Тўққизинчи апрель. Блез Матюиди. Франция терма жамоаси аъзоси ва Ювентус ярим ҳимоячиси. Яқинда коронавирусга чалинган ва бу касаллик билан курашиб, ҳозирда ўзини яхши ҳис қилётганини айтган айтганини биласиз. 33га кирган Блез кўп жамоада ўйнамаган. Ёшлигида Труа ва Сент-Этьен. Кейин ўзи орзу қилган ПСЖ.
Парижликлар либосини кийишни болалигидан дилига тугиб қўйган, дейишади. Жей-жей Окоча кумири бўлган. Унинг либосини кийиб улғайган Матюиди кейинчалик ушбу клуб таркибида 4 карра Франция чемпионига айланди. 2017 йилдан бошлаб Ювентус сафига келиб қўшилди. Икки мавсум ва икки чемпионлик. Францияда унинг ҳаракатини кўриб, иккита ўпкаси бор йигит дейишарди. Қисқа паслар устаси, аниқ узатмалари тўқсон фоиздан пастга тушмаган. Етти мавсумдан буён. Қора ишни тортинмай қилаверади.
Ёшлигида гидронефроз билан оғриган. Буйракнинг катталашиши. Беш ёшида бу касалликнинг жиддий симптомлари кузатилган. 12-13 ёшида такрорий тўлқин. Блез футболдан маҳрум қилмасликлари учун оғриқларига чидаб яшаган. Лекин франциялик дўхтирлар уни тузатишга муваффақ бўлишган. Коронавирусга чалинганига ҳам шу касаллиги сабаб, дейилмоқда. Оиласи билан шаҳардан узоқда яшашни хуш кўради. Бутиклар йўқ жойларда, деб кулади. Ангола ва Франция болаларига ёрдам беришга ихтисослашган фонд очган. Қатарлик шайхлар ПСЖни сотиб олишганидан сўнг биринчи харид қилинган ўйинчи Матюиди бўлган.
Ҳозирда фаолиятининг охирги йилларини Ювентусда ўтказмоқда ва кўп эҳтимол кейинги йил кетса керак. Аммо унинг энг катта натижаси клубларида эмас, терма жамоасида. Жаҳон чемпиони. Шу боис, Криштиану Роналду Ювега олиб келинганида, туринликлар раҳбари португални жамоага чемпионлар лигаси кубогини ютиб берадиган характер сифатида таништирганида, Блез “ҳалироқ кирсанг, жаҳон кубогини қандай ютишни ўргатаман” деб кулиб қўйган. Ана шундай истеъдоднинг қора меҳнатлари кўпинча сояда қолиб кетади.