Каталониянинг «Барселона» жамоаси собиқ директори Хавьер Бордес Испаниянинг Марcа нашри учун каттагина интервью бериб ўтди. Собиқ директор айни дамдаги Каталония клубининг аҳволи ва унинг амалга ошмай қолган трансферларни ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, Неймарнинг нима учун жамоани тарк этганига ҳам бироз ойдинлик кириб ўтди.
Мбаппенинг ўхшамаган трансфери ҳақида
Биз Дембеле билан шартнома имзолашимиздан аввал, менга қўнғироқ бўлди. Улар Килиан Мбаппени 100 миллион евро эвазига сотиб олиш мумкинлигини айтишди. Биз иккиланиб қолдик. Сабаби, у билан «Реал Мадрид» ҳам шартнома имзолаши мумкин эди. Мен Килианнинг агенти саналган отасига қўнғироқ қилдим. У билан суҳбатлашдик. Катта Мбаппе ўғли «Реал»га ўтмаслигини айтди. Бунга сабаб сифатида Мадрид клубида Роналду, Бэйл ва Бенземанинг бор эканлигини қилиб кўрсатди. «Монако» ҳам биз томонда эди. Улар асосий рақиблари сафини Килиан билан кучайтиришни исташмаган эди. Барчаси ҳал этилган эди. «Монако» Килианни 100 миллион евро эвазига бизга сотишга тайёр эканлигини маълум қилди. Aфсуски, директорлар кенгаши Мбаппе вариантидан Усман Дембеле учун воз кечишди. Улар ўз қарорини оддийгина изоҳлаб беришди. Aйтишларича, Дембеле жамоавий футболчи, Мбаппе эса, асосан индивудиал ҳаракатларга урғу берувчи ҳужумчи экан. Биз ҳеч нарса дея олмадик. Клуб худди шу суммани бошқа бир француз йигити учун сарф этди. Aфсуски, жамоани тарк этган Неймарнинг ўрнини тўлдиришга қодир футболчи харид қилинмади. Бизнинг олдинги чизиғимиздаги муаммо эса, ҳал этилмай қолди.
Мората?! У «Барселона»га келиши мумкин эдими?
Биз Луис Суарес билан рақобат қилиши учун Aлваро Моратанинг трансферини амалга оширмоқчи эдик. Сабаби, Луис деярли ягона марказий ҳужумчи эди. Менинг қўлимда, Aлваро Моратани ижарага олиш имкони бор эди. Ўз таклифимни жамоа матбуот котиби ва Бартамеунинг маслаҳатчиларига маълум қилдим. Негадир уларга таклифим манзур келмади. Бунинг ўрнига жамоага Боатенг таклиф қилинди. Тўғриси, Бартамеу ўз маслаҳатчилари ва клуб котибининг сўзларига кўпроқ қулоқ солар эди. Бу сафар ҳам шу иш такрорланди. Оқибатда, Моратанинг ўрнига Принс Боатенгни жамоага олиб келишди.
Яна кимлар жамоага келиши мумкин эди?
Мен Моратадан бошқа яна бир нечта футболчини сотиб олиш таклифи билан чиққанман. Ферран Торрес, Дани Олмо ва ҳатто Эрлинг Холандни ҳам сотиб олиш имконимиз мавжуд эди. Мен ушбу вариантлар ичидан Холанднинг Каталонияга кўчиб ўтишини кўпроқ истаганимни яшириб ўтирмайман. Норвегиялик болакай борасида берган таклифимни директорлар кенгаши аъзолари ўйлаб ҳам ўтирмади. Бартамеу ва унинг командасидагилар футболчи клуб ғоясига мос келмайди деб ҳисоблашди. Ваҳоланки, айнан марказий ҳужумчи тақчиллиги айни дамда пайдо бўлди. Мен Хосепнинг кўпроқ клуб котибининг фикри билан иш қилишини билар эдим, бироқ Эрлингни илиб кетиш учун қолганлардан кўра яхшироқ имкониятимиз бор эди. Бундан ташқари, Ферран Торрес ва Дани Олмолар учун ҳам биз асосий даъвогар эдик. Aфсус, бу трансферларнинг бирортасини ҳам амалга ошира олмадик.
Неймар нима учун кетди?
Тўғриси, бу савол устида соатлаб сўзлашиш мумкин. Жамоанинг ўша даврдаги аҳволи фантастик даражада эди. Барча ишлар жойида, требл, Мессининг парвози ва бошқа факторлар эвазига «Барселона» сайёрамизнинг энг қудратли клуби эди. Неймар эса, негадир жамоадан кетишга қарор қилди. Бу иш содир бўлиши ҳам Каталония клубининг ўйинига таъсир кўрсатди десам, адашмаган бўламан. Очиғи, Неймар билан унинг кетиши олдидан суҳбатлашганмиз. У нима учун бу қарорга келганини айтган ва мен уни тўғри тушунганман. Aслида, нима учун Парижга кўчиб кетгани ҳақида сўзламоқчи эмасман. Шундай бўлсада, кўпчиликнинг фаразини йўққа чиқаришим мумкин. У ПСЖ таклифини биринчи рақамли футболчи бўлиш мақсадида қабул қилмагани ҳақиқат. Бунинг ортида аслида нима бор эканлигини унинг ўзи бир кун албатта айтиб беради. Бунга шубҳам йўқ.