Италия чемпионатида яна учта ўйин бўлиб ўтди ва тур ўйинлари якунланди. Бугуннинг марказий ўйини Неаполда бўлиб ўтди, дейиш мумкин.
Ҳафта ўртасида “Челси”ни қабул қилган “Наполи”нинг навбатдаги “ўлжаси” “Интер” бўлди. Умуман миланликларни “ўлжа”дан кўра, “манекен”га ўхшатиш анча мосроқ бўларди. Бугунги мағлубият Раньери шогирдлари учун кетма кет бешинчисидир. Барча турнирлардаги ғалабасиз серия эса 8 тага етди. “Интер” охирги марта 22 январь куни “Лацио” устидан ғалаба қозонганди.
Ўйин томонларнинг катта ташаббусида деб айтиш қийин. Лекин мезбонлар кўпроқ ҳужум қилдилар ва вазиятлар ҳам етарли бўлди. Айниқса, Лавесси ҳужумда актив ҳаракат қилди ва Ҳамшикнинг йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қилди. Ягона гол ҳам айнан ушбу ҳужумчи ҳисобига ёзилди. Ўйин тугашига ўн дақиқа қолганда мезбонлар бир киши кам қолишган бўлсалар-да, ғалабани ушлаб қолдилар.
Учинчи ўринда бораётган “Удинезе” жамоаси эса Ди Наталенинг қайтишини ғалаба билан ювди. Аниқроғи, Ди Наталенинг ўзи байрамни бошлаб берди. Унинг пенальтидан киритган голидан сўнг ҳисобда олдинга чиқб олган меҳмонлар устунликни қўлдан бермадилар. Аввалига Баста, кейин унинг тўп оширишидан сўнг Флорес гол муаллифига айландилар.
НАПОЛИ – ИНТЕР 1:0 (0:0)
Гол: Лавесси (59).
НАПОЛИ: Де Санктис, Суньига, П.Каннаваро, Кампаньяро, Ароника, Гаргано, Жемаили (Доссена, 89), Инлер, Мажжо, Лавесси (Бритос, 82), Кавани.
ИНТЕР: Жулио Сезар, Фараони, Самуэль, Лусио, Нагатомо, Х. Дзанетти, Камбьяссо, Станкович (Поли, 66), Снейдер (Паццини, 46), Форлан (Кордоба, 46), Милито.
Огоҳлантиришлар: Нагатомо (13), Гаргано (19), Милито (45), Кордоба (67), Фараони (70), Поли (77).
Четлатиш: Ароника (79).
ЛАЦИО – ФИОРЕНТИНА 1:0 (1:0)
Гол: Клозе (36).
БОЛОНЬЯ – УДИНЕЗЕ 1:3 (0:1)
Голлар: Коне (81) - Ди Натале (38, пенальтидан), Баста (56), Флоро Флорес (84).