Флорентино Перес «Реал Мадрид» молиявий жиҳатдан рақобатбардош бўлишини таъминлаш учун бор имкониятини ишга солади ва янги «Бернабеу» клуб президенти меросининг жавоҳирига айланади. Функционер стадионни таъмирлаш орқали «Қироллик клуби»нинг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини таъминлашда ёрдамлашади. El Confidencial хабарига кўра, Перес стадиондаги «спортга хос бўлмаган фаолият»ни - концерт, кўргазмалар, модалар намойиш ва шу каби бошқа тадбирлар учун 400 миллион еврога сотишни режалаштирмоқда.
Келишув Американинг тўғридан-тўғри инвестициялар фонди билан тузилди. Операцияни Флорентино билан узоқ йиллик ҳамкорлик тарихига эга Испания инвестицион фирмаси - Key Capital компанияси бошқариб, тавсия қилди. Key Capital Европа Суперлигаси молиялаштирилишини таъминлашда қатнашди ва янги «Сантьяго Бернабеу»нинг реконструкциясида шериклик қилди. The Athletic маълумотига кўра, Европа Суперлигаси бош котиби бўлишга тайёрлигини билдирган франциялик бизнесмен Анас Лаграри ҳам Key Capital ҳамкори саналади. Лаграри - 1980-йиллардаги бизнес, аниқроғи, ACS (Флорентинонинг қурилиш компанияси) лойиҳаси бўйича бирга ишлаган Переснинг собиқ ҳамкасбининг ўғли.
400 миллион евро миқдоридаги инвестиция Америка компанияси томонидан аванс тарзида бериладими ёки бир неча йил давомида бўлиб-бўлиб тўланадими, ҳозирча номаълум. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, бу бевосита клубга пул оқимини яхшилайди. «Реал» ушбу капитал натижасида футболчилар сотиб олиш, ходимлар харажати, бошқа янги фаолият ва маъмурий сарфларни қоплаш бўйича ҳолатини анча яхшилаб олади.
Клуб Американинг Legends International компанияси билан шартнома имзолашга ҳам улгурди, ушбу ҳамкор чакана ва рақамли стратегияни назорат қилади, «Сантьяго Бернабеу» реконструкцияси доирасида клубнинг янги дўконини очади. Legends бунгача «Нью-Йорк Янкиз» ва «Даллас Ковбойс» жамоалари билан ишлаган ва олдинроқ AirBnB инвесторларидан бирига айланган Sixth Street инвестицион компаниясига тегишли. «Реал Мадрид» ҳам, Legends ҳам ушбу ҳамкорлик орқали мухлислар учун инновацион, даромадли ва мақсадли маҳсулот яратишни ўйлашмоқда. Клубнинг янги стадион бўйича асосий мақсадларидан бири - истеъмолчиларни жалб этадиган ва одатий ўйинлардан ташқари даромад келтириши мумкин бўлган маҳсулот ташкил этиш.
Legends International билан ҳамкорликка қўшимча тарзда клуб ҳомийлик ҳуқуқларининг маълум қисмини Американинг Providence акциядорлик компаниясига сотди, эвазига кейинги тўрт мавсум учун 200 миллион евро олади. Агар ушбу келишувлар J.P. Morgan ва «Реал Мадрид» ўртасидаги стадион реконструкциясини молиялаштириш шартлари билан бирлаштирилса, клубнинг шериклик муносабатларини яхшилаш, барқарор пул оқимини таъминлайдиган шартномалар имзоланиши бўйича стратегик иттифоқчилар билан улкан ишларни амалга оширгани ойдинлашади. Камсонли клублар, айниқса, давлат структураларига тегишли бўлмаганларгина COVID-19 пандемиясидан «Реал Мадрид» каби куч тўплаган ҳолда чиқишлари мумкин.
Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади