“Аталанта” қаторасига саккизта ўйинда ғалаба қозонди. Голлари сони пешқадамдан анча кўп. ЕЧЛдаги қуръа ҳам унинг фойдасига ҳал бўлгандек. Охирги турда учинчи ўринга кўтарилди. Шу поғона билан ҳам чекланмоқчимас.
“Ювентус” – пешқадам. Лекин мухлисларини ҳозирги натижаларидан рози қилолмайди. Мутлақо. Бир мавсум давомида Турин клуби суперкубокни бой берди, кубок финалида ютқазди, ЕЧЛда очилиб турган тақдири, “Лацио”ни лигада енга олмади, охирга келиб “Милан”га даҳшатли камбэк улашди. Индзаги ва Конте йигитларининг паришонлиги ҳисобига ҳамон етти очколик фарқ билан олдинда бормоқда.
Биринчи даврада ҳам “Юве”га қарши “Аталанта” ажойиб ҳаракат қилган, пенальтидан гол ура олмагани ва учрашув охиридаги хотиржамлиги эвазига Сарри жамоасидан учта гол қўйиб юборган эди. Айтмоқчиманки, ўша баҳс ўчи ҳам турибди.
Бугун Италия А сериясининг турнир жадвалидаги пешқадами ва ҳужумлар, голлар, вазиятлар бўйича пешқадами ўртасида болтачопқи ўйин бўлиб ўтади. Бу пайтда Италия футболи мухлислари бошқа ишни четга суриб туришлари зарур.
Зотан, борган сари чемпионлик интригаси тугаб бораётган чемпионатга “Аталанта” ўзининг сервиқор ўйини билан яна шиддат улашмоқда.
“Ювентус” уч кун олдинги аламли ўйиннинг хатосини тўғрилаш учун ҳам кўзи қонга тўлиб тушса керак.
00:45да “Футбол тв” каналида! Хизматингизда – камина...
Хайрулла Ҳамидов.