Италиянинг «Милан» клуби ҳужумчиси Анте Ребич икки ҳафта жароҳат сабабли майдонга туша олмаслиги ҳақида «россонерлар» расмий сайти хабар бермоқда.
Футболчи А Сериянинг 2-турида «Кротоне» (2:0) клубига қарши учрашувнинг 57-дақиқасида майдонни тарк этганди. Хорватиялик футболчи тўп учун курашда майдонга қулаганди ва тирсаги билан ноқулай йиқилиб жароҳат олганди.
Шифокорлар Ребични тиббий кўрикдан ўтказишди ва суяклари шикастлангани ҳақида хабар беришди. Шу сабабли, футболчи икки ҳафта майдондан четда қоладиган бўлди.
Шу тариқа Ребич «Милан»нинг келаётган икки учрашувида майдонга туша олмайди, бироқ, 17 октябрь куни «Интер» клубига қарши дербида майдонга тушиши мумкин.