Тарихдаги бошқа Жаҳон кубокларидан фарқли равишда келаётган мусобақа қишда ўтказилишидан хабарингиз бор. 2022 йилги турнирнинг вақти ўзгартирилишига асосий сабаб қилиб, ўтказиладиган жой – Қатар иқлимининг ўзгача эканлиги келтирилади. Яъни Қатар, умуман Арабистон ярим оролида жойлашган мамлакатларнинг ёзи ўта иссиқ келиши сабаб, бу мавсумда футбол ўйнаш катта ноқулайликлар келтириб чиқаради. Шу нуқтайи назардан янги Жаҳон чемпионати ноябрь ойининг ярмида старт олиб, то декабрь ярмигача давом этишига келишилди. Ҳа, бу вақт Қатарда футбол учун қулайдир. Аммо айнан мана шу пайтда Европада, хусусан Англияда ички чемпионат қизғин палласига кирган бўлади. Хўш, унда нима бўлади, қандай йўл тутилади? Қуйида мана шу саволга жавоб олишингиз мумкин.
Кейинги йилги жаҳон чемпионати муносабати билан Англия футболини тақвимлашда бир қатор ўзгаришлар қилинади. Хусусан, Англия кубоги финали ҳар доимгидан анча кеч, 3 июнь кунига белгиланади. АПЛ клублари Қатардаги мундиал сабаб 2022 йилнинг 13 ноябрьидан то Янги йил олдидан ўтказиладиган Боксинг дей кунларига қадар 6 ҳафталик дам олишга чиқишади. Бу эса Лондондаги барча ПЛ жамоалари йиғилиши олдидан клубларга тақвим зичлигининг тўлиқ оқибатларини очиб беради. АПЛ кейинги мавсумда ўз одатий вақтидан 1 ҳафта олдин, 6 августда бошланади. Бунда клублар август сўнгида, трансферлар ойнаси ёпилишидан олдин ҳафта ўртасида ҳамда октябрь ойида 5 тадан кўп ўйин ўтказилиши белгиланган.
УЕФА эса ўзининг ҳар учта (ЕЧЛ, ЕЛ, ЕКЛ) турнирининг гуруҳ босқич, 6 та турини Жаҳон чемпионати бошланишидан илгари (13 ноябрдан олдин) якунлашни режа қилмоқда. Шунингдек, Англия лига кубогидаги 16 талик учрашувлар ҳам 26 декабрьга қадар (АПЛ қайтгунгача) ўйналиши керак. Ушбу мусобақанинг 4 раунди 18 декабрь(Жаҳон кубоги финали) ҳамда 26 декабрь(АПЛ рестарти) оралиғида ўтказилиши белгиланди. Шунга қарамай, Европанинг гигант жамоалари Янги йил арафасидаги Боксинг дейдан то мавсум охиригача кубок ўйинларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда 40 тагача учрашув ўтказишига тўғри келмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, АПЛда турнир давомийлиги май ойининг сўнгги якшанбасига қадар, яъни яна 1 ҳафтага узайтирилади. Англия кубоги финали эса 3 июнь куни, ЕЧЛнинг Истанбулдаги ҳал қилувчи ўйини(10 июнь)дан бир ҳафта олдин ўтказилиши белгиланган.
Ушбу ўзгаришлар фонида тақвимнинг бундай тузилишидан келиб чиқиб, клублар санкцияларга дуч келиши мумкин. Негаки, бундай ўзгаришлар клублар раҳбариятини жаҳлини чиқармоқда. Баъзилари эса, ҳатто жазога тортилишидан қўрқмаяпти ҳам. Баъзилар эса буни нотўғри жараён деб ҳисоблашади. Хафсаласизликларга қарамай, клуб раҳбарлари ушбу таклифга рози бўлмасдан бошқа иложи йўқ эканини билади. Чунки Суперлига машмашасидан кўплар ўзи учун хулоса олган. Шундай экан, клублар томонидан билдирилаётган эътирозлар ва кўтарилган муаммолар тўғри ҳал қилиниши лозим. Биз эса воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси