"Бавария" бош мураббийи Юпп Ҳайнкес "Реал" устидан ЕЧЛ ярим финал дастлабки учрашувида қозонилган ғалаба таассуротлари билан ўртоқлашди.
"Ҳисоб 1:1лигида фаол ҳужумга берилиб кетиб, гол ўтказиб юборишинг ҳеч гап эмас. Бундай ҳолатда ҳеч қурса ютқазиб қўймаслик, яхшироқ вазият яратиб қандай қилиб бўлса-да гол уришингдан умид қилиб қоласан. Умуман олганда, биз ғалабага лойиқ ўйин кўрсатдик. "Реал" дастлабки 10-15 дақиқани жуда кўтаринки руҳда ўтказди, бироқ кейин ҳаммасини биз ўз қўлимизга олдик. Биз жуда ақлли ўйин намойиш этиб, пировардида ниятимизга етдик.
Жамоанинг олдига нима вазифа қўйган бўлсам ҳаммасини мен айтгандек қилиб бажаришди. Бугун бизнинг ўйинимизда қизғинлик, ғалабага бўлган улкан чанқоқ ва истак намоён бўлди. Айнан мана шу таркибий қисмлар чемпионлар Лигаси ярим финалида зарур сифат ҳисобланади. "Реал" — жуда ажойиб жамоа, уни осонликча мағлуб эта олмайсан. Мен ўйинимиздан жуда қониқдим. Мадридликлар ҳисобни тенглаштиришгач, яна ўн дақиқача улар яхши ўйин намойиш этишди. Бироқ ташаббусни яна биз ўз томонимизга оғдирдик. Жамоамизнинг кучи ва интилишига гувоҳ бўлдингиз. Мадридда ҳам гол уришимиз керак, фақат тўп қайтариш билан шуғулланмасдан.
"Реал" гол урилган вазиятдаги ҳужумни қойилмақом қилиб амалга оширди, қарши ҳужумларда мадридликлар бекаму-кўст ўйин кўрсатишади. Бу ҳолатда ҳеч кимни айблай олмайман, чунки ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Гарчи, ўшанда футболчиларим тўғрироқ позиция танлашса бўларди.
Ғалаба тўпи эса Марио Гомеснинг ўзига хос ўйини натижасида киритилди. Бундай футболчига тўп етказиб турилса бас – у керакли апйтда керакли жойда пайдо бўлишни билади. Гомес жуда кўп ҳаракат қилади ва ҳар бир қарич жой учун курашади. Бугун у ажойиб ўйин кўрсатди, бироқ майдонда Франк Риберига етадигани бўлмади", — дея Ҳайнкес сўзларини келтирмоқда УЕФА расмий сайти.