Кириш Регистрация
06/07 00:00 Португалия 0-0 Франция
06/07 06:00 Венесуэла 1-1 Канада
06/07 21:00 Англия 1-1 Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия 2-1 Туркия
07/07 03:00 Колумбия - Панама
07/07 06:00 Уругвай - Бразилия

“Атлетико” ёмон натижа кўрсатмоқда. Симеоненинг эртаги тугадими?

Баҳо:
+ | -

Сўнгги йилларда футбол мухлислари “Атлетико Мадрид”нинг топ-клуб даражасида ўйнашига ўрганиб қолишди. Клуб барқарор равишда Чемпионлар лигаси плей-оффнинг юқори босқичларига чиқмоқда ва Испанияда сўнгги 8 йил ичида жамоа икки марта - 2014 ва 2021 йилларда чемпион бўлди. Клуб барча ютуқларга 2011 йилда “матрасчилар” лагерига келган Диего Симеоне бошчилигида эришган. Аммо бу мавсумда “Атлетико” мухлисларни одатдаги ўйини билан хурсанд қилмаяпти: жамоа Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига йўл олди, аммо улар Ла Лигада қониқарли натида кўрсата олмаяпти ва турнир жадвалида бешинчи ўринда кетмоқда. “Атлетико” учун сўнгги омадсиз натижа “Севилья”дан учралган мағлубият бўлиб, жамоани пешқадам “Реал”дан 10 очко узоқлаштириб юборди. Сўнгги натижаларни ҳисобга олсак, Диего Симеоненинг истеъфоси ҳақида гап-сўзлар тобора кўпайиб бормоқда. “Stadion.uz” нашри “Атлетико” раҳбарияти нима учун шу пайтгача бош мураббийни ишдан бўшатмагани ҳақида бироз фикр юритади.

 

Симеоне – “Атлетико” бренди

Узоқ ҳамкорлик давридан сўнг Симеоне ва “Атлетико” сўзи деярли синонимга айланиб қолди. Бирини иккинчисисиз тасаввур қилиб бўлмайди ва аксинча. Айнан шу мураббий раҳбарлигида “матрасчилар” ўзларининг энг юқори ютуқларига эришдилар, шунинг учун Симеоне номи беихтиёр “Атлетико” билан боғлиқ. Диего ҳозиргача оммавий ахборот воситаларида  энг машҳур мураббийларидан бири, шунинг учун уни маълум бир бренд деб аташ мумкин. “Атлетико” мухлислар орасида клубни машҳурлигини оширишга ҳисса қўшадиган бундай “бренд”ни йўқотишни хоҳламаса керак. Яна шуни ҳам унутмангки, Симеоне “матрасчилар” мухлисларини жуда яхши кўради, бу албатта клуб бошқаруви учун муҳим омил ҳисобланади. Ҳеч ким ўз мухлислари билан жанжаллашишни хоҳламайди.

 

“Атлетико” - Диегонинг асари

“Атлетико” соф мураббийлар жамоаси десак, бундан ҳеч ким ҳафа бўлмаса керак, деб ўйлайман. “Матрасчилар” деярли импровизациясиз ўйнашади. Симеоне ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида жамоага аниқ ўйин тизимини сингдирди. Тартиб-интизом ва чидамлилик Симеоненинг иккита асосий қуроли бўлиб, бу кўпинча кучли рақибларга қарши ўйинда иш беради. Ҳа, кимдир Диегони ўта прагматиклиги учун қоралайди, унинг тактикасини кўринмас автобус деб таърифлайди, аммо бундай стратегия ўз натижасини беради. Ҳимоячиларнинг тартибли ўйини ва тезкор қарши ҳужумлар рақиб футболчиларига катта қийинчиликлар туғдиради. Қолаверса, Симеонеда ҳеч қачон Хави, Модрич ва Де Брюйне каби топ креатив футболчилар бўлмаган. Айнан шу тактика туфайли Диего “Атлетико”ни ҳар қандай гигант жамоага қарши кураша оладиган топ-клубга айлантирди.

 

Симеонега имкон бериш керак

2012/13 йилги мавсумдан бери “Атлетико” икки марта Ла Лига чемпионлигини қўлга киритди ва ҳеч қачон медалдан қуруқ қолмаган. Чемпионлар лигасида жамоа икки марта финалга чиқди. 2018 йилда “матрасчилар” Европа лигаси соҳибига айланишди, ўша йили Симеоне жамоаси УЕФА Суперкубогини ҳам қўлга киритди. Айтганча, “Атлетико” 2012 йилда ҳам Суперкубокни қўлга киритган. Маълум бўлишича, Симеоне билан Мадрид клуби тандеми барқарорлик борасида кўплаб жамоалардан яхшироқ натижа кўрсатган. Тўғри, бу мавсум жамоа яхши ўйин кўрсатмаяпти, аммо мавсум ҳали тугамаган. Албатта, Ла Лига турнир жадвалидаги бешинчи ўрин “Атлетико” учун якуний ўрин бўлмайди. Симеоне жамоаси Испания чемпионатини яна медаллар билан якунласа, ҳеч кимни ажаблантирмайди. Қолаверса, “матрасчилар” қийинчилик билан амалга оширган бўлса-да, Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичига чиқишга муваффақ бўлди. Диего Симеоне жамоаси ҳар қандай рақиб учун жуда ноқулай, шунинг учун плей-офф формати “Атлетико”га тўғри келади. Жамоа беқарор МЮ тўсиғидан ўтиши мумкин. Эҳтимол, мавсум охиригача ҳаммаси озми-кўпми ўз жойига тушиб қолар, шунинг учун ҳозирча Диего Симеонега вазиятни тўғирлаш учун вақт бериш керак ва у буни қандай қилишни билади.

 

Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади

Манба: stadion.uz
Киритилди: 14:26, 20.12.2021.
Ўқилди: 3318 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.