Бугун, аниқроғи Тошкент вақти билан 17:00да Англия Премер Лигаси доирасидаги марказий учрашувлардан бири бўлган «Лестер» ва «Арсенал» жамоалари ўртасидаги қарама-қаршиликка гувоҳ бўламиз. «Кинг Паувер» стадионида ўтадиган мазкур учрашувга икки жамоа, ҳар хил кайфиятда етиб келган. Чунки ҳар иккала жамоа ҳам ҳафта ўрталарида Европа Лигаси доирасидаги учрашувларини ўтказишди. «Тулкилар» ўз майдонида Чехиянинг «Славия Прага» жамоасини қабул қилиб, 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди ва мусобақани эрта тарк этдишган бўлса, «кононирлар»лар Лондонда Португалиянинг «Бенфика» жамоаси билан бўлган қарама-қаршиликда иродали ғалабани қўлга киритди. Мазкур жамоаларнинг, бугунги учрашуви ҳам муросасиз ўтишига шубҳа йўқ. Ҳозир биз сизларга, мазкур жамоалар ҳақидаги янгиликлар, йўқотишлар ҳамда эҳтимолий таркиблар ҳақидаги қисқача превьюни тақдим этамиз.
«Лестер»
«Лестер» жамоаси жорий йилги халқаро майдонларда омадсиз иштирок этишган бўлсада, Англия Премер Лигаси мусобақасида Брендан Рожерс шогирдлари ажойиб ўйин намойиш этишмоқда. «Тулкилар» ҳозиргача ички чемпионатда 25 марта майдонга тушиб, ўз ҳисобига 49 очкони ёздириб қўйишган ва жадвалда 3-ўриндан жой олган. «Лестер» агар бугунги учрашувда ғалаба қозонса, турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилиб олиш эҳтимоли юқори. Чунки, айни пайтда иккинчи поғонада жойлашган «Манчестер Юнайтед» бугун Лондонга сафар уюштириб, «Челси»га қарши майдонга тушади. Ушбу баҳсда манчестерликларнинг очко йўқотиши юқорилигини ҳисобга олсак, бугунги баҳсдаги ғалаба «тулкилар»нинг турнир жадвалидаги ўрнига таъсир этмасдан қолмайди. «Лестер» ушбу мавсумда рақиблари қандай бўлишидан қатъий назар, уларга жиддий қаршилик кўрсатиб келмоқда. Ўз майдонида кечган «Челси», «Ливерпул» каби жамоаларни ҳам мағлубиятга учратгани ҳам «Лестер»нинг кучидан далолат бериб туради. Ўтган турда ҳам Рожерс шогирдлари «Астон Вилла» майдонига сафар уюштириб, 2:1 ҳисобида ғалаба билан ортга қайтишди. Ушбу баҳснинг 19-дақиқасида Жеймс Мэддисон ҳисобни очган бўлса, шундан бир неча дақиқа ўтиб, Харви Барнс ҳисобдаги фарқни иккитага етказиб қўйди. Рақиб жамоадан эса, Бертран Траоре битта гол билан жавоб қайтарди. Мазкур баҳс ҳақида бироз тўхталадиган бўлсак, майдонда тенг курашлар остида кураш кечди, аммо «тулкилар»нинг яратган вазиятларидан моҳирона тарзда фойдаланиб кетиши, якунда жамоанинг 3 очко билан ортга қайтиб кетишига замин яратди. "Арсенал"га қарши баҳс аввалида «Лестер»да таркиб борасида бир нечта жиддий йўқотишлар бор. "Тулкилар"нинг бугунги учрашувини Жеймс Жастин, Жеймс Мэддисон, Айозе Перес каби ўйинчилар ўтказиб юборишади. Айниқса, Мэддиссоннинг йўқлиги жамоанинг минус томонига ишлаши мумкин. Англиялик футболчи нафақат майдон марказидаги етакчи ўйинчи, балки голеадорлик қобилияти билан ҳам «тулкилар»га ёрдам бериб келмоқда.
«Арсенал»
«Арсенал» жамоаси жорий йилги мавсумда жуда ишончсиз ўйин намойиш этишмоқда. Мавсум аввалида, Микель Артета жамоани нафақат Чемпионлар Лигасига қатнашадиган ўринларга чиқариши, балки лондонликларни ўйинини ҳам яхши томонга ўзгартириши талаб этиларди. Аммо, клуб ички чемпионатда ҳалигача ўз ўринини топиб улгурмаган. Айни пайтда «Арсенал» Англия Премер Лигасида 25 ўйинда 34 очко жамғариб, жадвалда 11-поғонадан жой олган. Ўтган турда ҳам «Эмирейтс»да «Манчестер Сити» жамоасини қабул қилиб, 0:1 ҳисобида мағлуб бўлишди. Ушбу баҳсада «тўпчилар» рақибига ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади. Учрашув давомида бор йўғи, бир марта аниқ зарба йўллашган бўлса, тўпни назорат қилиш борасида ҳам ортда қолишди. Умуман олганда жорий йилги мавсумда Артета шогирдларининг гол уриши муаммо бўлиб келмоқда. Мавсум давомида лондонликлар 31 марта гол уриб, ўз дарвозасидан 26 марта тўп олиб чиқишган. Бу ҳолат эса, етакчи «Манчестер Сити»дан 21та кам гол урганини кўрсатади. Жамоанинг ҳимоядаги аҳволи ҳам яхши эмас, «кононирлар»нинг Луиз ва Габриел жуфтлигидан ташкил топган марказий ҳимоя жуфтлиги ҳар доим ҳам ўзини оқламайапти. «Арсенал» АПЛнинг сўнгги 5 учрашувининг 4тасида очко йўқотишди. Айниқса, «тўпчилар»нинг «ажойиб» ҳимояси «Вулверхэмптон»га қарши ўйинда ўзини кўрсатди (1:2). Давид Луиз ва Бернд Лено четлатилиши, «кононирлар»га анча қимматга тушди. Шунингдек, бразилиялик ҳимоячи бир пенальтига ҳам сабабчи бўлиб қолди. Қолаверса, 23-тур доирасида «Астон Вилла»га қарши учрашувда ҳам мағлуб бўлишди. «Арсенал» мазкур жамоага қарши охирги уч баҳсдан бери мағлуб бўлиб келмоқда ва ушбу баҳсларда уларнинг дарвозасига гол ҳам урола олмай келиб, нохуш анъана давом эттиришмоқда. Шунингдек, сўнги 6 учрашувда ҳам ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олмаётгани ҳам Артета учун ечилмас муаммо бўлиб келмоқда. Бугунги баҳсда «Арсенал» жамоасида йўқотишлар билан боғлиқ муаммо йўқ. Фақатгина, Роб Холдингни майдонга тушиши сўроқ остида бўлиб турибди.
Эҳтимолий таркиблар
«Лестер» (4-5-1): Шмейхель, Кастань, Сёюнчи, Эванс, Перейра, Барнс, Менди, Тилеманс, Олбрайтон, Ндиди, Варди
«Арсенал» (4-2-3-1): Лено, Беллерин, Луиз, Габриель, Тирни, Парти, Жака, Сака, Эдегор, Смит-Роу, Обамеянг.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, ушбу баҳс ҳақиқатдан ҳам қизиқарли ўтишига шубҳа йўқ, чунки «Лестер» учинчи поғонадаги ўрнини мустаҳкамлаб олиб, иккинчи ўрин учун ҳаракат қилаётган бўлса, «Арсенал» жамоаси эса ҳеч бўлмаса Европа Лигасига йўлланма берадиган ўринлар учун курашни давом эттиради. Шунинг учун ҳам мазкур учрашунинг қиймати юқори даражада деб айтиш мумкин. Қолаверса, «Арсенал» учун ҳар қандай мағлубият жамоа бош мураббийининг истефосига сабаб бўлиши мумкин.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади