Бугун 24 март. Футболчилар, мураббийлар, клубларга қараб чиқдим, ичида пичоққа илинадигани топилмади. Шунинг учун ўйинларни ахтардим ва топдим. 2012 йилги 24 мартдан.
“Милан” – “Рома” ўйини. Миланликларнинг 2:1 ҳисобидаги ажойиб ғалабаси.
Бу ўйинни ҳозир эслаш ҳам бошқача ҳис улашади. Италия А сериясининг шонли даврлари тугаётган, “Милан” охирги марта чемпионлигини ҳимоя қилаётган ва “Ювентус”нинг қўрқинчли даври бошланаётган онлар. Ва табиийки, Италия футболига далда бўлиш учун ҳам шу ўйинни танладим.
“Сан Сиро”да кечган баҳс “Милан” учун муҳимроқ эди. Клуб яна чемпионлик учун курашаётганди. Таркиби ҳам юлдузли эди. Дарвозада Абьяти, Ҳимояда Дзамброта ва Тьяго Сильва, ярим ҳимояда Амброзини, Боатенг Кевин Принс, Стефан Аш-Шаравий ва Альберто Аквилани, ҳужумда Златан Ибраҳимович. Ҳа, буёғи дежавю – ўша Златан янги ўн йилликда ҳам ҳалиям “тирик” ва ҳозир ҳам шу либосда. Миланликлар захирасида Алессандро Неста ва Кларенс Зеедорф ўтирганидан ҳам жамоа мавқеи қандайдилигини билиб оламиз.
Рақиб бўлмиш “Рома”нинг айрим ўйинчиларига ҳам назар: Стекеленбург – посбон, Габриэль Хайнце, Симон Кьер, Даниэле де Росси, Эрик Ламела, Франческо Тотти, Миралем Пьянич, Боян Кркич.
Энди мураббийларга қаранг: “Милан”да Массемилиано Аллегри, “Рома”да Луис Энрике. Ажойиб ретро.
Ўйиннинг ўзига келсак, ҳисобни меҳмонлар вакили Освальдо очган, танаффусга “Рома” ғолиб ҳолда чиқиб кетганди.
Танаффусдан сўнг, Златан 53 ва 83-дақиқаларда ўз ҳисобига гол ёзиб, жамоасининг ғалабасини таъминлаган. Яна дежавю, ҳозир ҳам “Милан”да халоскор ўша қария...
Баъзи нарсалар шиддат билан ўзгарса-да, вақт ҳукмига бўйсунмайдиган кучлар борлигига энг яхши ҳужжат..
Хайрулла Ҳамидов