Санкт-Петербургнинг “Зенит” клубининг эронлик ҳужумчиси Сердар Азмун “Лион”га ўтишга рози бўлгани ҳақидаги маълумотни рад этди.
“Сўнгги пайтларда ОАВда ёлғон маълумотлар пайдо бўлмоқда. Менга қайси клублар қизиқаётганини айта олардим, лекин улар мени шундай тушунмасликлари мумкин. Онам Франциядан менга уй қидирмаган, бу ҳақиқат эмас. Ўша пайтда у Эронда эди”, - дейди Азмун “Mehr News” нашрига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, 27 ёшли Азмуннинг “Зенит” билан шартномаси 2022 йилнинг ёзида якунига етади. Шундай қилиб, олти ойдан сўнг у клубдан текинга кетиши мумкин. Форвардга “Лион”, “Интер” ва “Ньюкасл” клублари қизиқиш билдирмоқда.
Жорий мавсумда Азмун “Зенит” сафида барча турнирларда 21 та ўйин ўтказиб, 10 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди.