Англия Премьер-лигасида доимо топ даражадаги кучли ҳужумчилар ҳаракат қилган. Тьерри Анри, Алан Ширер Руд ван Нистелрой...
Ушбу рўйхатни яна узоқ давом эттиришимиз мумкин. Ҳатто, ҳозирги даврда ҳам АПЛ рақиблар учун қўрқинч бўлган ҳужумчилар макони ҳисобланади. Қуйида эътиборингизга бутун дунё футбол ихлосмандлари томонидан эътироф этилган Премьер-лиганинг энг яхши ҳужумчилар рўйхатини ҳавола этамиз.
10. Майкл Антонио – «Вест Хэм»
Қанот ҳимоячисидан қанот ҳужумчилигига ўтган, ҳозир эса марказий форвард вазифасини бажараётган Майкл Антонио АПЛнинг кўзга кўринган номларидан бири саналади. Антонио рақиб жарима майдончаси ичида ўта юқори хавф туғдирувчи футболчилар сирасига киради. Шунингдек, у ҳавода ҳам яхши ҳаракат қилади. Айни дамда ямайкалик атлет «болғачилар» сафида энг муҳим фигурага айланиб улгурган.
9. Жейми Варди – «Лестер Сити»
АПЛда, бошқа Жейми Вардига ўхшаш ҳужумчини топа олмайсиз. Тез-тез ҳимоячилар билан тўқнашишни хуш кўрадиган «тулкилар» вакили, ҳужумчилик салоҳияти билан дунёни лол эта олган. Тўғри, охирги вақтларда собиқ Англия терма жамоаси аъзосини жароҳатлар қийнаб қўйди. Шунга қарамай, бу мавсумда ҳам Варди ҳисобида аллақачон 9та гол мавжуд.
8. Ромелу Лукаку – «Челси»
Ромелу охирги пайтларда ўта ғалати фикрлар билдириб, оммани ўзига қаратди. Ҳа, биз уни «Интер»ни яхши кўришини тушунамиз ва тўғри қабул қиламиз. Бироқ, у ҳозирда «Челси» вакили ва шунга яраша ҳаракат қилиши керак. Голлар уришга анча қийналаётган бельгияликни АПЛга қайтиши учун катта маблағ сарфланди. Лукаку Англияга янада улғайиб, яхшироқ бўлиб қайтиб келди.
7. Харри Кейн – «Тоттенхэм»
Кейн учун анча нотинч кечган ёз, ҳужумчининг тўпурарлик қобилиятига бир қадар таъсир қилди. Шу сабаб унинг натижалари ҳозирда унчалик ҳам яхши эмас. У мавсумнинг бугунги қисмигача 5та гол ура олди, холос. Аммо бу Кейннинг даври ўтганини англатмайди. Сизларга совуққон «гол машинаси»нинг ҳаракатларини кузатишни тавсия этамиз.
6. Рияд Махрез – «Манчестер Сити»
«Ман Сити»даги ҳужумкор футболчиларнинг иқтидорини эътироф этиш - жуда мураккаб иш. Негаки, у ерда бир дунё иқтидорлар ва жаҳон даражасидаги футболчилар бор. Улар ичидан бу мавсумда порлашни давом эттираётганларидан бири бу Махрездир. Жазоир терма жамоаси вакилининг чап оёқ зарбасини бугун ҳамма танийди. Унинг голлари ҳам, ҳаракатлари каби инсонни мафтун этади.
5. Сон – «Тоттенхэм Хотспур»
Ушбу мавсум аввалида Харри Кейннинг кетиши билан боғлиқ хабарлар тарқалган эди. Ўшанда, айнан Сонни «Тоттенхэм»нинг энг кучли вакили бўлиши мумкинлигини айтган эдик. Аммо у ўз шериги билан ҳамон давом этмоқда. Яқинда олинган жароҳат ҳужумчини анча қийнаб қўйди. Шунга қарамай, корейс ўғлони сўнгги олти мавсумдан бери АПЛнинг юлдуз футболчилари қаторида бўлиб келмоқда.
4. Диогу Жота – «Ливерпуль»
Ҳа, «Ливерпуль» ўтган мавсумда «Вулверхэмптон»дан қай даражадаги истеъдодли ўйинчи олаётганини билар эди. Аммо бундай даражада деб ҳеч ким ўйламаган бўлса керак. Жота аллақачон ўз натижаларини ўтган йиллардагидан яхшилаб олди. Шунга яраша ўсишга ҳам эришди. Португалия терма жамоаси аъзосида ҳозирга келиб 10та гол мавжуд. Бу ҳисоб эса ҳали оширилади.
3. Садио Мане – «Ливерпуль»
Манеда ўтган мавсум анча пасайиш кузатилди. У 11та гол билан мавсумни якунлашга мажбур бўлган эди. Бу эса биз кўриб ўрганиб қолган Мане эмасди. Бироқ жорий мавсумдан яна ўз йўлини топиб олган ҳужумчи, саккизта гол уришга муваффақ бўлди. Сенегаллик йигит айни дамда Африка Миллатлар кубогида порлашни давом эттирмоқда.
2. Роналду – МЮ
Айни пайтга қадар футбол афсонаси учун мавсум ўта юқори даражада ўтаяпти дея олмаймиз. Бироқ, Криштианунинг шу ёшида АПЛга ўтишини катта жасоратга ёйиш мумкин. Ҳа, ҳужумчи олдингидай эмас – вақт ўз кучини кўрсатади! Роналду прессингда фаол қатнашмасада, аммо олд чизиқда ҳамон ўз ишини қилмоқда. У голлар уриб, мухлисларини хушнуд этишда давом этади.
1. Муҳаммад Салоҳ – «Ливерпуль»
Биринчи ўрин борасида ҳеч қандай эътирозларга ўрин йўқ, шундайми? Муҳаммад Салоҳ 2017 йилда «Рома»дан харид қилинган эди. У шундан буён йилдан-йилга фақатгина яхши томонга ўзгарди. Мисрлик ҳужумчи мерсисайдда ҳар қандай турдаги голларни уриб улгурди. Юлдузликнинг чўққисига ҳам Муҳаммад, айнан «Ливерпуль»да чиқа олди. Бугунги кунда эса АПЛда унга етадигани йўқ. У жамоасини етакчи қилишни истайди. Шу баҳонада эса, ўзини тўпурарга айлантириб олмоқда. У шаксиз биринчи ўринга мутлақо муносиб номзод!
инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси