Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Италия кубоги финали олдидан финал. «Ювентус» Туринда «Интер»га қарши (превью)

Баҳо:
+ | -

Италия кубоги ярим финал жавоб учрашувлари бугун давом эттирилади. Антонио Конте ва унинг жамоаси финал босқичига чиқиш учун Турин шаҳрига йўл олишади. Уларнинг рақиби эса 10 йилдан бери Скудеттони ҳеч қайси жамоага бермай келаётган "Ювентус" жамоаси. Мазкур жамоаларнинг имкониятлари, жамоавий янгиликлари, ўзаро баҳслари ва эҳтимолий таркиби ҳақидаги қисқача превюни сизларга тақдим этамиз.

Бугун бўлиши керак бўлган "Ювентус" ва "Интер" ўртасидаги учрашув иккала жамоа ўртасидаги 238-ўйин сифатида тарихда қолади. Мазкур сана ҳам Италия футболи тарихида ҳам ёрқин саҳифалардан бири бўлиб қолиши аниқ. Чунки бу жамоалар ўртасидаги учрашув доимо ўз шиддати ва қизиқарлилиги билан доимо мухлислар эътиборида бўлиб келган.

"Ювентус" биринчи ярим финал ўйинида "Жузеппе Меацца"да "нерадзурри"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, А сериядаги мағлубиятга жавоб қайтаришга муваффақ бўлди. Ўша оқшом туринликлар ҳужумчиси Криштиану Роналду учун ажойиб учрашув бўлди. Португалиялик ҳужумчи Самир Ханданович дарвозасига иккита гол уришга эришди. "Интер" икки етакчиси — ҳужумчи Ромелу Лукаку ҳамда ҳимоячи Ашраф Ҳакимийсиз "кекса синьора"га қарши тўқнаш келди. Бельгиялик футболчисиз миланликлар ҳужумининг бутун оғирлиги, мазкур ўйиндаги биринчи голни киритган Лаутаро Мартинес бўйнига тушди. Ўша ўйинда туринликлар ғалабани осонликча қўлга киритмаганини айтиб ўтиш керак. Тўпга эгалик қилишда ҳам, ҳужумлар ташкил қилишда ҳам миланликлар, туринлик рақибларидан қолишмади.

Биринчи голнинг юзага келишида, шунчаки "Интер" футболчиларининг чиройли комбинацион ўйини натижасида юзага келди. Никола Барелла қанотдан рейд уюштириб, қулай вазиятга чиқиб келаётган Мартинесни тўп билан таъминлади, аргентиналик ҳужумчи эса ўз вазифасини ажойиб тарзда бажарди. "Ювентус" ҳисобни тенглаштирган вазиятда, биз шунчаки замонавий футбол маҳсулини кўрдик. VARнинг чиқарган қарорига кўра миланликлар Куадрадога нисбатан ўз жарима майдони ичида қоида бузган. Роналду пенальтини шу қадар ажойиб тарзда дарвозага йўлладики, Ханданович ўз жойида қолганида ҳам, бу тўпни қайтариш амри-маҳал эди. Роналду дублни расмийлаштирган вазиятда, шунчаки, дарвозабон ва ҳимоячи бир-бирини тушунмаслиги натижасида юзага келди ва Криштиану бу вазиятдан ҳам моҳирона тарзда фойдаланди. Иккинчи таймда "Кекса синьора"га қараганда бироз кучлироқ ҳаракат қилган Конте шогирдлари кўплаб вазиятлар яратди. Аммо Буффон дарвозасидан бошқа гол ўтказиб юборишга йўл қўймади. "Интер" футболчилари ҳар иккала голни ўз хатолари натижасида ўтказиб юборишди. Жавоб баҳсида бу хатолардан тегишли хулоса чиқарган миланликлар бу каби камчиликларга йўл қўймасликка ҳаракат қилса керак.

"Ювентус"

"Ювентус" чемпионатдаги энг яхши ҳимояга эга жамоа. А серия 18-тури доирасидаги "Сан-Сиро"да бўлган "Интер" ва "Юве" баҳсида туринликлар мавсумдаги энг ёмон ўйинини кўрсатишди. "Кекса синьора" ўша даҳшатли оқшомдан бери ғалабали серия давом эттирмоқда. Улар сўнгги олти учрашувда бор-йўғи битта гол ўтказиб юборишди. Турин жамоасининг ҳимоясидаги ишончли ҳаракати муваффақият калити дея, Жоржо Кьеллинини эътироф этишимиз мумкин. У ҳар доим жамоадошларига қандай ҳаракат қилишни айтиб берадиган етакчи ўйинчилардан бири.

Ҳимоя бугунги кунда "Ювентус"нинг асосий мавзуси. Леонардо Бонуччи ва Жоржо Кьеллини "Рома"га қарши ўйинда ҳаракат қилишди, аммо улардан бири Бонуччи бугунги учрашувни ўтказиб юборади. У А серия учрашуви доирасида "Рома"га қарши ўйинда мускулларидан боғлиқ жароҳат олганди. Агар Бонуччи "Интер"га қарши ўйинда майдонга тушмаса, унинг ўрнини тўлдириш туринликларда Де Лигт ва Мерих Демирал вариантлари бор. Маттейс ва Мерих "Рома"га қарши ўйин якуний рўйхатига киритилган эди. Демак, бугун улардан бири, Кьеллини билан жуфтлик ҳосил қилиши мумкин.

Италия матбуоти яна иккита йўқотиш ҳақида хабар берди. Бразилиялик ярим ҳимоячи Артурда иситма, Алваро Моратада эса ошқозон билан боғлиқ касаллик борлиги ҳақида хабарлар чиққан. "Барселона" собиқ ярим ҳимоячиси ўйнай олмаса керак. Агар испаниялик ҳужумчи вақтида тикланса, захира футболчиси сифатида ўйинни бошлайди. Бош мураббий аллақачон Моратани ўрнига Деян Кулушевски тушиши ҳақида матбуотга хабар берган. 10-январдан бери тиззасидан олган жароҳати туфайли майдонга тушмаётган аргентиналик Пауло Дибала ҳам жамоа билан базада бўлиши мумкин, чунки Италия ОАВнинг ёзишича, Дибала бугунги учрашувни захира ўйинчиси сифатида якуний таркибдан жой олиши мумкин. Аргентиналикнинг спорт формаси майдонга тушишга имкон берадими ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас. Қандай бўлмасин Дибала қайтиши билан Чемпионлар Лигаси баҳслари билан бирга, шанба куни неаполликларга қарши ўйингача юқори формасини тиклаб олишга ҳаракат қилса керак.

"Интер"

Бу сафар Антонио Конте Лу-Ла тандемидан кўп нарсаларни умид қилмоқда. Иккала ҳужумчи ҳам биринчи дақиқалардан майдонга тушишга тайёр. Мураббийда ушбу жуфт ҳужумчидан бошқа тажовузкор қарталари йўқ. Ромелу Лукаку ва Лаутаро Мартинес А серияда энг яхши тўпурар жуфтлик ва иккиси ҳам бугун ўз номини таблога ёздириб қўйишга ҳаракат қилишади. Туринликларга қарши биринчи ўйинда "Интер" учун майдонда ҳаракат қиладиган иккита асосий ҳужумчининг бўлиши қанчалик муҳимлигини ҳис қилгандик. Лукаку ва Лаутаро жуфтлиги билан ёки уларсиз "Интер"нинг ўйини икки хилда кечишини биз дастлабки баҳсда кўрдик. Мазкур футболчилар билан "Интер" 27 ўйиннинг 17 ўйинида ғалаба қозонди ва ҳар бир ўйинда ўртача 2,1 гол (жами 58 гол) урди. Шу каби статистикаларда келиб чиқиб, шуни айтишимиз мумкинки, Антонио Конте ҳам, "Интер" муҳлислари ҳам бугунги учрашувда бу икки футболчидан кўп нарса кутишмоқда. Бу нарсаларни сезган футболчиларда қандайдир босим билан ўйнаши ҳам мумкин. Ортиқча босим эса, ҳар доим хатолар юзага келишига замин яратади. "Нерадзурри"нинг ўнг қанотида уста Ашраф Ҳакимий ва Николо Барелла каби кучли футболчилардан ташкил топган армия мавжуд. Бу Антонио Контенинг қийин вазиятларда отадиган кучли ўқи. Бу икки жуфтлик қатнашган ўйинларда миланликлар ўнг қаноти нисбатан камроқ хатога йўл қўйишади. Марказий ярим ҳимоячи Барелланинг чап томонида Артуро Видал ўйнаб келади. Афсуски, бугунги ўйинни чилилик ўйинчи ўтказиб юборади.

Шу пайтда бир савол туғилади. Барелла ёнида ким ўйнайди? Савол очиқ. Миланликлар мураббийи олдида иккита танлов бор. Эшли Янг ёки Иван Перишич. Иккаласи ҳам тез-тез рақобатлашади, аммо мавсумнинг иккинчи ярмида хорватиялик ўзини яхши кўрсатмоқда, у ўзини ўтган ҳафта охиридаги "Фиорентина" билан ўйинда яхши кўрсатди ва ўша учрашувдаги бир голга муаллифлик қилди. Перишич колумбиялик Хуан Куадрадони тўхтатиш учун энг яхши қурол бўлиши мумкин. Хорватнинг майдонга тушиши, шубҳасиз, Куадрадони ҳужумга камроқ ўтиб, ҳимояга ёрдам беришига мажбур қилса, ажабмас.

Биз бу учрашув ҳақида жуда кўп муҳокама қилишимиз мумкин, аммо минг марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши деганларидек, бугун ярим тунда, соат 00:45 да старт оладиган учрашувни томоша қилинг. Мазкур учрашув ҳужумларга бой ва шиддатли ўтишига ҳеч ҳам шубҳа қилмаймиз.

Тахминий таркиб



Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:54, 09.02.2021.
Ўқилди: 4347 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.