Бугун «Бунёдкор» стадионининг мажлислар залида COVID-19 пандемияси даврида чеклаш тадбирларини қўлланиши шароитида профессионал футбол машғулотлари ҳамда мусобақаларини ташкил қилиш тўғрисидаги вақтинчалик санитария-гигиена қоида ва меъёрларига қатъий амал қилиш юзасидан йиғилиш ўтказилди. Клуб Бош директори Мирзаев Улуғбек Абдусатторович раислигида ўтказилган йиғилишда «Бунёдкор» футбол клуби тузилмасидаги асосий, ёшлар U-21, аёллар, футзал, фарм-клуб, ёшлар U-18, ёшлар U-19, 2-лига жамоалари мураббийлари, «Бунёдкор» ФК Болалар-ўсмирлар футбол мактаби директори ва масъул мутахассислари, клуб тиббиёт блоги раҳбари, шифокорлари ҳамда бошқа ходимлар иштирок этди.
Йиғилишда дастлаб «Бунёдкор» футбол клуби Бош директори Улуғбек Мирзаев йиғилиш қатнашчиларига кун тартибига киритилган масалалар юзасидан қуйидагиларни тушунтириб ўтди:
- Барчангизнинг яхши хабарингиз бор, Coca Cola Суперлигасининг 15 март кунги учрашувларидан сўнг, пандемия сабабли Ўзбекистонда футбол мусобақалари тўхтаб қолганди. Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 29 май кунги 26-сонли йиғилиши баёнига асосан, футбол бўйича халқаро ва ички мусобақаларга юқори даражада тайёргарлик кўриш ҳамда уларда қатнашиш мақсадида, профессионал футбол клубларига ўз ўқув машғулотларини санитария қоидалари, нормалари ҳамда гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда бошлашга, 2020 йил 5 июндан бошлаб Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатларини томошабинлар иштирокисиз давом эттиришга рухсат берилди. Ўзбекистон профессионал футбол лигаси, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан келишган ҳолда, COVID-19 пандемияси даврида чеклаш тадбирларини қўлланиши шароитида профессионал футбол машғулотлари ҳамда мусобақаларини ташкил қилиш тўғрисидаги вақтинчалик санитария-гигиена қоида ва меъёрларини ишлаб чиқди ҳамда тасдиқлади. Бугун барчагизни мазкур санитария-гигиена қоида ва меъёрлари билан таништириш мақсадида шу ерга йиғилиб турибмиз.
Шундан сўнг «Бунёдкор» футбол клуби тиббиёт блоги раҳбари Отабек Муслимов сўзга чиқиб, қатнашчиларни меъёрлар билан таништириб ўтди. Хусусан, санитария-гигиена қоида ва меъёрлари 6 бобдан - кириш, асосий атама ва тушунчалар, машғулотларни ташкил этиш, мусобақаларни ташкил этиш, ўқув-машғулот базасида яшашни ташкил қилиш, якунловчи қоидалардан иборатлиги, барча бобларда футбол машғулотлари ва мусобақаларида қатнашадиган иштирокчилар албатта риоя ва амал қилишлари зарур бўлган талаблар алоҳида баён этилганлиги тўғрисида тўлиқ маълумот берилди.
Шунингдек, «Бунёдкор» футбол клуби тузилмасидаги барча жамоаларнинг бош мураббийлари ва шифокорлари ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Қолаверса, «Бунёдкор» стадиони директори Зокиров Воҳид Фарҳодовичнинг расмий ўйинлар куни талаб қилинадиган ташкилий ишлар бўйича фикрлари тингланди. Айтиш керак, Воҳид Фарҳодович расмий ўйинлар вақтида ПФЛ ва СЭОА томонидан талаб қилинган санитария-гигиена қоида ҳамда меъёрларига тўлиқ амал қилинишини, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини таъкидлаб ўтди.
Йиғилиш сўнггида «Бунёдкор» футбол клуби тизимидаги барча мураббийлар ва мутахассислар санитария-гигиена қоида ва меъёрлари бугунги кунда ниҳоятда зарур талаблар эканлигини таъкидлашди ҳамда уларнинг барчаси ўз жамоалари аъзоларини қоидаларга риоя этишликка албатта чорлашларини, тарғибот ишларига катта эътибор қаратишларини билдиришди.