Эртанги «Янгиер»га қарши баҳс олдидан «Бухоро» ярим ҳимоячиси Анвар Жўраевга бир неча саволлар билан юзландик.
— Анвар, «Олимпик» жамоасига қарши бўлиб ўтган баҳсда ушбу мавсумдаги илк учрашувингизни ўтказдингиз. Ушбу ўйин ҳақида қисқача фикрингиз.
— Ҳа мен 22-29 март кунлари Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан Туркияда бўлиб ўтган халқаро турнирда иштирок этиб, сўнгра жамоам сафига келиб қўшилдим ва «Олимпик»га қарши баҳсда бошланғич таркибдан жой олдим. Бу менинг «Бухоро» сафида ушбу мавсумдаги илк учрашувим бўлди.
Биз ҳар қандай рақибга қарши жиддий тайёрланамиз, «Олимпик» ҳам шу қаторда. Мураббийимиз ҳар доим бир нарсани такидлайдилар: мақсадимиз Суперлигага чиқиш экан, рақибни катта кичиклигига қарамасдан, уни ҳурмат қилган ҳолда жиддий қараш керак, барча учрашувларда фақат ғалабани кўзлаб майдонга тушиш керак, дейдилар. Ўйинга келсак, шиддатли баҳс бўлди, ҳисобда олдинга чиқиб олгач, қарши ҳужумда ҳаракат қилдик. Бир қанча яхши вазиятлардан фойдалана олмаган бўлсакда, ўйин сўнгига келиб иккинчи голни киритишга муваффақ бўлдик. Мақсад сари интилишдан тўхтамаймиз, мақсад эса аниқ — «Бухоро»ни суперлига қайтариш!
— 3 турда, 3 ғалаба қўлга киритилди, жамоа ички муҳити қай даражада?
— Умуман олганда, барча футболчилар, мураббийлар штаби ва жамоа раҳбарияти катта бир аҳил оилага айланган. Жамоамизда ўзига ишонган яхши, ажойиб футболчилар йиғилган, ҳар бир ғалабадан кейин, ўзимизга бўлган ишонч тобора ошиб бормоқда. Бош мураббийимиз Даврон Орифович ҳар бир учрашув якунлангач бизга бўлиб ўтган ўйинни унутиб, барча фикри хаёлимизни кейинги баҳсга қаратишимизни уқтирадилар. Қисқаси ҳар бир ўйинда, фақат ва фақат ғалаба қозониш учун майдонга тушамиз.
— Эртага «Янгиер» жамоаси меҳмони бўласизлар.
— Шундай, эртага «Янгиер» билан куч синашамиз. Рақибни яхшилаб ўрганиб чиқдик, ушбу ўйинга 100 фоиз тайёрмиз. Эртага яна бир бор қадрдон мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.