Кристиан Эриксен DR Sporten нашрига берган интервьюсида биринчи марта «Паркен» стадионида ўзи билан юз берган ўша қалтис ҳолатдан кейин қандай ҳолатга тушгани ҳақида гапирди. Эслатиш керак, Евро-2020дан ўрин олган ўйин вақти даниялик ярим ҳимоячи юраги бир зум тўхтаб қолганди. Ўша лаҳзаларда «динамитлар» етакчисига жойида кўрсатилган сифатли тиббий ёрдам қўл келгани рост, яна бутун футбол оммаси унга боғлиқ ижобий хабар кутгани ҳам. Кейинчалик Эриксенга катта спортдан кетиш эҳтимоли хавф солди, муҳими, шифокорлар замонавий технологиялар ёрдамидаги муолажалар якунида унинг футболга қайтишига рухсат беришди. Хуллас, Кристиан энди 2022 йили майдонда кўриниш беришдан умидвор. Тўғри, ҳозирча қайси клубда ўйнаши масаласида гапиришга шошилмаяпти. Дарвоқе, Эриксен 2021 йил охирида «Интер»дан кетишга мажбур бўлди, чунки Италияда юрак стимулятори билан ўйнаш тақиқланади...
Миннатдорчилик туйғуси
- Биламан, оғир дамларда кўпчилик мени қўллаб-қувватлади, аммо ҳаммага ҳам миннатдорчилик билдиролмадим. Фақат шифокорлар, футболчилар, терма жамоа ходимлари ва яқинларимга раҳмат айтдим. Қисқаси, тор доирадаги кишилар билан кўришиб, уларга миннатдорчилик изҳор этдим. Афсуски, ижтимоий тармоқлар орқали тинимсиз хабарлар юборган мухлислар билан учрашиш имконияти йўқ. Шунингдек, манзилимга беҳисоб гуллар юборишди, Италия ва Дания кўчаларида одамлар бирдек саломатлик тилашди. Энди барчага кучли эътибор ва ғамхўрлик учун раҳмат айтмоқчиман. Тўғриси, шунчалик кўп киши мен учун қайғуриши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмагандим. Барчаси учун чексиз ташаккур!
5 дақиқалик ўлим...
- Ўша лаҳзалар стадионда ўтирган одамлар йиғлашди, умуман, лавҳани қаерда кўрсалар, кўзларига ёш олишди. Мана, тақдир тақозоси билан бугун шу ерда ўтириб, ҳаммага раҳмат йўллаяпман, бундан бениҳоя бахтиёрман, албатта. Тўғри, мухлислар ўша лаҳзаларни эмас, ўйин давомида майдонда бажарган ишларимни муҳокама қилишларини истардим. Аммо шундай бўлиб чиқдики, чамаси 5 дақиқага ўлдим ва шу онлар Евро-2020нинг энг эсда қоларли лавҳаларидан бирига айланди. Ўзимга келгач, бошида нималар юз берганини тушунганим йўқ. Кейинроқ барчасини англадим ва бутун вужудимни қандайдир туйғу қуршаб олди. Ахир етти ёт бегоналарнинг ҳам сендан хавотирланишганини билиш... Ҳозиргача хат ёзиб, ҳол сўраб туришибди. Барчага ақл бовар қилмас даражадаги тезкорлик учун яна бир бора раҳмат.
Футболга муҳаббат
- Албатта, ҳали футболда қолишни хоҳлайман, чекиниш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Ҳа, турли миш-мишлар бор, айримлар фаолиятимни тугатишим кераклиги ҳақида кўп гапиришяпти. Лекин ўйлашимча, кетиш унча тўғри қадам эмас. Чунки қалбим нима истаётганини яхши биламан: футболда қолиб, ўйнашда давом этишим керак. Ўшандан буён юрагим ҳар томонлама синовдан ўтказилди ва ҳеч қандай муаммо кузатилмади. Қисқаси, ўйнашга тайёрлигимни биламан, бунда хавф сезаётганим йўқ. Шифокорлар ҳам профессионал спорт билан бемалол шуғулланишим мумкинлиги, бу саломатлигимга путур етказмаслигини айтишди.
Қатар-2022 мундиали
орзуси
- Мақсадим - Қатарда ўтказиладиган ЖЧда иштирок этиш. Агар ҳаммаси режадагидек ривожланса, терма жамоага қайтишим мумкин. Мен учун бугунги асосий мотивация - шу. Тушунаман, олдинга битта-битта қадам ташлаш керак. Яъни аввало, клуб миқёсида ўзимни ўнглашим талаб этилади. Шундан кейингина терма жамоадан чақирув келишига умид боғлашим мумкин. Муҳими, бу иш қўлимдан келишига шубҳаланмайман. Оддий айтганда, терма жамоада ўйнашга яна тайёр бўла олишимни ҳис қиляпман.
Илк марта клубсиз қолиш
- Ҳа, фаолиятим давомида биринчи марта ишсиз қолдим. Лекин анчадан буён якка тартибда шуғулланяпман. Афсуски, вазият тақозосига кўра, энди ўзимга янги жамоа топишим керак. Табиийки, футбол оламида баъзан энг машҳур ўйинчилар ҳам клубсиз қолишади. Асосийси, менда фаолиятимни қайта йўлга солиш имконияти бор. Хўш, қаерда футболга қайтганим маъқул? Ҳозир айни савол устида ўйлаяпман. Шубҳам йўқ, оилам билан энг тўғри қарорда тўхтаймиз. Билишимча, ICD (юрак стимулятори) билан ўйнаш тақиқланмаган мамлакатлар кўп. Шундай экан, яна қанчадир умримни ўйинчи ролида футболга бағишлашим мумкинлигига ишонаман.
Қайтиш иштиёқи
- Менимча, футболга нисбатан муҳаббат юқори савияда қайтишимга ёрдам беради. Шифокорлар ҳаммаси жойида эканини айтаётган паллада ҳаётимни футболсиз тасаввур қилишим мумкинми? Фаолиятимни шундай тарзда якунламаслигим керак. Бу тўғри келмаслигини яхши биламан. Чунончи, одамлар мени майдонда бир ўлимдан қолганим учун эслашларини хоҳламайман. Бу ўта муҳим ҳолат, чунки мотивация беради. Яқинларим билан ҳам бу ҳақда кўп гаплашдик. Турмуш ўртоғим Сабрина айтганидек, фаолиятимни якунлашга ҳали эрта. Ҳар ҳолда, у хайрлашиш вақти ҳали келмаганига, футболга яна нимадир бера олишимга ишонади. Яна шундай аҳволга тушиб қолиш хавфидан чўчимайманми? Ишончим комил, бунақаси бошқа такрорланмайди. Аввалига юрагимни авайлаш мақсадида бироз эҳтиёткорлик қилдим. Яъни ҳар бир машғулотдан сўнг махсус кўрикдан ўтдим ва шукрки, шифокорлар ҳар сафар ҳаммаси яхши эканлигини айтишди. Шундай экан, ўша ҳолат такрорланиши мумкинлигини ўйлашга асос йўқ. Мени қўллаб-қувватлаганлардан чексиз миннатдорман ва барчага айтмоқчиманки, энди сизларни бошқа хавотирга солмайман. Футбол майдонида мен билан бунақаси ҳеч қачон қайта юз бермайди!
- 29 ёшли ярим ҳимоячи фаолиятини Франция чемпионатида қайта бошлаши мумкин. Даниялик футболчи хизматига «Монако» қизиқмоқда. Францияда футболчиларнинг юрак дефибриллятори билан ҳаракатланишларига тўсиқ йўқ.
- Кристиан Эриксен Дания миллий жамоаси сафида жами 109та ўйин ўтказиб, 36та гол урган.
- Дания терма жамоаси бош мураббийи Каспер Хюльманд аллақачон Эриксенни яна сафда кўришга хоҳишманд эканлигини билдирди. Унинг фикрича, Кристиан даражасидаги етакчи Қатарда «динамитлар»га ортиқчалик қилмайди. Хюльманд шунинг баробарида ярим ҳимоячи қисқа вақт ичида Евро- 2020гача бўлган даражасига қайтишига ишонишини алоҳида таъкидлади.
- Кристиан Эриксен ҳозир 29 ёшда, айни пайт турмуш ўртоғи Сабрина билан 2 нафар фарзандни тарбияламоқда.
МУҲАММАДХОН тайёрлади