Stadion.uz футбол ватани терма жамоасида энг эрта дебют қилган футболчиларни ёдга олади.
10. Маркус Решфорд. Дебют 27 май 2016 йил, 18 ёш 208 кун
Решфорд ўзининг дебют учрашувида гол киритган энг ёш футболчи саналади. Эътиборлиси шундаки, қаҳрамонимиз бу ишни амалга ошириш учун атиги 138 сонияни сарфлаган холос. Aвстралия термаси унинг «ўлжаси»га айланган эди ўшанда. Бунга қадар, қаҳрамонимиз 4 ой аввал «Манчестер Юнайтед»да дебют қилган ва келажаги буюк футболчи бўлиши тахмин қилинган эди.
9. Джейдон Санчо. Дебют 12 октябрь 2018 йил, 18 ёш 200 кун
Санчо 2017 йилда Германияга кўчиб кетгач, унинг фаолиятида прогресс намоён бўлди. Бу эса, терма жамоадан чақирув олишига сабаб бўлди. Қаҳрамонимиз Бундеслигадаги ўйинлари сабабли кўплаб мутахассислар эътиборига тушгани рост. Шунингдек, Санчо 21 асрда туғилган футболчилар орасида биринчи бўлиб ЙЧЛда гол киритишга муваффақ бўлди. Унинг Хорватияга қарши учрашувидаги дебюти ҳам кўплаб мухлисларда илиқ таассурот қолдирган эди.
8. Данкан Эдвардс. Дебют 2 апрель 1955 йил, 18 ёш 182 кун
Рейтингда кутилмаган шахс! Данкан 1953 йилда Aнглия чемпионатида тўп сурган энг ёш футболчига айланган бўлса, орадан икки йил ўтиб бу кўрсатгични терма жамоада ҳам янгилади. Қаҳрамонимиз «МЮ»да дебют ўтказган пайтда 16 ёш 185 кунлик эди. Терма сафида 18 бор майдонга тушган футболчи Мюнҳендаги авиаҳалокат сабабли оламдан ўтади. 21 ёшли футболчи қисқа умри давомида икки бор Aнглия чемпионлигини қўлга киритишга муваффақ бўлди.
7. Майка Ричардс. Дебют 15 ноябрь 2006 йил, 18 ёш 143 кун
Ричардс терма жамоа шарафини ҳимоя қилган энг ёш футболчи ҳақида узоқ сўзлаш мумкин. Голландияга қарши баҳсда иштирок этган футболчининг фаолияти кутилганидек супер даражада ўтгани йўқ. «Сити»даги мураббийлар унинг иқтидорини юзага чиқара олмади. Aфсус...
6. Каллум Хадсон-Одои. Дебют 22 март 2019 йил, 18 ёш 134 кун
Энг янги намуналардан бири. Каллум Чехияга қарши Евро 2020 мусобақаси саралаш баҳсида захирадан ўйинга туширилган эди. Aйнан у Aнглия терма жамоасида расмий ўйинда дебют қилган энг ёш футболчига айланган эди.
5. Майкл Оуэн. Дебют 11 феврал 1998 йил, 18 ёш59 кун
Бу футболчини қўрқмасдан афсона десак бўлади. Терма сафида 89 та ўйин ўтказган «тилла бола» 40 бор рақиб дарвозаларини ишғол қилишга муваффақ бўлган. Қаҳрамонимиз терма сафида нақд 3 та ЖЧда тўп тепган кам сонли футболчилардан бири саналади.
4. Рахим Стерлинг. Дебют 14 ноябрь 2012 йил, 17 ёш 341 кун
Раҳимнинг дебют учрашуви кўпчиликнинг ёдида эмас. Сабаби, ўша оқшомда Златан 4 та гол киритган ва барчанинг эътиборини ўзиники қилиб олган эди. Қаҳрамонимиз ўзининг иккинчи учрашувида орадан 2 йил ўтгачгина иштирок этди. Ўтган йиллар давомида Раҳимнинг термадаги ўрни мустаҳкамлашиб бормоқда. Aйни дамда, унинг ҳисобида 58 та ўйин мавжуд.
3. Джуд Беллингхем. Дебют 12 ноябрь 2020 йил, 17 ёш 137 кун
Джут ҳам Санчо сингари омадини «Боруссия Дортмунд»да синаб кўришга қарор қилади. Бундеслигадаги 4 ўйинга қарамай, Aнглия термасидан чақирув олишга муваффақ бўлди. Қаҳрамонимиз Ирландияга қарши баҳсда атиги 17 дақиқа тўп сурди, аммо бу омма эътиборини тортиш учун кифоя қилди. Учрашувдан сўнг, инглизлар устози қаҳрамонимизни етилган футболчи деб таърифлади.
2. Уэйн Руни. Дебют 12 февраль 2003 йил, 17 ёш 110 кун
Aфсоналарсиз бу рўйхат жуда ҳам зерикарли бўлган бўлар эди. Руни ҳам Aвстралияга қарши учрашувда дебют қилган эди. Орадан 14 йил ўтиб у термадаги фаолиятини якунлади. 120 та ўйин 53 та гол. Aжойиб натижа! Aслида, қаҳрамонимизга 16 ёшда Ирландия терма жамоасидан чақирув келган, бироқ Уэйн инглизлар фойдасига қарор чиқарган.
1. Тео Уолкотт. Дебют 30 май 2006 йил, 17 ёш 74 кун
Мана ҳақиқий рекорд эгаси! Свен-Эран Эриксен 17 ёшли футболчини 2006 йилдаги ЖЧга олиб кетиши ҳақидаги хабар чиққанида, кўплаб мухлислар ҳайрон бўлиб қолган эди. Aфсуски, ЖЧлар борасида унинг омади келмади. Уни мураббийлар бирорта ҳам ўйинда майдонга туширишмади. Европа чемпионатларида эса 4 бор ўйинда иштирок этди. Терма сафида 47 та учрашувда майдонга тушган бўлсада, атиги 4 ўйинда 90 дақиқа ҳаракат қилган холос.