Хабарингиз бор, бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида карантин қоидалари амал қилмоқда.
Ушбу қоидаларга тўлиқ риоя қилган ҳолда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг барча бўлинмалари ҳам ўз фаолиятини масофадан туриб давом эттиришмоқда.
Мутахассислар уй шароитида раҳбарият томонидан белгиланган вазифалар бўйича иш олиб боришяпти.
Шу жумладан, ҳудудий футбол ассоциациялари ходимлари ҳам масофадан туриб иш-фаолиятини давом эттиришмоқда. Онлайн видеомулоқот орқали эса амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиняпти.
Бугун ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов барча ҳудудий футбол ассоциациялари раҳбарлари билан видеомулоқот ўтказди. Унда ассоциацияларнинг карантин давридаги иш жараёни, ҳудудларда мураббийлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш масаласи тўхтаб қолмаслиги, машгʼулотларнинг уйдан туриб онлайн тарзда ўтказилишини ташкил этиш, карантиндан кейин ҳудудий мусобақаларни қандай тартибда давом эттириш каби масалалар, шунингдек биринчи чорак якунлари муҳокама этилди.
Қолаверса, Футбол маҳорати мактабларига доир “Низом” лойиҳасига айрим қўшимчалар киритиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, Футбол маҳорати мактаблариаро ташкил этиладиган мусобақаларда учрашувлар нейтрал ҳакам томонидан бошқариб борилиши лозимлиги, шунингдек, бундан буён кичик ёш тоифаларидан бошлабоқ ҳар бир футбол учрашувлари видеотасмага ёзиб олинишини йўлга қўйиш таклиф қилинди.
Ҳудудий футбол ассоциациялари жойларда Вилоят спорт бошқармалари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиши, вилоятларнинг чекка туман ва қишлоқларида ҳам мураббийлар тайёрлаш, уларни ЎФАнинг мураббийлик лицензияси курсларида таҳсил олишлари учун имконият яратиш лозим экани белгилаб қўйилди.
Шунингдек, иқтидорли ёш футболчиларни саралаб олиш – селекция тизимини мукаммал ишлаб чиқиш бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Мутахассислар ушбу масалалар бўйича ўзаро фикр алмашиб, белгиланган вазифаларни уй шароитида масофадан туриб амалга оширишда давом этишларига келишиб олинди.
Амалга оширилаётган ишлар юзасидан бу каби видеомулоқотлар мунтазам равишда ўтказиб борилади.