«ПСЖ» Чемпионлар лигасидан чиқиб кетганидан сўнг, клуб аъзолари парижлик мухлислар томонидан катта босим остида қолди. Айниқса, бу жамоанинг аргентиналик футболчиси Лионель Мессига нисбатан кўпроқ амалга оширилмоқда. Шу сабаб, Леонинг парижликлар сафидаги келажаги ҳақида бироз фикр юритишга қарор қилдик.
Ўтган ёзда «Барселона» молиявий сабабларга кўра Лионель Месси билан шартномани узайтира олмаганди. Аммо бу ҳикоянинг аниқ тафсилотлари ҳамон тўлиқ очиқланмаган ва деярли ҳар куни турли тахминлар ОАВда эълон қилинмоқда. Масалан, яқинда Жерард Пике Жоан Лапортани аргентиналик билан янги шартнома имзоламасликка кўндиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Эҳтимол, биз аниқ маълумотларни яқинда билиб олармиз, лекин бу «Барса» ва Месси ҳикояси ҳар қандай ҳолатда ҳам якунланди, шундан сўнг Месси учун янги эра бошланди. «ПСЖ» ва Месси эраси.
Шундай қилиб, Месси Париж клубига кўчиб ўтди ва «ПСЖ» мухлислари аргентиналик футболчини кутиб олгани тасвирлари бутун дунё бўйлаб тарқалди. Улар хурсанд бўлишди ва бу шартномани жамоанинг Чемпионлар лигасида ғалаба қозониши учун ҳал қилувчи туртки сифатида кўришди. Негаки, яқинда парижликлар турнир финалида эди, шунинг учун клуб мухлислари навбатдаги босқичга — чемпионликка умид қилишарди. Боз устига, «ПСЖ»да аргентиналик мураббий ва ҳужумчининг яхши дўсти - Неймар бор эди.
Орадан бир йил ўтар-ўтмас, Месси фаолиятида илк бор ўз жамоасининг мухлислари томонидан норозичилиига дуч келди. Якшанба куни «Бордо»га қарши ўйинда «Парк де Пренс» трибуналари аргентиналик футболчи ва Неймарни жуда ҳам ёмон кутиб олди. Мухлислар таркиблар эълон қилинганда уларни номини айтиб, норози оҳангда бақиришди ва бу икки футболчи тўпга тегса, мухлислар уларга тазйиқ ўтказишди.
Бу кўп жиҳатдан Чемпионлар лигасидан чиқиб кетишгани ортидан бўлмоқда. «ПСЖ» мухлислари Мессининг жамоага узоқ кутилган кубокни олиб келишини кутишган. Очиғини айтсак, аргентиналик футболчи Франция чемпионатида бор кучи билан ўйнамаяпти. У жорий мавсум ички чемпионатда 17 учрашувда атиги 2 та гол урган. Шунингдек, Лео томонидан амалга оширилган 11 та ассистни ҳам айтиб ўтиш керак. Аммо барибир Месси «ПСЖ»ни эмас, Париж клуби аргентиналикни олдинга тортиб келмоқда. Лионелнинг Лига—1 мусобақасидаги суст ўйинлари, Чемпионлар лигасидан умидвор бўлиб, мухлислар томонидан кечириларди. Умуман олганда, мухлисларни ички чемпионатдаги ғолиблик эмас, аксина еврокубоклар кўпроқ қизиқтирган. Футболчи ҳам шунга мос равишда ЕЧЛда ички чемпионга қараганда яхшироқ ўйнади – гуруҳ босқичида 5 та ўйинда 5 та гол. Қийин вазиятларда «Манчестер Сити» ва «Лейпциг»ни мағлуб этишга ёрдам берди ва «Брюгге» дарвозасини ҳам ажойиб тарзда ишғол қилди.
Плей-оффда Мессидан кўп нарса умид қилинди, аммо «Реал»га қарши ўйинларда аргентиналик сояда қолди. Парижда кечган биринчи ўйинда у пенальтини аниқ амалга ошира олмади, иккинчисида эса бутунлай йўқолиб қолди. Месси нафақат ёмон ўйнади, балки майдонда ҳам унчалик кўриниш бермади. Шунчаки стадионда юрди. Мавсумнинг ҳал қилувчи ўйинида эса бутун йил давомида кўрсатган қониқарсиз ўйинлари учун кечирилган аргентиналик фақат рақамга хизмат қилди. Бу «ПСЖ» учун ёлғиз ўзи курашган Килиан Мбаппе фонида яққол сезилди.
Аслида, бу Мессининг ўйин давомида йўқолиб қолиши биринчи марта эмас. «Барселона»даги сўнгги мавсумларда биз бунга бир неча бор гувоҳ бўлганмиз - «Рома»га қарши, «Ливерпуль» жавоб ўйинларида ва ҳоказо. «Барселона»да у ростакамига қирол эди. Бунинг асосий сабаби эса унинг жамоаси бўлган. Чунки Мессининг ўйини чиқмаса, муаммони аргентиналикнинг жамоадошларидан қидиришган. Парижда ҳамма нарса бошқача эди. Бу ерда Месси ўзини бегона ҳис қилди. Бу ҳолан нафақат аргентиналикнинг муваффақиятсизлигига хизмат қилди, балки унинг ўйинига ҳам ўз таъсирини ўтказди.
Балки Мессининг «ПСЖ»даги миссияси том маънода муваффақиятсизликка учради. Парижликлар ёзда янги жамоа қуришлари талаб этилади ва аргентиналик Париж клубига керакми ёки йўқми ҳали номаълум. Сабаби унинг атрофида янги«ПСЖ»ни қуриш бефойда.
Кўп ОАВда Месси ёзда Париж клубини тарк этиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Шу сабаб аргентиналик футболчи фаолиятини қаерда давом эттириши мумкинлиги ҳақида саволлар пайдо бўлади. Топ-клублар ичида у фақат «Барселона» номзодини келтириш мумкин, лекин бу ўйин нуқтаи назаридан эмас, балки жамоа ва Месси ўртасидаги узоқ вақтдан бери сақланиб келинган қадрият учун. Аммо Хави янги жамоа қурмоқда ва унга Мессининг кераги йўқ. Аргентиналик футболчи узоқ вақтдан бери кўрсатаётган ёмон ўйинларини ҳисобга олсак, Мессининг хизматлари бошқа топ-клубга керак эмас. Месси МЛС клубларидан бирига ўтадими ёки фаолиятини якунлайдими, бу номаълум. Эҳтимол, у Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш учун Париж клубида қолиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам биз аввалги Леони кўрмаяпмиз ва эҳтимол энди бошқа кўрмасак ҳам керак, чамамда.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.