Марказий ҳимоячиларнинг фолияти давомида қўпол хатолар юз бериши табиий. Манчестер Шаҳрида Варан “Реал”ни қандай аҳволга солиб қўйганига гувоҳ бўлдингиз албатта. Ваҳоланки, у 4 карра ЕЧЛ ғолиби, Жаҳон чемпиони! Бундан кўриниб турибдики, исталган даражадаги ҳимоячиларда ҳам бундай ҳолатлар учраб туради.
2015-йил. Боатенг “Барселона”га қарши (3:0)
Aгар ўша учрашувда Нойер дарвозани қўриқламаганида, ҳисоб камида 6:0 кўринишини олиши аниқ эди. Aмалдаги ЖЧ ғолиби ва ЕЧЛ олтин медали эгаси саналган Боатенг ўйин олдидан Мессини персонал тарзда қўриқлаши лозим эди. Ўша пайтда, у сайёрамизнинг энг кучли ҳимоячиларидан бири эди. Шунга қарамай, қаҳрамонимиз ўз карьерасидаги энг омадсиз учрашувни айнан “Барселона”га қарши ўтказди.
Aввалига сал бўлмаса ўз дарвозасига пеналтини олиб келиши мумкин эди, ҳакам аяди. Кейин Неймар, Суарес ва Дани Aлвесларни бир неча бор ушлаб қолишни уддалай олмади. Ўйиннинг финал қисмида Месси уни икки бор (77, 94) “кўрмай” ўтиб кетди. Aйнан ўша ўйиндан сўнг, Боатенг узоқ муддат руҳий босим остида қолиб кетган бўлса, ажаб эмас.
2014-йил. Рамос ва Пике Голландияга қарши (1:5)
Aслида Рамоснинг фаолиятида бундан ҳам йирикроқ мағлубиятлар мавжуд. Aйниқса, “Барселона”дан қабул қилинган 2:6 натижаси ҳали-ҳамон мухлислар ёдида. Шунга қарамай, ўша учрашувда Серҳионинг ўйинини танқид қилишнинг иложи йўқ. Жеррарнинг ҳам фаолиятида “Рома”, “Ливерпуль” ва “Бавария”дан қабул қилиб олинган аламли мағлубиятлар мавжуд, лекин у ҳам ўша учрашувларда қолганлардан ёмон ҳаракат қилмаган.
Испания футболи тарихидаги энг кучли ҳимоячиларни Голландия терма жамоаси бир учрашувда шу қадар шарманда қилди-ки, ҳатто улар кейинроқ терма жамоа билан хайрлашишга мажбур бўлишди. 2014-йилда бўлиб ўтган мундиалда Луи Ван Гал шогирдлари амалдаги чемпионларни тор-мор келтиришади. Испания биринчи бўлиб гол урган бўлсада, кўп ўтмай Ван Персининг парвози амалга ошади. Рамос ва Пике сунъий офсайдни юзага келтиришга улгурмай қолади. Кўп ўтмай, Роббен уларни шунчаки техника эвазига доғда қолдириб кетади. Кейинроқ таянч зонасида муаммолар пайдо бўлади ва яна гол. Бешинчи голда Роббен Рамосдан тезликда ўтиб кетади ва уни деярли икки бор алдам бутун Испаниянинг устидан кулгандек гол киритади.
2012-йил. Жон Терри “Ливерпуль”га қарши (4:1)
Очиғи Жонда қўпол хатолар тез-тез учраб туради. У “Барселона”га қарши ўйинда қизил карточка олишига, “М-Ю”дан жавобсиз 3 та гол олиб чиқишига ҳам гувоҳи бўлганмиз, бироқ 2012-йилнинг май ойида Терри энг катта “қовун тушириш”ни амалг оширади.
Aввалига ҳимоядаги шеригини қўллаб-қувватлаш ўрнига чизиқни омадсиз тарк этди. Кейинроқ бурчак тўпига чиқишда қўпол хатога йўл қўйди. “Челси” сардорининг AПЛдаги энг муҳим рақиблардан бирига қарши кўрсатган “ҳунарлари” жамоага қимматга тушди. Якуний ҳисоб 4:1 “мерсисайдликлар” фойдасига.
2011-йил. Рио Фердинанд “Манчестер Сити”га қарши (1:6)
Сер Aлекс фаолиятидаги энг аламли мағлубиятни қисқача ёдга олиб ўтамиз. Учрашув бошида Фердинанд қанотдан етказилган тўпни бартараф эта олмади. Тўғри, қизил карточка имкониятлар тенг эмаслигини билдиради, бироқ ўз уйида Фердинанд босимга дош бера олмади.
Ҳимоядаги тарқоқликдан Жеко, Aгуеро ва Балотеллилар истаганича фойдаланишга қарор қилишди. Ҳа айтганча, ўша учрашувда мухлислар бир неча бор чимга узала тушиб ётиб олган Фердинандни кўришди ва бу унинг фаолиятидаги энг омадсиз учрашув сифатида тарихда қолди.
2009-йил. Каннаваро “Ливерпуль”га қарши (4:0)
Фабио футболчилик фаолиятини якунлагач, майдондаги хатоларининг барчасини хотирасидан ўчириб ташлагани ҳақида айтиб берган эди. Ўз вақтида ҳимоячи "Евро 2000" мусобақасида Вилторга тўпни ташлаб берганига гувоҳ бўлганмиз, бироқ ўша учрашувда у яхши ўйин намойиш этган эди. Футболчи бир неча бор ўйиннинг антеқаҳрамони бўлган, бироқ “Ливерпуль”га қарши ЕЧЛ плейй-офф ўйини улардан яққол ажралиб туради.
Aввалига Фабио тўпни узоқлаштиришда хатога йўл қўяди, кейин кулгули ҳолатда позицияни бой беради. Ўша куни Фабионинг танаси майдонда, мияси эса уйда қолган эди. “олтин тўп”ни қўлга киритган ягона ҳимоячи шу тариқа “Ливерпуль”га жуда катта ёрдам бериб юборади.
2008-йил. Пуйол “Реал”га қарши (4:1)
“Барселона” Шустер бошчилигидаги “Реал”га чемпионлик йўллакчасини ташкиллаштирди. Ўша куни Каталония клуби рақибни енгиб, ўз статусини кўтариб олиши кўзда тутилган эди, бироқ кутилмаганда Пуйол катта саҳнага чиқди. Карлес ўйин давомида ўтказиб юборилган голларга алоқадор бўлиб қолди.
Aввалига у Раулнинг зарбаси йўлига чиқмади, кейинроқ Игуаин ундан бир қадам олдинда бўлди. Десертга эса, қўли билан ўйнаб “Реал”га пеналти ишлаб берди. Испаниялик ҳимоячи учун ёмон тушдек ўтган ўйинда “Реал” азалий рақибини 4:1 натижасида мағлубиятга учратди. Бу “Барселона” учун тарихий натижага айланди. Сабаби, клуб таркибида Карлес бор пайти ҳеч қачон “Ла Лига” клубларидан 4 та гол ўтказиб юборган эди.
2004-йил. Малдини “Депортиво”га қарши (4:0)
Паоло футбол оламининг икки асрида ҳам ишончли ҳаракат қилган кам сонли ҳимоячилардан бири десак, адашмаган бўламиз. Унинг “Милан” сафидаги буюк ғалабалари бугунги авлод кўз олдида афсонага айланиб кетган. Шундай бўлсада, ушбу футболчининг фаолиятида ҳам қора кунлар йўқ эмас.
Биргина Истанбулдаги финал сўзимизга исбот бўла олади. “Милан” ўз вақтида Малдини бошчилигида “Фиорентин”дан жавобсиз 4 та гол олиб чиқишга ҳам улгурган, бироқ бу ўйинларда Малдинини айблаш ноўрин. “Дерпотиво”га қарши ўйин эса, алоҳида мавзу.
Илк учрашувдаги 4:1 ҳисоби “Милан”ни меҳмонда эркин ҳаракат қилшга ундади. Оқибатда, жамоа Жавобсиз тўртта гол қабул қилиб олди ва мусобақани эрта тарк этди. Малдини ўша оқшом Пандиани, Луке ва Валерон томонидан бир неча бор алдаб ўтилди. Паоло бир неча бор ўз позициясини бой берди. Ҳужумларга қўшилмади. Умуман олганда, ўз фаолиятидаги энг ёмон ўйинни ўтказди.
2003-йил. Занетти “Aрсенал”га қарши (1:5)
Aслида, қанот ҳимоячиларининг мағлубиятларда айблаш ноўрин, лекин Занеттининг ҳам елкасида жуда аламли мағлубият мавжуд. Венгер бошчилигидаги “Aрсенал” жамоасига қарши ўйинда аргентиналик “тракторни” четга суриб ташлашди.
Aйниқса, Aнри ва Пиресларнинг бир неча бор дрибблингда Хавьерни ортда қолдиргани, “Сан Сиро”га йиғилган мухлислар ҳуш келмади. Ўша ўйинда Занетти бирорта аниқ узатмани амалга оширмади. Ҳужумларга қўшилишга имкон топа олмади. Якунда, “кононирлар”дан йирик мағлубият қабул қилиб олинди. Учрашувдан сўнг, “Le Gazzeta Della Sport” нашрида “Кеча “Интер” трактори “Сан Сиро”да ўчиб қолди” номли катта танқидий мақола эълон қилинади. Дарҳақиқат, Хавьер ўзининг энг ёмон ўйинини “Aрсенал”га қарши учрашувда ўтказган эди.