Бир неча кун олдин Европада ёзги трансферлар ойнаси якунланганидан хабарингиз бор.
Мазкур трансфер ойнасида бир қанча топ харидлар амалга оширилди. Масалан, улар орасида Ромелу Лукаку, Жек Грилиш, Жейдон Санчо, Рафаэль Варан, Криштиану Роналду каби футболчилар бор.
Трансфермаркт портали эълон қилган АПЛнинг айни вақтдаги энг қиммат футболчиларидан тузилган рамзий жамоани тақдим этамиз. Мазкур жамоа ҳақиқатан ҳам ЕЧЛда ғалаба қозониш учун асосий фаворитга айланган бўларди.
Дарвозабон: Алиссон Беккер («Ливерпуль»)
Ҳимоаячилар: Александр-Арнольд («Ливерпуль»), Рафаэль Варан ("Манчестер Юнайтед"), Рубен Диаш ("Манчестер Сити"), Энди Робертсон («Ливерпуль»)
Ярим ҳимоячилар: Кевин де Брюйне ("Манчестер Сити"), Бруну Фернандеш ("Манчестер Юнайтед"), Жейдон Санчо ("Манчестер Юнайтед"), Муҳаммад Салаҳ («Ливерпуль»)
Ҳужумчилар: Ромелу Лукаку («Челси»), Харри Кейн («Тоттенхем»)
Дарвозада «Ливерпуль» посбони Алиссон Беккер. Айни вақтда унинг трансфер баҳоси 60 млн еврони ташкил этади. Бразилиялик охирги уч мавсумдан бери юқори формада ўйнаб келмоқда ва жорий йилда ҳам ўз маҳоратини кўрсата олишига шубҳа йўқ.
Ҳимоя чизиғидан икки нафар «Ливерпуль» аъзоси ва Манчестернинг икки клубидан футболчилар ўрин олишган. Доимгидек Арнольд ва Робертсон АПЛнинг энг қиммат ва самарали латераллари бўлиб туришибди. Мазкур футболчиларнинг трансфер қийматлари мос равишда 75 ва 65 млн еврога тенг. Ўтган мавсум "Манчестер Сити"га қўшилган Рубен Диаш (75 млн евро) ҳамда ёзги трансферлар ойнасида МЮ га ўтган Рафаэль Варандан (70 млн) ташкил топган жуфтлик АПЛнинг энг қиммат марказий чизиғи сифатида баҳоланди.
Ярим ҳимоя чизиғи ҳам супер даражада кучли. Кевин де Брюйне ва Бруно Фернандеш марказдан туриб ҳужумларни шакллантириш ва шерикларини тўп билан таъминлаш бўйича ўз ишларининг усталари ҳисобланишади. Муҳаммад Салаҳ ва Жейдон Санчо қанотлардан ҳужумларни ривожлантириш ва давом эттиришади. Мазкур футболчилар бир жамоага йиғилса ҳақиқатан ҳам даҳшатли таркиб ҳосил бўлади.
Ҳужум чизиғидан икки нафар тўпурар ўйинчилар жой олишган. Ёзги трансферлар ойнасида ўзининг собиқ клубига қайтган Ромелу Лукаку ўтган мавсумни «Интер»да юқори даражада ўтказди. Шу тарифни «Тоттенхем» юлдузи Харри Кейнга нисбатан ҳам ишлатиш мумкин. У нафақат тўпурар, балки АПЛнинг ўтган мавсумдаги энг яхши ассистенти бўлди. Янги мавсумни "Манчестер Сити"да бошлаши кутилган англияликни «шпорлар» раҳбарияти қўйиб юбормади. Кейн ва Лукаку тандеми исталган ҳимоя чизиғи вакилларини шошириб қўйиши мумкин. Уларнинг иккаласини нархи 220 млн еврони ташкил этмоқда.