15 май куни ҳам Европани титратган ўйинлар бўлиб ўтган. Алоҳида шахсларга ўтишдан олдин шу баҳслар ҳақида қисқача эслатма.
2002 йил. Европа чемпионлар лигаси финали. Ўнинчи бор ўтаётган турнирнинг охирги ўйинини ҳал қилиш учун Глазгодаги Хемпден Парк стадионига Мадриднинг Реал ва Леверкузеннинг Байер клублари етиб келишган. Ўйин Валерий Лобановскийнинг вафоти муносабати билан бир дақиқалик сукут билан бошланган. Бу турнирда ҳам бир томондан етиб келган жамоанинг рақиблари жиддий, иккинчиси солиштирилганда у қадар эмасди. Реал чорак финалда ўша пайт мусобақанинг расмий чемпиони – Баварияни ер тишлатган бўлса, Байерга ҳозиргисидан анча фарқли бўлган Ливерпуль насиб этган. Ярим финалда Реал Барселона билан оғир баҳсда ҳисоб-китоб қилган, икки тўп фарқи билан енгган эди. Байер эса Манчестер Юнайтед билан икки учрашувда дуранг натижа қайд этиб, меҳмонда урилган гол ҳисобига Глазгога етиб келди. айтмоқчиманки, финалда тенг рақиблар эмасди.
Бироқ, ўша куни Германия вакиллари яхши таассурот қолдиришди. 1:2 ҳисобида енгилиб турган ҳолларида сўнгги дақиқаларда Касильес дарвозасини тинимсиз ўққа тутганлари, испан посбони суперқаҳрамонликлар намойиш этганлари ҳамон ёдимизда.
Байерга алам қилгани – шу куни финаллардаги энг чиройли голлар уларнинг дарвозасидан ўрин олган эди. Зайниддин Зиданнинг фантастик голи ва ҳисоб очувчи Раулнинг сокин йўллаган тўпи. Лусиунинг пресстиж голи бошқа ҳеч қачон финалга чиқмайдиган клуб учун кифоя қилмади. Натижада 2:1 ва Реал дель Боске бошчилигида иккинчи бор қўшқулоқни енгиб оляпти. Салдан кейин испаниялик мутахассис Мадриддан кетади ва ҳаммаси чилпарчин бўлиб кетар, аммо бу кеча қироллик клуби мухлисларидан бахтли ишқибозлар йўқ эди.
—————
2013 йили шу куни Бенфика ҳамда Челси иштирокида Европа лигаси финали ўтказилган ва Амстердам Аренадаги финал ўйинида лондонликлар сўнгги сонияларда кубокни енгиб олишган. Ҳаммаси иккинчи бўлимда содир бўлди. Торрес учрашув бошланганига роппа-роса бир соат бўлганида ҳисобни очди, Оскар Кардосо ўртадаги фарқни йўққа чиқарди. Лекин ҳакам томонидан қўшиб берилган учинчи дақиқада Бранислав Иванович қўшимча бўлимларга тараддуд кўраётган Португалия томонига муздек сув қуйиб юборди. Чемпионлар Лигаси финалига қадар ўн кун давомида Челси ҳам ЕЧЛни, ҳам ЕЛнинг ғолиби сифатида қайд этиладиган бўлди. Бунақа натижа билан фақат лондонликлар мақтана олишади.
Дарвоқе, шу мавсумга қадар Европа лигасини Пиреней яримороли вакиллари енгиб келишаётганди, Челси уларнинг бу гегемонлигига нуқта қўйди.
Хайрулла Ҳамидов.