Кириш Регистрация
29/12 00:45 Аталанта 0-1 Интер
30/12 00:45 Рома 3-1 Женоа
31/12 00:30 Бёрнли - Ньюкасл
31/12 00:30 Челси - Борнмут
31/12 00:30 Ноттингем Форест - Эвертон
31/12 00:30 Вест Хэм - Брайтон
31/12 01:15 Арсенал - Астон Вилла
31/12 01:15 Ман. Юнайтед - Вулверхэмптон

Ўзбекистон сўнгги дақиқаларда мағлуб бўлди

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон аралаш терма жамоаси Кувайт миллий терма жамоасига қарши баҳснинг сўнгги дақиқаларида ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбориб, мағлубиятга учради.

Ўйиннинг бошида терма жамоамиз тўпнинг назоратини ўз томонига оғдириб олиб, майдон эгаларини тўпсиз қолдиришга ҳаракат қилди. Кувайтликлар эса асосан тезкор қарши ҳужумга таянишди. Ўйиннинг 19-дақиқасида Кенжа Тўраев ўзига тўп узитилишидан сўнг жарима майдончасига ёриб кирди, аммо якуний зарбани ноаниқ берди.

26-дақиқада вакилларимиз бурчак тўпини тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Тўпни Гейнрих чап бурчакдан ўйинга киритди. Темур Кападзе бош билан дарвоза сари зарба бераётганида унга ҳеч ким халақит бермаётганди. Аммо дарвозабон зарбани бартараф этди.

Орадан бир дақиқа ўтиб, Кувайтнинг 7-рақамли футболчиси қарши ҳужумдан сўнг Игнатий Нестеров билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди. Уни Бобур Омонов таъқиб қилиб борган бўлса-да, футболчи зарба беришга муваффақ бўлди. Яхшиямки, бахтимизга футболчининг зарбаси дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.

29-дақиқа бошланган пайтда эса кувайтликлар чап қанотдан ҳужум уюштиришди ва тўпни жарима майдончасига етказиб беришди. 18-рақамли ҳужумчи дарвозагача 5 метрлар масофадан бош билан зарба йўллади. Игнатий Нестеров маҳорат кўрсатиб, хавфни бартараф этишга муваффақ бўлди.

34-дақиқада эса Гейнрих жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилиб олиб, ўткир бурчак остида зарба берди. Дарвозабон тўпни ушлаб олди. 38-дақиқада Жасур Ҳасанов жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилиб олдию, аммо на дарвозага аниқ зарба йўллади ва на шеригини тўп билан таъминлади — тўпни йўқотди. Унинг бу ҳаракатлари Абрамовнинг ғазабини келтирди.

Биринчи бўлимнинг охирига келиб ташаббус тўлалигича мезбонлар томонига ўтиб кетди. Оқ рангли футболкада ҳаракат қилган ўзбек футболчилари асосан ҳимояланишга мажбур бўлишди. Танаффусгача ҳисоб очилмади.

51-дақиқада Бобур Омонов тўпни рақибига олдириб қўйди ва унинг ўзи кувайтлик футболчининг кетидан ета олмади. Натижада футболчи тўпни жарима майдончасига етказишга муваффақ бўлди. Жарима майдончаси ичида эса Ислом Тўхтахўжаев йиқилиб тушгани боис, 10-рақамли футболчи хотиржам тарзда дарвозамиз томон зарба берди. Бу сафар ҳам кувайтлик футболчи зарбани тўғри йўллай олмади. Орадан кўп ўтмасдан энди 20-рақамли Кувайт футболчиси 25 метрлардан зарба йўллади. Нестеров тўпни қийинчилик билан майдон ташқарисига чиқариб юборди.

60-дақиқада Александр Гейнрих рақиб жарима майдончаси атрофида ўз услубида жарима тўпи ишлади ва уни ўзи амалга оширди. Тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди. Ўйиннинг 67-дақиқасида Игнатий яна бир марта ўз маҳоратини намойиш қилди. 22-24 метрлардан йўлланган кучли зарбасини бартараф этди.

Иккинчи бўлим ўрталарида Абрамов майдонга кетма-кет бир нечта футболчиларни туширди. 76-дақиқада эса майдон эгаларининг футболчиси жарима майдончамиз ичида берган зарбаси футболчиларимиздан бирига тегиб, майдонни тарк этди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларига келиб, терма жамоамиз фаоллашиб қолди. Иван Нагаев 17 метрдан зарба беришга муваффақ бўлди. Тўппа-тўғри дарвозабоннинг ўзига йўллангани учун кувайтлик посбон тўпни эгаллаб олди.

Ўйин тугашига 3 дақиқа қолганида кувайтликлар ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Бадр ал-Мутва ўнг қанотда тўпни қабул қилиб олди ва жарима майдончамизга кирар-кирмас ерлатиб зарба берди. Ўйин давомида юқоридан йўлланган зарбаларни қайтариб турган Нестеров, кучсиз тепилган бу тўпни қайтара олмади. Тўп дарвозамизнинг олис бурчагига кириб кетди. Акбар Исматуллаев ва Ислом Тўхтахўжаев ҳужумчининг зарба беришига тўсқинлик қила олишмади.

Ўйинга қўшиб берилган биринчи компенсация вақтида вакилларимиз ҳисобни тенглаштиришлари мумкин эди. Иван Нагаев рақиби билан курашда тўпни олиб қўйди ва жарима майдончасига кириб бориб, шерикларини тўп билан аниқ таъминлай олмади.

Шу тариқа, олимпиячиларимизни Австралияга қарши ўйинга тайёрлаётган Вадим Абрамов ўйинда кўпроқ хавфли вазиятларни ярата олган Кувайт миллий терма жамоасидан мағлуб бўлди.

ЎРТОҚЛИК УЧРАШУВИ
КУВАЙТ - ЎЗБЕКИСТОН - 1:0 (0:0)
Голлар: Бадр ал-Мутва (87)
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Ислом Тўхтахўжаев, Акбар Исматуллаев, Бобур Омонов, Саҳоб Жўраев, Жасур Ҳасанов (Ойбек Қиличев 67), Фозил Мусаев (Жавлон Иброҳимов 71), Темур Кападзе  (Олег Зотеев 46), Станислав Андреев (Шерзод Каримов 69), Александр Гейнрих, Кенжа Тўраев (Иван Нагаев 69)

Манба: www.stadion.uz.

Терма жамоамиз бу ўйинда ўзини кўрсата олмади. Тўғри, рақиб олдида довдираб ҳам қолмади. Аммо футболчилар ҳали яхши формада эмаслиги яққол кўриниб қолди.

Киритилди: 21:44, 17.01.2012.
Ўқилди: 20135 марта.
Фикрлар: 20 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.