Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Евро-2020. Англия - Хорватия учрашувида ягона гол ўйин масаласини ҳал қилди

Баҳо:
+ | -

Евро-2020 гуруҳ босқичи 1-тур доирасидаги Англия ҳамда Хорватия терма жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди.

Дастлаб асосий таркиб ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Гарет Саутгейт мазкур ўйин учун 4-3-3 схемасини танлади. Дарвозани «Эвертон» футболчиси Жордан Пикфорд қўриқлади. Марказий ҳимояда Тайрон Мингс ҳамда Жон Стоунз жуфтлиги ишлади. Ўнг қанотда Кайл Уокер ва чап қанотда эса Киран Трипер латерал вазифасини бажаришди.

Таянч ярим ҳимояга Деклан Райс номзоди мос деб кўрилган бўлса, Каллум Филлипс марказда ҳам ҳужумга ҳам ҳимоячиларга ёрдам бериш вазифасини бажарди. Мейсон Маунт эса эркин ижодкор сифатида ўйнаш учун туширилгани маълум бўлди. Раҳим Стерлинг ва Фил Фоден қанотларда анчагаина фаол ҳаракат қилишди. Ҳарри Кейн учун биринчи бўлимда имконият бўлмади. Унга хорватиялик ҳимоячилар жиддий қаршилик кўрсатишди.

Бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсак. Биринчи бўлимнинг илк 10 дақиқасида инглизлар учта хавфли вазият юзага келтиришди. Илк вазият 6-дақиқада Ҳарри Кейннинг марказдан юриши ва ўнг қанотда очиқ турган Фил Фоденга тезкорлик билан етказиб бериши ила бошланди. «Манчестер Сити» вингери бу вазиятда тўпни чапга бироз тўғирлаган ҳолда узоқ бурчакни мўлжалга олди ва Ливакович қўриқлаётган дарвоза тўрига эмас, устунига бориб майдонга қайтди.

Стерлинг ўз қанотидан ёриб кириш учунн бир неча бор уринди ва Мейсон Маунтнинг узатмасидан кейин дарвозага кескин яқинлашиб борди. Зарба бериш палла келганида эса ҳимоячи қаршилик кўрсатишга улгурди. Яна бир вазиятда бурчакдан тўп киритилди ва ҳаводан қайтган тўпни Филипс ерга туширмасдан дарвозага аниқ йўллади. Бу вазиятда эса Ливакович ажойиб сейвни амалга оширди. Биринчи бўлимда деярли бошқа хавфли вазият кузатилгани йўқ.

Хорватиянинг таркиби ҳақида гапирадиган бўлсак, жамоанинг асосий юлдузлари ярим ҳимоячилар ҳисобланишади. Модрич, Брозович, Ковачич. Ҳужумда Перишич, Ребич, Крамарич учлиги туширилди. Ҳимоя чизиғи ЖЧ-2018га нисбатан 50 фоиз янгиланган.

Иккинчи бўлим аввалида Лука Модрич узоқдан Пикфорд дарвозасини ўққа тутди. Кипердан сейв амалга оширилди.

Учрашувнинг 57-дақиқасида Филипснинг марказдан ёриб кириши ва Стерлингга чиройли узатмаси Раҳим дарвозани ишғол этиши билан якунланди. Белса шогирди Стерлингга голни «чайнаб берди» ва «Манчестер Сити» вингери ҳисобни очди — 1:0.

Хорватия голдан кейин босим қилишни бошлади. Инглизларда эса яна бир қулай имконият юзага келди. Чап қанотдан Маунтнинг узатмасини Кейн деярли бўш қолган дарвозага кирита олмади. Бунда тўп ҳаводан ерга бир сапчиб келган ва Ҳаррига ҳимоячи қаршилик кўрсатишда улгуриб бўлганди. Кейн йиқилаётиб зарба берди ва дарвоза устунига бориб урилди. Яхшиямки, жароҳат олмади.

67-дақиқада Мейсон Маунт жаримадан хавфли зарба йўллади. Бироз ноаниқ.

Умуман олганда, Лука Модричга майдон марказида эркин ҳаракат қилиши учун имкон беришмади. Кўп вазиятларда унинг ёнида икки-уч нафар инглиз футболчиси пайдо бўлиб, тўпни олиб қўйишга ҳаракат қилишди ёки қоида бузиш эвазига тўхтатиб қолиш варианти қўлланди.

Матео Ковачич ҳам ҳужумга қўшилиш учун имкони борича ҳаракат қилди. Аммо, тан олиш керак Англия рақиб жамоа футболчиларини қунт билан ўрганиб чиққани яққол кўринди.

70-дақиқада Маркус Решфорд Фоденни алмаштирди. Биласиз, 24 ёшли МЮ ҳужумчиси ўтган мавсумни елкасидаги оғриқ билан ўтказди ва ушбу Евро якунланганидан кейин жарроҳлик столига ётиши маълум қилиб бўлинган эди.

74-дақиқага келиб Стерлинг имкониятни кўкка совурди. Мингс бурчакдан келган узатмани Раҳимга ташлаб берди ва у деярли 11 метр масофадан чап оёғида зарба берди. Ноаниқ.

Марказда Филипс Англия терма жамоасига муносиб футболчи эканлигини намойиш этди. Ҳам ҳужумга қўшилишда, ҳам ҳимоячиларга ёрдам беришда Каллум жуда фойдали ишлади.

Учрашувнинг 82-дақиқасида Ҳарри Кейн ўз ўрнини 18 ёшли хавбек Жуд Белингемга бўшатиб берди.

Хорватларда эса Ребич, Карамарич, Брозович ўрнига Петкович, Брекало, Влашич майдонга туширилди.

Учрашувдаги ягона гол муаллифи Раҳим Стерлинг 90-дақиқада ўрнини Калверт-Люинга бўшатиб берди.

Ўйин 1:0 ҳисобида Англия терма жамоасининг ғалабаси билан якунланди.

Англия – Хорватия 1:0 (0:0, 1:0)
13 июнь, 18:00, «Уэмбли»

Гол: 1:0 – 57 Стерлинг.

Англия – Пикфорд, Уокер, Мингз, Триппьер, Стоунз, Райс, Филлипс, Фоден (Рэшфорд, 71), Маунт, Стерлинг (Калверт-Люин, 90), Кейн (Беллингем, 82).

Хорватия – Ливакович, Гвардиол, Вида, Чалета-Цар, Врсалько, Брозович (Влашич, 70), Ковачич (Пашалич, 85), Перишич, Модрич, Ребич (Петкович, 78), Крамарич (Брекало, 70).

Огоҳлантиришлар: Чалета-Цар (42), Ковачич (48), Фоден (64), Брозович (66).

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 19:52, 13.06.2021.
Ўқилди: 3220 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.