Испаниянинг "Сельта" клуби раҳбарияти россиялик ҳужумчи Фёдор Смоловнинг ўз юртига қайтишига рухсат бермаган экан дея хабар бермоқда AS.
5 апрел куни 30 ёшли ҳужумчи карантин қоидаларини бузган ҳолда Россияга қайтганди. Смолов клубнинг карантин қоидаларини бузган иккинчи футболчи ҳисобланади. Биринчиси даниялик Пионе Систо саналади. Россиялик ҳужумчининг сўзларига қараганда, у клуб раҳбариятидан рухсат олган.
Манбанинг ёзишича, Смолов Испаниядан ташқарига чиқиш учун клуб раҳбариятидан рухсат олмаган ва ўзбошимчалик билан мамлакатни тарк этган.
Қайд этилишича, футболчининг ушбу ҳаракати учун катта миқдорда жарима кутиб турибди. Бироқ, аввалроқ айтилганидек, футболчи айтилган вақтда Испанияга етиб келадиган бўлса, у ҳолда жарима миқдори камайтирилиши мумкин.