Бугунги кунда ўз ҳимоячиларининг фантастик ўйини орқали кўпчиликни қоил қолдираётган Томас Тухелнинг сири нимада? Уни қуйидаги мақола орқали таҳлил қилиб кўрамиз.
Дунёдаги энг кучли ҳимоя
Томас Тухель қўл остида "аристократлар" ривожланишда давом этмоқда. Ўтган мавсумнинг ўзидаёқ немис мураббийи тактик мослашувчанликни жамоасининг энг кучли томонига айлантирган бўлса-да, жорий мавсум мутахассис бу мослашувчанликни янги босқичга олиб чиқди.
Ажабланарлиси шундаки, ҳозирда ўз жамоасида бир нечта дунёнинг топ ҳужумчиларни жамлаганган клубда энг сермаҳсул футболчилар ҳимоячилар ҳисобланади. Эътибор беринг, лондонликларнинг жорий мавсумдаги 31 голидан 13 тасини орқа чизиқ вакиллари киритган, олдинги чизиқ вакиллари эса бор йўғи 9 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилган. Бундан ташқари, "аристократлар"нинг голеадор ҳимоячилари АПЛ нинг жорий мавсумида 6 клубданда кўпроқ гол урганлигини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.
Айтганча, ҳозирда ҳимоячилар ўйиндаги асосий вазифаларини ҳам қоилмақом қилиб бажариб келишмоқда. Шу кунга қадар, "Челси" Европанинг топ-5 чемпионатларида энг кам гол ўтказаётгани таҳсинга сазовор. Улар чемпионатда ўтказилган 13 ўйинда фақатгина 5 бор тўп ўтказиб юборишган. Бу ўртача бир ўйинда – 0,38 гол дегани.
Жеймс – "Челси"нинг янги етакчиси
Ўтган мавсум Лондон жамоаси сафида Курт Зума бошқа ҳимоячилар фонида яққол ажралиб турган бўлса, ҳозирда бу чизиқдаги бош қаҳрамон Рис Жеймс ҳисобланади. 22 ёшли ингилиз футболчиси сўнгги ойларда ақл бовар қилмас спорт формасига кириб олди. Қизиғи шундаки, у ҳозирда "Челси" таркибидаги энг сермаҳсул футболчидир. Таркибида Лукаку, Хаверц, Вернер каби юлдузларга эга жамоа учун бу вазият ҳайратланарди. Юқоридаги учлик жорий мавсум умумий ҳисобда 1723 дақиқа майдонда ҳаракат қилди ва "гол+пас" тизимида атиги 7 очко тўплашди. Жеймс эса улардан уч баравар камроқ вақт ичида (640) 8 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилди.
Шунингдек, Жеймс ҳозиргача Премьер-лиганинг энг фойдали ҳимоячисидир. У "гол+пас" тизими бўйича "Ливерпуль"даги машҳур ҳамюрти – Трент Александр-Арнольд билан тенглашиб олиш билан бирга яна бир муҳим статистика борасида ундан ўзиб кетди. Яъни, Жеймс ўзининг иштирокидаги рақиб дарвозасига зарба билан якунландиган эпидзодларда иштирок этиш борасида пешқадам.
Тухелнинг сири нимада?
Лондон клубидаги деярли ҳар бир футболчи энди ўз голлари билан мақтаниши мумкин. Маркос Алонсо, Тиаго Силва, Антонио Рюдигер, Тревор Чалоба, Бен Чилуэлл ва Рис Жеймс ҳисобида АПЛда камида биттадан гол бор. Ҳозиргача фақатгина жамоа сардори Сезар Аспиликуэта мусобақада гол киритмаган, аммо унинг ҳисобида ҳам аллақачон икки голли узатма мавжуд.
Бундай натижалар биринчи навбатда Томас Тухель тактик тизимининг умумий универсаллигини акс эттиради. Ҳозирда Премьер-лиганинг бошқа ҳеч бир клубида бунчалик узун ва хилма-хил тўпурарлар рўйхати йўқ. Ҳаттоки Гвардиоланинг "Ман Сити"си ҳам ўзининг янгиланган тотал футбол услубига эга. Умумий ҳисобда, "аристократлар"нинг 15 футболчиси жорий мавсум гол уришга улгурди, бу дарвозабонни ҳисобга олмасак бир яримта таркиб дегани.
Немис мутахассиси ҳимоячиларни ҳужумчи деб аташ кераклиги ҳақида бир неча бор айтиб ўтган – бу ҳазил ёки муболаға эмас. Бугунги "Челси"нинг ўйинида Алонсо ва Жеймс каби футболчилар ҳимоявий ўйиндан кўра ҳужумкор ўйинга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Шу маънода лондонликларнинг ҳозирги қанот чизиғи аввалги мавсумларда "Ливерпуль" сафида порлаган Александр-Арнольд ва Робертсон жуфтлигини эслатиб юбормоқда.
Нафақат ҳимоячилар, балки ҳужумчилар ҳам мунтазам гол уришни бошласа, "Челси" қандай кучга эга бўлишини тасаввур қилиб кўринг!!! Ҳўш, Тухель ушбу самарадорликни қай вақтга қадар сақлаб қолади? Буни вақт кўрсатади.