Италия чемпионати якунланиши арафасида баъзи саволларга жавоб топилди. Масалан, "Интер" чемпионга айланган бўлса, "Аталанта" Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритди.
ЕЧЛнинг қолган 2та йўлланмаси учун 3та клуб даъвогарлик қилмоқда. "Ювентус" кеча "Интер" устидан қозонилган ғалабадан сўнг ўз очколарини 75тага етказиб олди. Шунча очко тўплаб турган "Милан" эса 37-тур баҳсини бугун ўтказади. 5-поғонадаги "Наполи" ҳисобида эса 73 очко мавжуд.
№ | Жамоа | Ўйин | Ғалаба | Дуранг | Мағ-т | Т-Н | Очко | |
---|---|---|---|---|---|---|---|---|
1 | Интер | 37 | 27 | 7 | 3 | 84-34 | 88 | |
2 | Аталанта | 37 | 23 | 9 | 5 | 90-45 | 78 | |
3 | Милан | 36 | 23 | 6 | 7 | 72-41 | 75 | |
4 | Ювентус | 37 | 22 | 9 | 6 | 73-37 | 75 | |
5 | Наполи | 36 | 23 | 4 | 9 | 83-40 | 73 |
"Россонери" бугун "Кальяри" устидан ғалаба қозонса, ўз очколарини 78тага етказади ва Европа чемпионлар лигаси йўлланмасини нақд қилади. Чунки, бундай ҳолатда "Милан" "Ювентус"дан 3 очкога илгарилаб кетади. Мавсум тугашига бир тур қолганида "Юве" рақибига ета олмайди.
А серия регламентига кўра, икки ёки ундан кўп жамоанинг очколари тенг келиб қолганда, аввало ўзаро ўйинлардаги натижа инобатга олинади. "Милан" биринчи даврада Пирло жамоасига 1:3 ҳисобида ютқазган бўлса, иккинчи даврада Туринда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу боис, ўзаро ўйиндаги устунлик миланликлар томонида.
"Аталанта" ҳозирда 78 очко тўплаб турганини инобатга олсак, гўёки мавсум сўнгида "Аталанта", Ювентус" ва "Милан" клубларининг очколар тенг келиб қолиши эҳтимоли бордек. Агар шундай бўлса, 3 жамоанинг ўзаро ўйинларидаги устунлик "Аталанта" ва "Ювентус" томонида ("Милан" "Аталанта" билан баҳсда ютқазган, "Юве" эса "Аталанта" билан баҳсларда бир очко тўплаган). Аммо...
Аммо сўнгги турда "Аталанта" ва "Милан" жамоалари ўзаро тўқнаш келишади. Бу эса "кекса синьора"нинг умидларини чиппакка чиқаради. Бу ўйинда "россонери" ғалаба қозонса ёки дуранг ўйнаса, табиийки, А серияда 2-ўринни банд этади. Бергамоликлар ғалаба қозонган тақдирда эса "Ювентус" сўнгги турда "Болонья"ни мағлуб этиб, "Милан"га етиб олиши мумкин, бироқ юқори айтиб ўтганимиздек, ўзаро ўйинга кўра рақибидан ўтиб кета олмайди.
Шу боис, агар Пиоли жамоаси бугун "Кальяри"ни мағлуб этса, Чемпионлар лигаси йўлланмасини нақд қилади. "Ювентус" эса "Наполи"нинг қолган 2та ўйинда очко йўқотишига умид қилади (Неапол шаҳри жамоаси бугун "Фиорентина" билан, сўнгги турда "Верона" билан тўқнаш келади). Акс ҳолда Роналду ва унинг жамоадошлари келгуси мавсумда Европа лигасида иштирок этишга мажбур бўлади.