«Эвертон» бош мураббийи Карло Анчелотти Европа суперлигасини тузиш ғояси ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Европанинг 12та топ-клуби — «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити», «Тоттенхэм», «Ливерпуль», «Челси», «Арсенал», «Барселона», «Реал», «Атлетико», «Ювентус», «Милан» ва «Интер» Суперлига ташкил қилишга қарор қилишганди. Аммо дастлаб Англиянинг барча клублари ҳукумат ва мухлислар босими остида унда иштирок этишдан бош тортишган бўлса, кейинчалик Италия жамоалари ҳам Суперлигани тарк этишди.
«Бу барча футбол ишқибозлари учун ғалати кун бўлди. Бу сюрприз бўлди. Сўнгги бир неча ой давомида Суперлига ҳақида эшитгандик, аммо унинг ташкил этилишига ишонмагандим.
Улар хатога йўл қўйишди. 12та клуб ҳақ эмасди. Назаримда, улар 2та нарсани инобатга олишмади. Биринчиси — ўйинчилар ва мураббийлар фикрлари. Иккинчиси — мухлислар фикри.
Энг муҳими, улар спорт принципларини инобатга олмайдиган турнирни ташкил қилишмоқчи эди. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Бизнинг маданиятда мусобақалашишга ўрганишган. Агар яхши бўлсанг, сен футбол ўйнайсан ва профессионал бўласан. Агар яхши бўлмасанг, профессионал бўлмайсан. Агар бошқа жамоаларни мағлуб этсанг, энг яхши турнирларда иштирок этасан. Улар буни инобатга олишмади ва хато қилишди. Боши берк кўча. Бахтимизга, ҳозир клублар ортга қайтишди ва музокара олиб боришади.
Барчамиз Чемпионлар лигасининг рақобатбардош бўлишини истаймиз. Чемпионлар лигаси — жаҳондаги энг яхши мусобақа. У март ойидан бошлаб барчани ўзига жалб қилади. Аммо энг бошиданоқ — сентябрь ёки октябрь ойидан бошлаб унга қизиқишни кучайтириш мумкин. Бундай қандай қилиб амалга оширишни эса муҳокама қилишлари керак. Нафақат ЕЧЛни, балки Премьер-лига, А серия янада рақобатбардош бўлишига аҳамиятга қаратиш керак. Аммо биринчи навбатда спорт принциплари катта аҳамиятга эга», — деди Анчелотти.