кифоя қилмаган. Бир йилдаёқ яна Парижга қайтиш чиптасини сотиб олиш... Ўта аламли трансфер.

Франция пойтахтида икки йил нисбатан ўзини кўрсатгач, “Ливерпуль” чақириғини қабул қилди. Бир мавсум, 22 ўйин, 5 та гол. Журналистлар Анелька устидан кулишда чарчашмаган ўша пайтлар.

Ўша йилнинг ўзида “Манчестер Сити” либосини кийишига нима дейсиз энди? Ҳали бадавлат бўлмаган “шаҳарликлар” таркибида икки мавсумда 37 та гол йўллаган бўлса-да, жанжалли ҳодисаларга аралашиб қолгани боис, туманли Альбиондан кетишига тўғри келди. Бунга кўпроқ БААга бориб, исломдан таъсирланиб, динини ўзгартиргани сабаб дейишади. Исмини ҳам ўзгартирганини кўпчилик эслаб қолган. Ҳаттоки шу ерда қолишни истаган. Эътиқодан яқин бўлган Туркияни танлагани шундан. “Фенербахче” либосидаги Анелька!

Истамбулликлар таркибида икки йил тўп суриб, яна бошқа чемпионат орзусига тушиб қолишига ҳеч ким ажабланмай қўйганди. Англия, қайтяпман, кутиб ол!

Аммо қайси клубга, денг? “Болтон”га. Тўғри, бу жамоа ўша пайти “Рибок” бошчилигида янги лойиҳа тузган, таркибига Жей-жей Окоча, Фернандо Йерро ва Юрий Жоркаеффдек истеъдод эгаларини чорлаган эди. Бироқ, гап шунда эдики, бу юлдузлар фаолиятларининг охирги бекатида ушбу клубга келиб қолган бўлишса, қаҳрамонимиз айни кучга тўлган 25 ёшида эди. Қандай қилиб шундай бўлиб қолди, деб ўзига савол берганми, йўқми, билмадиму, бу қадар талантли ҳужумчи учун “Болтон” даража эмасди.

Бу клубда ниҳоят Анелька ўзини йиғиб олди. Фақат футбол ҳақида ўйлади. “Арсенал”га урган суперголлари ва икки мавсум ичида кўрсатган ўйини учун “Челси” уни чорлади. Охиригача ишониш шунчалик бўлади. Терма жамоага ҳам чақирилди.
Аристократлар таркибида Николья энг яхши даврларини ўтказди, дея оламиз. Москвада кечган Чемпионлар Лигаси финалида охирги пенальтини кўкка совурганига қарамай, фаолиятининг эсда қоларли лаҳзалари шу жамоада ўтди. Сўнггига келиб, ўзига ярашадиган ва мухлислар эслашга арзийдиган клубини топди.

Узоқ йиллар ўз клубини топа олмай, охиридагина сал бўлса-да хотиржамроқ ўйин кўрсатган Анелька ўзи ҳақидаги эътирозларни қабул қилмайди.
- Фаолиятим яхши кечган. Ҳисобимда ЕЧЛ кубоги ва Европа чемпионати олтин медали борлигини эсдан чиқарманг!”, дейди.

Аслида эса... у бундан ўн баробар юқорисига ҳақли эди. Афсус, одам ўз даражасини аввало ўзи англасин экан.

Николья, сен кўпчилик истеъдод эгаларига ибратсан. Қобилият қадрига етиш, уни суъистеъмол қилиш нечоғлик қиммат туришини фаолиятинг ила тушунтирдинг. Раҳмат!

Хайрулла Ҳамидов

Манба: https://t.me/x_hamidov
Киритилди: 07:06, 14.03.2020.
Ўқилди: 6532 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.