Евро-2020 мусобақасининг гуруҳ босқич иккинчи тур учрашувлари давом этмоқда.
Украина терма жамоаси Евро-2020 гуруҳ босқичининг иккинчи турида Шимолий Македонияга қарши тўқнаш келди ҳамда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Биринчи бўлим Андрей Шевченко шогирдлари устунлигида ўтди ва учрашувнинг 29 ҳамда 34-дақиқаларида Ярмоленко ва Яремчукнинг голлари эвазига 2:0 ҳисобида танаффусга йўл олишди.
Иккинчи бўлимда Шимолий Македония ўйинга қайтди ва 57-дақиқада Алиоскининг голи эвазига ҳисоб қисқарди. Ушбу гол 11 метрли жарима зарбасидан эмас балки, дарвозабон қайтарганидан кейин қайтган тўпга зарба бериш орқали киритилди.
Малиновски ҳам пенальтидан унумли фойдалана олмади. Натижада Евро-2020 мусобақасида амалга оширилган 5та пенальтидан тўрттаси муваффақиятсиз чиқди.
Хойберг, дарвозабон қайтарди (Дания 0:1 Финландия)
Роналду, ГОЛ (Венгрия 0:3 Португалия)
Бэйл, ноаниқ (Туркия 0:2 Уэльс)
Алиоски, дарвозабон қайтарди ва Малиновски, дарвозабон қайтарди (Украина 2:1 Шимолий Македония )
Мазкур учрашувнинг энг яхши футболчиси украинлар сардори Андрей Ярмоленко бўлди.
Учрашувдан кейин терма жамоа бош мураббийлари ва асосий юлдузлар ўз фикрлари билан бўлишишди.
Украина бош мураббийи Андрей Шевченко: Кўпроқ гол уришимиз мумкин эди. Украина бугун ҳужумда жуда яхши ўйнади деб ўйлайман. Бу каби пэрформенс кўрганимдан жуда хурсандман. Аммо энг муҳими, гол ўтказиб юборилганидан кейин ҳам кўпроқ гол уриш истаги билан қаршилик кўрсатдик ва ғалабага ҳақли эришдик.
Баҳс юлдузи Андрей Ярмоленко: Ушбу мукофотни қабул қилганимдан жуда мамнунман. Лекин, бундан ҳам уч очкога эга бўлганимиз мени кўпроқ қувонтирди. Фақат гол ва ассист қайд этадиганларга эътибор қаратмаган бўлардим. Ҳимоя чизиғимизга қаранг. Улар бугун ажойиб ўйин намойиш этишди. Ушбу мукофотни бутун жамоа билан бўлишишни истайман.
Шимолий Македония бош мураббийи Игор Ангеловски: Иккита турли хил бўлим ўтказдик. Иккинчи таймда нима учун Европа чемпионатида эканимиз, жамоада сифат борлиги ва шу ерда бўлишга муносиблигимизни кўрсатдик. Мухлисларнинг олқиши жуда яхши ўйин намойиш этганимизни кўрсатиб беради, аммо якуний натижа қониқарли бўлмагани учун узр сўраймиз.
Шимолий Македония сардори Горан Пандев: Евро мусобақаларида 45 дақиқа яхши ўйин етарли эмас. Иккинчи бўлимда кўрсатган ўйинимизни бутун 90 дақиқада амалга оширишимиз лозим эди. Ўйинни эҳтиёткор бошладик. Танаффусдан олдин гол ўтказиб юбориш вазиятни қийинлаштиради. Мағлуб бўлганимиз учун узр сўрайман. Камида бир очко олишимиз мумкин эди. Фаолиятимизда илк бор бундай ўйинларда ўйнаяпмиз.
Калит статистикалар
Андрей Ярмоленко Европа чемпионатларида киритган иккита голи билан Украина тўпурарлари орасида Андрей Шевченкога етиб олди ва иккита Евро ўйинида гол урган биринчи украиналик футболчига айланди.
Украина Евро мусобақаларининг 8та ўйинининг барчасида дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қола олмади.
Украина Шимолий Македонияга қарши охирги учрашувда ғалаба қозонди - олдинги икки баҳс Евро-2016 саралаши доирасида бўлган (2-0, 1-0).
Андрей Ярмоленко ва Роман Яремчук Украинанинг охирги учта халқаро учрашувида гол уришди.
Шимолий Македония охирги 17 учрашувининг фақатгина биттасида гол ура олмаган.
Қайд этиш керак, иккинчи турдан кейин Украина терма жамоаси футболчилари Андрей Ярмоленко ва Роман Яремчук иккитадан гол ва биттадан ассист қайд этишди.
Украина – Шимолий Македония 2:1 (2:0, 0:1)
17 июнь, 18.00, «Миллий стадион»
Голлар: 1:0 – 29 Ярмоленко, 2:0 – 34 Яремчук, 2:1 – 57 Алиоски.
Украина – Бушан, Забарний, Миколенко, Караваев, Матвиенко, Шапаренко (Сидорчук, 78), Зинченко, Степаненко, Малиновский (Соболь, 90), Ярмоленко (Циганков, 70), Яремчук (Беседин, 70).
Шимолий Македония – Димитриевски, Велкоски (Тричковски, 85), Муслиу, Ристовски, Алиоски, Адеми (Ристевски, 85), Николов (Трайковски, 46), Барди (Аврамовски, 77), Спировски (Чурлинов, 46), Элмаз, Пандев.
Огоҳлантиришлар: Шапаренко (43), Велкоски (59), Аврамовски (83).
Айни вақтда "C" гуруҳида Украина терма жамоасида 3 очко бор, Шимолий Македонияда эса икки турдан кейин очко жамғара олмади. Ҳисобида учтадан очко бўлган Нидерландия ҳамда Австрия терма жамоалари бугун Тошкент вақти билан 00:00да бошланадиган ўйинда тўқнаш келишади.