Кириш Регистрация
21/05 19:00 Бунёдкор 3-2 Локомотив
23/05 23:45 Кальяри - Фиорентина

Душан, ЕЧЛ шиддатига тайёрмисан?

Баҳо:
+ | -

Беқиёс футбол оламида рақобат шу қадар кучлики, дуч келган ўйинчига Европанинг энг ажиб ва нуфузли турнири - ЧЛда тўп суриш насиб этмайди. Ҳаттоки, айрим ноёб иқтидор соҳибларига ҳам бу бетакрор мусобақа нафасидан туйиш армон бўлиб қолади. Мана, FootBall-Style ижодкорлари охирги йилларда клуб футболида ёрқин ўйин намойиш этаётган, лекин ҳамон бош турнирда иштирок этмаган топ ижрочиларга эътибор қаратдилар. Шу жойда айтиш керак, қуйида келтирилган футболчилардан Душан Влахович тез орада ЧЛдаги дебютини нишонлаш имкониятига эга. Чунончи, сербиялик тўпурар энди «Фиорентина» эмас, «Ювентус» аъзоси. Туринликларни эса олдинда, аниқроғи, 23 февраль куни «Вильярреал» майдонида бўладиган 1|8 финал босқичининг биринчи ўйини кутиб турибди.

Душан Влахович («Ювентус»). Сербия­лик ҳужумчи катта футболга 2016 йили Белграднинг «Партизан» клубида қадам ташлади. Салоҳиятли йигит ўз ватанида атиги 2 мавсум тўп сургач, Италияга йўл олиб, «Фиорентина» либосини кийди. Диққат қилинг, атиги 2 млн. еврога харид қилинган голеадорнинг трансфер баҳоси қисқа вақтда 80 «лимон»дан ошиб кетди. Бу - флоренцияча бизнес! Душан бақувват оёқларидан максимал даражада самарали фойдаланади, яна бар­қарор гол уриши билан мақтанишга ҳақли. Дейлик, ўтган мавсум «А» серияда 21та гол урган серб ҳозирда бош тўпурарга аталган совринга яққол даъвогар бўлиб турибди. Айни пайт Сербия терма жамоасини ҳам Влаховичсиз тасаввур қилиш қийин. Шундай иқтидор ҳозирга қадар УЕФА байроғи остидаги бош турнирда қатнашиш бахтидан бебаҳра эди. Мана, вазият ўзгарди - Душан «Ювентус» сафига қўшилиб, янги клубда голлари ҳисобини очишга ҳам улгурди. Энди навбат - ЕЧЛга!

Деклан Райс («Вест Хэм»). Йил сайин етук ва ишончли ўйин кўрсатаётган яна бир иқтидорли йигит. Деклан 22 ёшида «болғачилар» етакчисига айланди. Ҳозирда жамоанинг АПЛдаги ишлари жойида - ЧЛга йўл очиш ҳаракати қаттиқ. Лондонликлар шу кетишда нуфузли турнир йўлланмасини қўлга киритишлари ҳеч гап эмас. Айни пайт Райс­нинг трансфери 70 млн. еврога баҳоланмоқда. Бироқ клуб уни сотмоқчи эмас, чунки пулдан кўра, ЧЛ чиптаси муҳимроқ. Тўғри, «Вест Хэм» жорий мавсум якунида мақсадга эришолмаса, унда Декланнинг ўзи «Челси» ёки Манчестер грандларидан бирини танлаши ҳам мумкин.

Жованни Симеоне («Верона»). Кичик Симеоне Аргентина терма жамоасида дебютини нишонлашга ҳам улгурди. Аммо ҳали ЧЛ маррасига етгани йўқ. Муҳими, 26 ёшли ҳужумчи жорий мавсум камтарин «Верона» сафида деярли барча топ клублар дарвозасини забт этди. Диего Симеоне шу маҳсулдорликни йўқотмаса, унда кейинги мавсум қайсидир кучли клуб сафини тўлдириш имконияти ошади. Ана шундагина ЧЛда ўйнаш орзуси рўёбга чиқиши мумкин.

Букайо Сака («Арсенал»). Англиялик ёш иқтидор 2018 йилдан буён «тўпчилар» сафида тўп сурмоқда, терма жамоа билан эса Евро-2020 финалини кўрди. Микель Артета жорий мавсум уни нақ 6та позиция­да ўйнатди. Ҳа, ҳам «Арсенал», ҳам Сака ўйинида мукаммалликдан узоқ жиҳатлар йўқ эмас. Лекин навқирон устоз ва шогирд изланишда давом этишса, ЧЛ чегарасига етишлари ҳам мумкин.

Ришарлисон («Эвертон»). Бразилия миллий жамоаси ҳужумчиси «Уотфорд»даги мавсумдан сўнг «Эвертон»га ўтиб, анча самарали ўйин кўрсатаётганди. Лекин жорий мавсум жароҳат туфайли талаб даражасида тўп суролмаяпти. Аслида экспертларнинг хулосаларига кўра, Ришарлисон «Эвертон» савиясидан ўзиб кетган ва ЧЛда ўйнашга шай.

Микель Ойарсабаль («Реал Сосьедад»). Испаниялик 24 ёшли ҳужумчи - «Сосьедад» сардори ва етакчиси. У анчадан буён рисоладагидек тўп сурмоқда. Жамоа ҳам чакки эмас, фақат ўтган мавсум озгина омад етишмади. Яъни 5-ўринни банд этган «Сосьедад» ЕЛ йўлланмаси билан чекланди. Жорий мавсум эса маълум муддат пешқадамлик қилган Сан-Себастьян клуби орада тезликни пасайтириб, мавқеини бой берди. Лекин вазиятни ўнглаш имконияти йўқ эмас.

Андреа Белотти («Торино»). Анчадан буён Италия грандлари мўлжалида турган ҳужумчи. Муаммо шундаки, «Торино» қандайдир йўллар билан уни олиб қўймоқда. Оқибатда 28 ёшга тўлган салоҳиятли ҳужумчи ҳамон ЧЛдан ташқарида қолмоқда. Унинг амалдаги шартномаси ёзда ўз кучини йўқотади. Демак, янги мавсумни «Интер», «Милан» ёки «Ювен­тус»да бошлашини тахмин қилиш мумкин.

Александер Исак («Реал Сосьедад»). Швециялик ҳужумчи - сўнгги йилларнинг асосий кашфиётларидан бири. Исак Испанияда қисқа вақт ичида янги клубининг етакчилари қаторига қўшилди. У олдинги чизиқнинг барча позицияларида самарали ўйнайди. Шундай экан, янги мавсумни қайсидир гранд клубда бошласа, ажабланмаслик керак.

Филип Костич («Айнт­рахт»). 2015 йилдан буён Сербия миллий жамоасида барқарор ўйнаётган футболчи. У айнан «Айнтрахт»да танилди, Бундеслиганинг етакчи ўйинчилари сафидан жой олди. Филип ҳозирга қадар 2 марта ЧЛда дебют қилишга яқин келди. Бироқ «Интер» (2019 йил) ва «Лацио» (2021 йил)га трансфери сўнгги паллада амалга ошмай қолди.

Уилфрид Заха («Крис­тал Пэлас»). Академияда таҳсил олган вақтдан келажаги порлоқ ҳужумчи сифатида таърифланган Заха 2013 йили 12 млн. евро эвазига «МЮ» сафига ўтди. Бироқ ҳужумчи «қизил иблислар» либосида атиги 4 марта майдонга тушди ва 2015 йили ортга қайтди. Гол уришни яхши кўрадиган Кот-д~иву­арлик футболчи шу-шу негадир грандлар эътиборидан четда қолмоқда. Уни ЧЛга олиб чиқиш учун «Пэлас»да имконият, хари-дорларда эса 45 млн. евро йўқ.

Яго Аспас («Сельта»). 34 ёшли фахрий - Испания термасининг доимий, клубининг муҳим ўйинчиси. Аммо Яго ЧЛда ҳамон томошабин, холос. Ваҳоланки, у «Севилья» (2013 йил) ва «Ливерпуль» (2014 йил) клубларида ўйнаб кўрди. Бироқ бу клублар айнан ўша йилларда нуфузли турнирга чиқолмаганди. Аспас ҳозир «Сельта»да чинакам афсона ва қадрдон жамоасидан кетмоқчи эмас. Демакки, бутсаларини ЧЛни кўрмай туриб михга илишига тўғри келиши эҳтимоли катта.

Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:20, 18.02.2022.
Ўқилди: 2771 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.