Анталья шаҳрида дзюдо бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи мусобақанинг биринчи кун беллашувлари ўз якунига етиб бормоқда. Қувонарлиси, ушбу кун дастурида ҳамюртимиз Диёра Келдиёрова -52 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди.
Маълум қилганимиздек, юртдошимиз ушбу босқичда испаниялик Эстрелла Лопесга қарши татамига чиқди. Юртдошимиз шу қадар катта шижоат билан баҳсни бошладики, ғалаба қозониш учун унга 24 сония кифоя қилди. Диёра ўзининг севимли сэойнагэ усули билан бир ҳаракатнинг ўзида олтин медаль масаласини ҳал қилди.
Ушбу ғалаба билан Диёра Келдиёрова “Катта дубулға” турнирларида ғалаба қозонган илк дзюдочи қизимизга айланмоқда. Шунинг билан у ўз ҳисобига жаҳон ва Токио Олимпиадаси рейтинги учун 1000 очкони ҳам қўшиб қўймоқда.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси спортчимиз ва дзюдо оиласини бундай аҳамиятли ғалаба билан табриклаб, мусобақада иштирок этадиган бошқа вакилларимизга ҳам омад ва зафарлар тилаб қолади.