Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ракурс: Пепе нега ғазабланди? (видео)

Баҳо:
+ | -

Португалия терма жа­моа­си фахрий ҳимоячиси Пепе собиқ клубдоши Карим Бензема голидан кейин бор ғазабини дарвозабон Руи Патри­сиуга сочди, гўё. Супердраматик ўйиннинг энг қизиқарли ҳолати. Хўш, ҳимоячи нега бу қадар қаттиқ ғазабланди?

Португалия - Франция ўйинининг биринчи бўлими охирида Карим Бензема пенальтидан гол ургач, майдонда Пепе ҳаммадан кўпроқ жиғибийрон бўлганини кўпчилик пайқади. У аввалига эҳтимолий «сейв»га умид боғлаб, дарвозабон ҳудудига жон ҳолатда югуриб кирди, кейин аламидан қўлларини ён томонларга ёйиб, «бечора» Руи Патрисиуга эътироз билдирди. Умуман олганда, Пепе энг эътиборли ва дарвозабондан қайтган тўпни узоқлаштириш бўйича мегамутахассис ҳисобланади. Аслида у жарима майдонига Бензема зарба беришидан бироз олдин қадам ташлади. Рефери VAR воситасида бунинг учун футболчини жазолаши ҳам ҳеч гап эмасди.

Пепе ғазабдан сакраб, дарвозабонга савол оҳангида қарамоқда. Бу қаҳр ҳаво ёки бўшлиқ эмас, айнан ўз жамоадошига қаратилган.

Пепе зарба берилишидан олдин Карим Бензема ортида туриб, имо-ишоралар билан дарвозабонга собиқ клубдоши тўпни қайси томонга тепишини кўрсатишга уринмоқда. У Патрисиуга нақ 3 марта «кўрсатма» берди.

Хўш, Пепе нега йўналишни кўрсатишга уринди? Гап шундаки, Бенземада пенальти тепиш масаласида даврийлик бор. Франциялик ҳужумчи 2019 йилнинг октябригача қаторасига 5 марта дарвозабоннинг чап томони, шундан кейин эса кетма-кет 6 бора ўнг тарафга зарба йўллаган. Пепе эса Карим билан «Реал»да узоқ вақт бирга ўйнаган ва уни яхши билади. Эҳтимолки, португалиялик футболчи собиқ клубдоши ўйинларини ҳалигача кузатиб борар...

Битта «нюанс» ҳам бор: Бензема Евро-2020 стартидан олдин, 2 июнь куни Уэльс  термасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида дарвозабоннинг ўнг томонига зарба берди, аммо муваффақиятсиз. Эҳтимол, Патрисиу шуни назарда тутиб, ҳужумчи йўналишни ўзгартиришини тахмин қилгандир. Ҳар ҳолда, унда асос бор эди - аксарият футболчилар пенальти борасида хатодан кейин тўп йўналишини ўзгартирадилар. Аммо Бензема ўзгартирмади, шунчаки, тўпни одатдагидан баландроқ кўтарди.

Пепени ҳам тушуниш керак - унинг тахмини тўғри чиқди, бироқ дарвозабон «кўрсатма»сини инобатга олгани йўқ. Тўғри, португалиялик ҳимоячини қўллаб-қувватлаш мумкин эмас. Зеро, у бундай имо-ишораси билан Патрисиуни чалғитди, холос. Ахир Португалия термасида дарвозабонни барча зарур маълумотлар билан таъминлайдиган махсус таҳлилчи бўлса керак.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:40, 03.07.2021.
Ўқилди: 6095 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.