"Барселона" ҳужумчиси Серхио Агуэрониг кардиологи Роберто Пейдро аргентиналик футболчининг юрагида қандай муаммолар кузатилганига изоҳ берди. Эслатиб ўтамиз, 33 ёшли ўйинчи кеча фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
"2004 йилда биз ундаги юрак уриши ритмининг ўзгаришини даволагандик. Шунга қарамай, у 17 йил футбол ўйнади. Бу сафар эса ўша касалликка алоқаси бўлмаган бошқа муаммо юзага чиқди. Шунингдек, бу коронавирус ёки вакцинацияга боғлиқ эмас.
Агуэрода юзага келган бу галги аритмиянинг сабаби аниқ эмас. Унинг юрагида кичик чандиқ пайдо бўлган, бу эса аритмияга олиб келган. Учрашув пайтида эса тахикардия рўй берди. Назаримда, унинг ҳаётида қачондир кичик миокардит юз берган. Ўшандан бир миллиметрли чандиғ қолган. Гап ковидда эмас.
Агар у 23 ёшда бўлганида, уч ой кутиб, сўнгра тиббий текширувдан ўтказишимиз мумкин эди. Аммо ҳозир бундай қилишдан маъно йўқ. Энг яхши қарор — футболчиликни тамомлаш. У маслаҳатимизга амал қилди.
У дўстлари билан футбол ўйнаса, муаммо юз бермайди. У юқори юклама остида тестдан ўтди ва юрак уришида муаммо рўй бермади", – деди шифокор.