Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Рўзиқул Бердиев: «Ўйин борасида футболчиларга эътирозим йўқ»

Баҳо:
+ | -

Coca Cola Суперлига 16-туридан ўрин олган “Насаф” – “Навбаҳор” (0:1) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳам ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

— Ўйлашимча, бугун ёмон ҳаракат қилмадик, лекин омадимиз келмади. Чунки баъзи бир вазиятларда “Навбаҳор” дарвозабони Ўткир Юсупов жуда яхши ўйнади. Ва қарши ҳужумда гол ўтказиб юбордик. Футболчиларимизга ҳам айтдим, ўйин борасида уларга эътирозимиз йўқ, бироқ натижа ёмон бўлди. “Навбаҳор” жамоаси кўп вазият яратмади, фақат ўша биргина ҳолатда узоқдан тепилган тўп дарвоза тўрига бориб тушди, — деди Рўзиқул Бердиев.

— Легионерлар учрашув бошидан майдонга туширилганда, ўйин бошқача бўлмасмиди?

— Уларни иккинчи бўлимда ўйинни кучайтириш мақсадида захирада қолдиргандик. Ҳар икки легионеримиз бугун майдонга тушиб, жамоага ёрдам беришга имкон қадар ҳаракат қилди. Лекин позицион хатолар сабаб гол ўтказиб юбордик. Шунинг учун айтишим мумкин, бугунги учрашув тузган режамизга кўра тўғри давом этаётганди, фақат омадимиз келмади.

— Қизил карточка кўрсатилган вазиятда тўпга дарвозабон Умиджон Эргашев чиқиши керакмасмиди? У футболчининг четлатилишига сабабчи бўлиб қолмадими?

— Йўқ, аввал ўша вазиятни яна бир бор кўриб чиқишимиз керак. Ўйлашимча, ўша ҳолатда Ойбек тўпга биринчи бўлиб етиб бораётгандек эди, балки вазият қизил карточкага тортмасди. Умуман, ўша эпизодни яна бир бор кўриб чиққанимиздан сўнг аниқ фикр билдиришимиз мумкин.

— Эшитишимизча, раҳбарият билан яна келишмовчиликлар юзага келган. Бу ҳам жамоа кайфиятига таъсир қиляптими?

— Тўғрисини айтишим керак, вазият жуда биз кутгандек эмас. Анча муаммоларимиз ечилмаяпти, буни тўғри қабул қилиш керак. Шунинг учун бугунги мағлубиятни ўз бўйнимга олиб, улар билан учрашиб, ўз фикримни билдирмоқчиман, тақдирим ҳақида гаплашмоқчиман. Бу борада яқин кунларда балки эшитарсизлар. Чунки натижа қилиш учун фақат футболчи ва мураббийлар жавобгар бўлмаслиги керак, жамоа бирлашиши лозим. Акс ҳолда, бу ўйинимизда пасайишни юзага келтириши аниқ эди. Балки шунга келаётгандир. Шунинг учун улар билан очиқчасига гаплашмоқчиман.

— Демак, бу нарса ҳам футболчилар руҳий ҳолатига таъсир қилган экан-да?

— Албатта, таъсир қилади. Футболчиларга шунчаки мотивация бериш ҳар доим ҳам самара келтиравермайди. Бу жиддий масала. Жамоани олдинда учта фронтда ўйинлар кутиб турибди. Агар бу нарсалар беэътибор қолаверса, бундан баттар бўлиши ҳам мумкин.

— Муаммо борлигини айтяпсизу, у нимадан иборат эканлигини айтмаяпсиз. Муаммо маблағ масаласидами?

— Ташкилотчилик масаласида. Ойлик маош, мукофот пуллари... Рағбатлантириш, мотивация бериш керак. Бу айтганларим бугунги ўйиндаги мағлубият учун баҳона эмас. Бугун ютқазганимиз фожиа эмас. Биз ҳали ўзимиз қатнашаётган барча турнирларда юқори ўринлар учун курашишимиз мумкин. Лекин ташкилотчилик масаласида эътиборсизлик давом этаверса, бу ўйинимизга салбий таъсир қилиши турган гап. Шунинг учун бу борада гаплашиб оламиз, ўзим учун якуний қарорга келишим ҳам мумкин.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Манба: pfcnavbahor.uz
Киритилди: 22:50, 29.08.2021.
Ўқилди: 3858 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.