Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо АПОЭЛга қарши Чемпионлар лигаси чорак финал жавоб учрашувидан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан, натижадан қониқиш ҳосил қилганини айтиб ўтди. Бу ҳақда «AS» нашри хабар бермоқда.
«Қайд этилган натижадан қониқиш ҳосил қилдим, гарчи, ўтказиб юборилган икки гол менинг кайфиятимни бироз бузган бўлса-да. Жамоа бироз бўшашди, прессинг қилишни тўхтатгани сабаб шундай бўлди», деди португалиялик мутахассис.
«Мен «Реал»да энди иш бошлаган вақтим жамоа Чемпионлар лигасида муаммоларга дуч келарди. Ҳозир эса жамоа жуда яхши ишлаяпти ва маълум ютуқларга ҳам эришмоқда. АПОЭЛга қарши иккинчи учрашувдаги ғалаба муҳим аҳамиятга эга эди, бироқ рақиб бугун қайд этилган натижадан хурсанд бўлса ажаб эмас. Кипрликлар иккита гол уриб, чорак финалга нима учун чиққанликларини исботлашди», деди Моуриньо.
«Роналду? У ҳар бир ўйинда кўп ва кам гол уриб, ҳар вақт жамоа учун ўйнайди. Бунақанги ўйинчилар жуда ҳам кам. Роналду – индивидуалист эмас. Роналду учун, шунингдек, майдонда унча ҳаракат қилмаган бўлса-да, биттадан гол уришга муваффақ бўлган Ди Мария ва Кальехон учун ҳам хурсандман. Ажойиб гол урган Кака учун ҳам хурсандман», деди «Реал» устози.
«Иброҳимовичнинг сўзлари? Гарчи, «Барселона»нинг ўйинини кўрмаган бўлсам-да, Златаннинг сўзларидан хабарим бор. У – аққли йигит, бироқ ҳаммасини жуда ҳам кеч тушуниб етди», деди Моуриньо.
«Реал» – «Бавария» тўқнашуви ҳақида нима дейишим мумкин? Бу аъло даражадаги яримфинал бўлади. Энди финалда «Барселона»га қарши ким ўйнашини билиб олиш керак, холос. «Барселона» финалга чиқишига ишончим комил, чунки у жуда ҳам яхши жамоа», дея қўшимча қилди «Реал» бош мураббийи Жозе Моуриньо.