Шубҳасиз, Евро-2020 сўнгги уч йил ичидаги энг йирик футбол мусобақасидир. Шу сабабли, ушбу турнирнинг бошқа айрим қизиқарли воқеаларга соя солганидан ажабланмасак бўлаверади. Масалан, трансфер ойнаси. Мазкур жараён анчагина қайноқ тарзда бошланди ва у тақвим бўйича атиги июль ойи бошига тўғри келди. Албатта, Евронинг медиа қудратини ҳисобга олган ҳолда ҳам, кўплаб олди-сотдилар эътиборимиздан четда қолмади. Жейдон Санчонинг «Боруссия Дортмунд»дан «Манчестер Юнайтед»га ёки Жоржиньо Вийналдумнинг «Ливерпул»дан «ПСЖ»га ўтиши, «Барселона»нинг Серхио Агуэро ва Мемфис Депайларни текинга қўлга киритиши кабиларни эшитган бўлсангиз керак. Қуйида, шунчаки, назардан четда қолган, лекин анча қизиқарли энг яхши трансферлар бешлигини эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.
5-ўрин. ФРАНСИШКУ ТРИНКАН («Барселона»дан «Вулверхэмптон»га, ижара)
Франсишку Тринкан бир йил олдин Португалиянинг «Брага» клубидан «Барселона»га 31 миллион евро эвазига кўчиб ўтганди. Аммо 21 ёшли истеъдодли вингер дастлабки мавсумида топ-клуб ва топ-чемпионатда иқтидорини тўлиқ намойиш этолмади. Уни камтарроқ клубга ижарага бериш - бу мантиқан тўғри вариант. 5 июль куни «Барселона» Тринканни «Вулверхэмптон»га бир йилга ижарага жўнатганини эълон қилди. Шу билан бирга, «бўрилар» кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқига ҳам эгалар.
Яхши биламизки, «Вулверхэмптон»да португалиялик футболчиларни яхши кўришади. Тринкан жамоадаги тўққизинчи португалиялик бўлди. Тўғри, ушбу анъанани бошлаб берган мураббий энди клубда йўқ. Эшпириту Сантунинг яқинда «Тоттенхэм»ни қўлга олганидан хабарингиз бўлса керак.
Шунга қарамай, Тринканнинг Премьер-лигага мослашиши Испания Ла Лигасидагига қараганда анча тез ва муваффақиятли бўлиши мумкин. Ёш футболчининг ҳаракатларини бирмунча кучайган Европа Лигасида томоша қилиш қизиқарли.
4-ўрин. ЖЕНГИЗ УНДЕР («Рома»дан «Марсел»га, ижара)
Сўнгги пайтларда глобал миқёсда радарлардан ғойиб бўлганига қарамай, Женгиз Ундер ҳали ҳам кучли ва умидвор футболчи ҳисобланади. Чунки турк вингери атиги 23 ёшда. Сўнгги мавсумда у «Лестер» таркибида АПЛнинг атиги 9 учрашувида (259 дақиқа) майдонга тушиб, 2та ассист қайд этди. «Тулкилар»нинг Ундерни сотиб олмасдан «Рома»га қайтарганликлари мантиқан тўғри. Аммо Римда ҳам унга ишонишмади. Бугунги кунда истиқболли лойиҳага эга «Марсел»нинг ижарага олиши анча қизиқарли вариант. Бу орқали Женгиз яна олдинги ҳолатига қайтиши мумкин.
Нима учун ҳозирги «Марсель» қизиқарли лойиҳа? Йўқ деганда, «провансалликлар»нинг янги ажойиб мураббий - Хорхе Сампаолига эга бўлишгани учун. Ундернинг трансферидан ташқари аргентиналик мутахассис яна бир нечта қизиқарли харидларни амалга оширди: «Арсенал»дан Маттео Гендузи, шунингдек, «Рома» дарвозабони Пау Лопес мажбурий сотиб олиш (20та ўйин ўтказган тақдирда) шарти билан ижарага олинди, шунингдек, «Фламенго» марказий ярим ҳимоячиси Жерсон 25 миллион еврога харид қилинди.
Шундай қилиб, Францияда «Марсел»ни, хусусан, Женгиз Ундернинг «еврофутбол етакчилари» тоифасига чиқиш учун иккинчи имкониятдан қандай фойдаланишини диққат билан кузатамиз.
3-ўрин. Хуан Муссо («Удинезе»дан «Аталанта»га, 20 миллион евро)
«Аталанта» жуда қизиқарли трансферни амалга оширди - «Удинезе» дарвозабони Хуан Муссони 20 миллион евро эвазига сотиб олди. Мазкур трансфер нимаси билан қизиқ? Ҳа, ҳеч бўлмаганда, сўнгги 2-3 мавсумда «Аталанта»да дарвозабон энг муаммоли нуқта бўлганлигини келтириш мумкин. 27 ёшли Муссонинг келиши эса бу муаммони ҳал этиш учун яхши чора. Очиғи, бу кипер машҳур ҳам, ўта маҳоратли ҳам эмас. Аммо бу унинг имкониятлари паст эканлигини билдирмайди.
Муссо «Удинезе» таркибида «А» сериянинг уч мавсумида 102та учрашув ўтказишга муваффақ бўлди. Ушбу дарвозабоннинг асосий сифати ўз дарвозаси чизиғида ишончли ўйнашидир. Италия чемпионатида ўтказган уч мавсумининг ҳар бирида у кутилган (Post-shot xG) ва ўтказиб юборилган голлар ўртасидаги фарқ бўйича камида лиганинг энг яхши 8 дарвозабонидан бири бўлди. Бу шуни кўрсатадики, Хуан хавфли вазиятларда жамоасини голдан тез-тез қутқарган ва бир мавсум давомида жамоани камида учта голдан сақлаб қолган. Муссо реакциядан ташқари, қанотдан ошириладиган тўпларга чиқишда ҳам кучли.
Ҳа, лигадаги ички трансфернинг бир қисми сифатида дарвозабон учун 20 миллион евро сарфланишини биз ҳар доим ҳам кузатавермаймиз. Шу сабабли, ушбу трансфер кўп жиҳатдан қизиқарли.
2-ўрин. Николас Гонсалес («Штутгарт»дан «Фиорентина»га, 23 миллион евро)
«А» сериядан яна бир трансфер. Форвард Николас Гонсалес уч йилни «Штутгарт»да ўтказди. Бирини 2-Бундеслигада ўтказган бўлса, яна икки мавсум немис футболи элитасида тўп сурди. Бу даврда у «шваблар» сафида барча мусобақаларда 79 учрашув ўтказиб, 23та гол урган ва 10та голга узатма берган.
Гонсалес кўп қиррали ҳужумчи ҳисобланади. Биринчидан, у қанотдан ҳам (юқори тезлиги шунга имкон беради), марказий ҳужумда ҳам бирдек ўйнай олади. Очилишни ҳам яхши ўзлаштирган - у рақиб дарвозасига тескари турган ҳолатда яхши ишлайди ва жамоавий ўйинга яхши қўшилади, шунингдек, орқа чизиқда ҳам ақлли ва ўз вақтида очилади.
Бундан ташқари, у ижодкор футболчилар сирасига киради, техник фазилатлари юқори даражада. Эпизодларни индивидуал ҳаракатлари орқали ҳал қила оладиган ўйинчи. Яхшигина зарбага ҳам эга, шу жумладан, мураккаб вазиятларда ҳам.
Агар соғлиғи билан боғлиқ муаммоларни ҳал қила олса (жароҳатларга мойилроқ), Николас Гонсалес «Фиорентина» учун ўта муваффақиятли трансфер бўлиши мумкин. У атиги 23 ёшда ва унинг салоҳияти яхши тараққиётга ёрдам беради. Флоренция клуби учун бу жиддий қадам - ҳар бир трансфер ойнасида ҳам бир ўйинчига шунча маблағ сарф қилолмайди.
1-ўрин. Патсон Дакка («РБ Зальцбург»дан «Лестер»га, 30 миллион евро)
Ёзнинг дастлабки ойидаёқ «Лестер» учта трансферни амалга оширишга улгурди. Энг қизиғи эса, 22 ёшли замбиялик марказий ҳужумчи Патсон Дакканинг «РБ Зальцбург»дан нақ 30 миллион евро эвазига олиб келинишидир.
Даккани кўпчилик мухлислар яхши танишмайди, аммо «Ливерпуль» ва «Арсенал»дек грандлар унинг номзодини ўз таркибини кучайтириш учун имкон деб ҳисоблаши кўп нарсадан далолат беради. Шундай бўлсада, ушбу ҳужумчи учун курашда «Лестер»нинг асосий рақиби «РБ Лейпциг» эди. Дарҳақиқат, Дакканинг Германияга бормаганлиги ажабланарли ҳолат.
Дакка тимсолида «Лестер» тўрт мавсум давомида «РБ Зальцбург» сафида барча мусобақаларда 125 учрашувдаги 68та голи билан синовлардан ўтган тўпурарга эга чиқди. Ўтган мавсум Патсон учун айниқса самарали бўлди: 42та ўйинда 34та гол ва 12та голли пас. Бундай кўрсаткичлар унга Австрия Бундеслигасининг энг яхши футболчиси унвонини олишга имкон берди.
Дакка «Лестер» билан 2026 йилгача мўлжалланган шартнома имзолади ва клуб тарихидаги энг қиммат трансферлар рейтингида бешинчи бўлди.
Бонус
«ПСЖ»нинг куни кеча расман эълон қилинган яна бир кучли трансфери - «Интер»дан Ашраф Ҳакимининг олиб келиниши - бу ҳақиқий бонус. Бунга Жанлуижи Доннарумма ва Серхио Рамос, шунингдек, Вийналдум билан аллақачон имзоланган шартнома қўшилади. Бу «ПСЖ» тарихидаги энг кучли трансфер кампаниясими?
Коронавирус балоси бутун дунёни, шу жумладан, футболни ва трансфер ойналари атрофидаги ажиотажга жиддий равишда шикастлади. Аммо 2021 йилнинг ёзи қўрқувга қарамай, фақатгина Евро-2020 туфайли қайнамади, холос. «Кўҳна қитъа» чемпионати якунланди. Энди трансфер бозори янада жонланиши шубҳасиз.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади