Мана, дунёнинг энг зўр лигаси карвони ҳам йўлга чиқди. Барча жамоалар энг яхши ўйинларини намойиш этишлари ва энг юқори натижага эришишлари шарт. Трансферлар, мураббийликдаги ўзгаришлар, кутилмаган потенциал, раҳбарлар, янгилар... Буларнинг барчаси муҳокама қилиниши керак. Шундай қилиб, диққатингизни бир жойга жамланг, чунки Сизни Премьер-лига янги мавсумининг 10та интригаси кутмоқда.
10. «Янгилар» нима каромат кўрсатишади?
Жорий мавсумдан «Брентфорд», «Уотфорд» ва «Норвич» Англиянинг энг кучли 20 клуби қаторини тўлдиришди. «Уотфорд» ва «Норвич» бир йилдаёқ қайтган бўлишса, «Брентфорд» 70} йилдан кейин элитага қайтди.
«Брентфорд»ни даниялик кучли мутахассис - Томас Франк бошқаради. Унинг келиши билан клубда Скандинавия мамлакатларидан кўплаб футболчилар пайдо бўлди. «Асаларилар» Чемпионшипнинг энг ажойиб жамоасига айланишди, бунга жамоа ҳужумчиси Айвен Тони ёрдам берди, у гол } пас тизимида 33 } 10 натижани қайд этди. «Брентфорд»нинг ўйини асосан қанотлардан ташкил этилади ва якуний пасни Айвенга беришдан иборат. Қизиқ, ушбу ўзига хос клуб элитадаги ўрнини сақлай оладими?
«Норвич» билан «Уотфорд» ҳақида ҳам унутманг. Ўтган йили муваффақиятсизликка учраганидан сўнг, жамоалар асосий таркибни сақлаб қолишди ва АПЛга тезда қайтишди. Хўш, элитада ким узоқроқ тура оларкин?
9. Ўртамиёналар орасида энг яхши дарвозабон ким бўлади?
Ўтган мавсум бизга паст ёки ўрта даражадаги клубларда ўйнайдиган кўплаб топ-дарвозабонларни кашф этиб берди. «Вест Бромвич»да Жонстон, «Шеффилд»да «ақлдан озган» Рамсдейл, «Брайтон»да Санчес, «Вулверхэмптон»да Патрисиу, «Ньюкасл»да Дубравка, «Кристал Пэлас»да Гуаита бор эди. Аммо булардан ташқари, икки нафар фантастик дарвозабонлар ҳам бор эдики, уларни эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Булар - Эмилиано Мартинес ва Альфонс Ареола.
Биринчиси бутун фаолиятини «Арсенал»да ўтказди ва бу орада «Ротерхэм»дан тортиб, «Хетафе»гача ижарама-ижара юрди. Аммо аргентиналик кипер учун энг ачинарлиси шундаки, у ҳеч қачон ҳеч қаерда асосий дарвозабонга айланмаган. Мартинес аллақачон 27 ёшни уриб қўйганди ва бутун умрини захирада ўтказишини ҳам тан олганди, лекин кичик бир мўъжиза содир бўлди: Бернд Лено жароҳат олади ва Эмилиано дарвозадан жой олади. Аргентиналик посбон бир нечта ўйинларни юқори савияда ўтказди, шундан сўнг «Астон Вилла»га кўчиб ўтди. У клубнинг асосий ва лигадаги энг яхши дарвозабонларидан бирига айланди. Унинг сейвлари ва ишончли ўйини ҳайратланарли эди. Айтганча, Мартинес Аргентинанинг ғалабаси билан якунланган Америка кубогига борди ва Колумбия билан баҳсда пенальтилар сериясида каромат кўрсатиб, кубокни олишга катта ёрдам берди. Нима ҳам дердик, ундан янги спектакл-ларни кутамиз.
Альфонс Ареола - имконият берилишини сабрсизлик билан кутган «ПСЖ» тарбияланувчиси. Орада «Бастия» ва «Вильяр-реал»га ижарага ҳам берилди. Мавсум-2017|2018дан бошлаб Ареола ниҳоят асосий дарвозабонга айланди. Бу албатта, Кейлор Навас келгунча давом этди. Ареола «ПСЖ»да ҳам, «Реал»да ҳам захирада ўтирди. Ўтган мавсум Альфонс яна ўша - ақл бовар қилмас даражасига кўтарилди. «Фулхэм»да у жамоанинг энг яхши ўйинчисига айланди. Чунки унинг ажабтовур ҳаракатлари туфайли «томорқачилар» Премьер-лигада қолиш учун охиригача курашишди. Ареолани энди «Вест Хэм» ижарага олди. Чунки унга дарвозабон керак эди, ахир Фабианьски энди ёш бола эмасди. Хуллас, энди француз киперидан ажойиб ҳаракатларини кутиб қоламиз.
8. «Брайтон» ўйинчиларининг голлари сони кутилганидек бўладими?
«Брайтон» Англия Премьер-лигаси ўтган мавсумининг энг омадсиз жамоаси бўлди. Грэм Поттер тақдим этган ўйин дадил ва ҳужумкор. «Чайкалар»га кимга қарши ўйнашнинг аҳамияти йўқ эди, хоҳ у «Манчестер Юнайтед» бўлсин, хоҳ «Шеффилд». «Брайтон» тез ҳужум қилади, кучли босим ўтказади ва бутун ўйинни ҳимояда ўтказмайди. Ҳаммаси яхши бўларди, лекин Уэлбек, Мапай, Троссард ва Конноли барча вазиятларни голга айлантира оладиган даражадаги ҳужумчилар сирасидан эмаслиги аниқ. Шундай бўлиб чиқди ҳам: «чайкалар» ғалаба қозониши аниқ туюлган баъзи ўйинларда мағлуб бўлишди.
«Брайтон» кутилган голлар эвазига мавсумни еврокубоклар ҳудудида якунлаши керак эди, аммо, лекин, бироқ... 16-поғона билан чекланишди. Ишонамизки, Поттер ўз ўйинчиларини уйғота олади ва эртак яратишга қодир бўлади, яъни «Брайтон»ни еврокубоклар зонасига тортиб чиқаради. Ўйин бўлса, шунчалик бўларда!
7. Рафа Бенитес «Эвертон»да
«Эвертон»ни топ-клубга айлантириш ҳаракатлари давом этмоқда. Мойес давридан кейин клубда Роберто Мартинес, Рональд Куман, Марко Силва, Сэм Элардайслар ишлашди. 2019 йилда эса жамоага Карло Анчелотти бошчилик қилди. Италиялик мутахассис ортидан Хамес Родригесни судраб келиб, дарҳол янги жамоа туза бошлади. Ўтган мавсумни жамоа максимал очкони қўлга киритган ҳолда ажойиб бошлаганди. Аммо кейин нимадир нотўғри кетди. Клуб атиги 10-ўрин билан кифояланди.
Анчелотти Ливерпулда ўтиришдан чарчади ва «Реал»нинг таклифини қабул қилди. «Эвертон» хўжайинлари янги мураббий борасида яхшилаб ўйладилар ва 2000-йилларда «ирислар»нинг асосий душмани - «Ливерпул»ни муваффақиятли бошқарган Рафаэль Бенитес номзодида тўхташга қарор қилдилар. Испаниялик мутахассис етарли вақт давомида «қулаб тушган учувчи» бўлган. Ҳар ҳолда, Хитой, «Вест Хэм» ва «Наполи»даги муваффақиятсизликларидан кейин шундай ибора ишлатсак хато бўлмас. Ливерпуль клуби раҳбариятининг бошқа вариантлари ҳам аниқ эди, лекин улар тажриба йўлидан боришга қарор қилишди ва бу сифатга кафолат бермайди. Мухлислар танловдан норози бўлишди ва дарҳол испаниялик мураббийни хор қила бошлашди. Буларнинг бари Бенитеснинг муваффақиятсизлигига олиб келиши турган гап. Сиз қандай фикрдасиз?
6. «Манчестер Сити»чемпионликни сақлаб қоладими?
Янги мавсумнинг яна бир қизиқарли интригаси. Пеп Гвардиола яна бир бор «требл» сари интилмоқда, чунки у ўтган мавсумда бу вазифани уддалай олмади - Кубок ва Чемпионлар Лигаси финаллари бой берилди. Аммо барибир, испанияликнинг яна бир бор Европанинг рақобати энг кучли лигасида ғолиб чиқиши жуда ёқимли бўларди.
Қуйидаги футболчилар клубни тарк этишди: Эрик Гарсия ва Агуэро (иккаласи ҳам текинга), Анхелиньо 18, Нмеча 8, Харрисон 12 миллионга. Шу тарзда иш ҳақи жадвалини тушириб, 38 миллионни «тоза» қилиб олишди.
Аммо ёш бразилиялик вингер Кауку ва албатта, Жек Грилиш клубга рекорд даражадаги 115 миллион еврога келган. Грилиш - де Брюйне - Стерлинг - бу ҳужум жуда кучли кўринади. Ҳали Агуэро ўрнига кучли ва тажрибали ҳужумчи олиб келинса, кейин кўраверинг. Чунки Гюндогандан «яширин тўққизлик» ролида фойдаланиш, яъни сохта футбол жонга тегди, Габи Жезус эса асосий ҳужумчи ролига тортмай қўйди. Ҳа, ҳужум марказига буюк Гарри Кейн сўралмоқда. Стерлинг - Бернардо - Маҳрез учлигидан бирини сотиб, инглизларнинг кучли ҳужумчисига кетадиган катта маблағнинг маълум қисмини тўлдириш мумкин. Агар қолган барча ўйинчиларни ушлаб қолишнинг имкони бўлса, «Сити» АПЛ чемпионлигига асосий даъвогар бўлиб қолаверади.
5. Гарри Кейн ўз даражасини сақлаб қоладими?
Ҳозир Кейн инглиз паспортига эга бўлган энг яхши ўйинчилигига шак-шубҳа йўқ. Ўн йилликнинг бошида ёш Гаррига имконият берган «Тоттенхэм» кескин кўтарилиш ва шу заҳоти кескин пасайишга йўлиқди. Клуб бир йил олдин Чемпионлар Лигаси финалида эди, ўтган мавсум эса Европа Лигасида «Динамо Загреб» тўсиғидан ўтолмади.
Бу йиллар давомида Кейн жонажон клубини тинимсиз «судраб» келди. Унинг асосий камчилиги - тезлик, буни эса кучли зарбалари, гол сезиш ва майдонни кўриш қобилияти билан қоплади. Бир неча йиллар давомида инглиз форварди бу кўникмаларни шу қадар ривожлантирдики, у дунёнинг энг яхши марказий ҳужумчиларидан бирига айланди.
Ўтган мавсум Гарри ўзини кўрсатди - АПЛнинг энг яхши тўпурари ва «ассист»ига айланди, Англия терма жамоасини финалгача олиб борди. Барчага энди Кейннинг «Тоттенхэм» даражасидан ошиб кетгани аён бўлди. Дэниэль Леви ҳужумчини сотишга рози бўлди, лекин астрономик сумма - 180 миллион еврога. Ҳужумчига ягона даъвогар юқорида номи келтирилган «Сити» эди. Кейн ҳақиқатан ҳам «шаҳарликлар» сафида бўлишни хоҳламоқда, Леви эса иложи борича кўпроқ пул ишлаб олиш ниятида. Келишув давом этмоқда, лекин ҳозирча Кейнда иккита вариант бор: «Тоттенхэм»да қолиб, тур-ғунликни давом эттириш ёки «Манчестер Сити»га бориб, шахсий мукофотларга эга бўлиш.
Энг афсусланарлиси шундаки, Гаррига деярли ҳеч нарса боғлиқ эмас.
4. «Тоттенхэм»нинг охирги қулашини кўрамизми?
Ҳозир Лондон клуби ниҳоят му-ваффақиятсиз жамоага айланиш арафасида. Ҳаммаси Гарри Кейн атрофида айланмоқда. Агар у қолса, унда мотивация бўлмайди ва унинг нархи икки баравар камаяди, бу клуб учун ҳар жиҳатдан ҳалокатли. Агар у кетса, ўзига яхши бўлади, «Тоттенхэм»га ҳам. Лекин аслида ҳам шундайми? Келинг, иккинчи вариантни кўриб чиқайлик.
Кейн рақобатчилардан бири - «Манчестер Сити»га борди, дейлик. Унинг трансфери учун 150 миллион олинди - бу бир нечта яхши трансферларни амалга ошириш учун яхшигина рақам. Лекин ҳаммамиз Левининг Бэйл учун тўланган пулни қандай бошқарганини яхши эслаймиз. Янги келган 7 кишидан фақат Кристиан Эриксен ўйнаб кетди.
«Тоттенхэм»нинг асосий муаммоси - клуб савиясидир. Тайёр ва юқори ҳужумчиларнинг ҳеч бири агар жиддийроқ бошқа вариантлар бўлса, «шпорлар» сафига ўтишни исташмайди. Яъни, Лукаку ёки Левандовски ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Фақат шартли Габи Жезус кабиларга умид қилиш қолади. Аммо бразилиялик форвардга бўлган ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш керакки, у ҳатто Кейн даражасига ҳам яқин эмас.
Клубга янги мураббий - «бўрилар»ни яхши бошқарган Нуну Санту келди. Ушбу мутахассис 3 нафар марказий ҳимоячи ва ўз қанотларини «ёндириш»га тайёр латераллар асосига қуриладиган футболни хуш кўради.
Фойз, Роуз, Харт, Винисиус, Ламела, Бэйл ва Алдервейрелд жамоани тарк этишди. Трансферлардан Эрик Ламеланинг «Севилья»дан иқтидорли қанот ҳимоячиси Браян Хилга алмаштирилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. «Аталанта»дан дарвозабон Голлини ва «А» сериянинг ўтган мавсумида энг яхши ҳимоячи бўлган Кристиан Ромеро ҳам келди. Кварацхелия-Адам жуфтлигидан бирининг сотиб олинишини ҳам ҳисобга олиш керак.
Хўш, айтинг-чи, Лондон клубини янги мавсумда нима кутмоқда?
3. «Астон Вилла» топ-7га кирадими?
Ҳозирча Англиянинг жорий трансфер ойнаси асосий фаворити - «Астон Вилла». Ўтган мавсум ҳам клуб ёмон кўринмаганди. Ҳатто еврокубокларда қатнашиш учун жиддий курашди. Ўтган ёзда жамоа таркибига бир нечта ажо-йиб футболчилар қўшилишди ва улар кейинчалик мафтункор ўйин кўрсатишди ҳам.
Жорий трансфер ойнасида бирмингемликлар шовқин кўтармоқчи бўлдилар, чунки улар сардор Жек Грилишни 110} миллион еврога сотишди. Бу ўз навбатида жамоани оммавий равишда мустаҳкамлаш учун айни муддао бўлди. Сўнгги мавсумларда «Саутгемп-тон» тўпурари бўлган Дэнни Ингз, «МЮ»нинг ёш ва иқтидорли ҳимоячиси - Аксель Туанзебе келди. Тажрибали Эшли Янг клубга қайтди, у жамоага янада тажриба қўшади. Икки нафар ёрқин вингерлар ҳам келишди: «Норвич»дан Буэндия ва «Байер»дан Бэйли. Бундай клуб учун бундан ортиғи бўлмаса керак.
Энди тахминий таркиб шундай кўриниш олди: Мартинес (дарвозабон), Янг, Мингс, Конса, Кэш, Дуглас Луиз, Макгинн, Бэйли, Буэндия, Уоткинс, Ингз. Бундай композиция АПЛ мухлислари учун, албатта, куч ва қудратни ваъда қила олади. Ўйлашимизча, бирмингемликлар ҳатто кучли олтиликка кира олишади. Гарчи стартдаги икки учрашувдан биттасида мағлубиятга учраган бўлсалар ҳам.
2. Тухель бошқарувидаги «Челси» нималарга қодир?
Томас Тухель - юксак даражадаги мураббий. Лондон клубига ўтишдан олдин немис мутахассиси «Боруссия Дортмунд» ва «ПСЖ»даги конструктив ишлари билан довруқ қозонганди. Унинг асосий муаммоси қизиққон характери эди - Тухель иккала клуб раҳбарияти билан ҳам жанжаллашди.
Шундай қилиб, Томас ўтган мавсум ўрталарида келди. «Челси» максимал даражада ҳужумга ўтди. Турнир жадвалидаги 8-ўрин Лэмпарднинг четлатилишига олиб келди. Кейин нима бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз, албатта.
Лондон клубида фақат битта муаммо бор эди - ҳужумчи. Жиру ва Абрахамлар кетишди, Вернер эса ҳамон юқори даражани кўрсатолмаяпти. Бу муаммони Англия пойтахтига қайтган Ромелу Лукаку ҳал қилиши кутилмоқда. Даставвал бельгиялик суперфорвард Тухелнинг схемасига тўғри келмас экан дейишаётганди, Лукаку эса «Арсенал» билан ўйинда ўз ҳисобига гол ёздириб қўйишга ҳам улгурди...
Томас жамоани мавсумга тайёрлади ва ҳатто Вернернинг ҳам савия кўрсата бошлаши ва ҳужум учлигидан жой олишига ишонч бор.
1. «МЮ» - «Сити»нинг чемпионлик йўлидаги асосий рақобатчисими?
Хўш, энди шубҳасиз бу мавсумнинг асосий интригаси ҳақида. Оле-Гуннар Сульшер «қизил иблислар» бошқарувида ҳали ўзининг дастлабки совринини қўлга кирита олмаган, лекин у янги мавсумда бунга имкон қадар яқин дейиш мумкин. Ҳаммаси шундоқ ҳам кучли таркибга эга «МЮ»нинг марказий ҳимоячи (Рафаэль Варан келди) ва ўнг қанот ярим ҳимоячи (иқтидорли ва етук Жейдон Санчо келди) позицияси мустаҳкамланди.
«Манчестер Юнайтед» энг кучли таркибга эга, чунки ротацияга имкон берадиган, майдонга чиқиб учрашув натижасини ҳал қила оладиган бир талай футболчилари бор: ақлли Бруно Фернандеш, руҳият бахш этадиган Погба, меҳнаткаш Мактоминай каби. Бундай жамоанинг майдон маркази ниҳоятда кучли. Ҳар бир чизиқда максимал ўйинчилар тўплами мавжуд. Клубнинг бу мавсумда ҳеч нарса ютмаслигининг ягона сабаби - мураббий муваффақиятсизлиги.
Агар «Манчестер Юнайтед» бундай таркиб билан чемпионликни қўлга кирита олмаса, норвегиялик мутахассис, афсуски, ишдан бўшатилиши керак бўлади. Ишонч даражаси шундоқ ҳам анча паст.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади