Суперлигасининг 3-туридан ўрин олган “Олимпик” — “Пахтакор” (1:1) учрашувидаги айрим вазиятлар ЎФА Ҳакамлар бўлими томонидан ўрганиб чиқилди.
Хусусан, ўйиннинг 12-дақиқасида “Пахтакор” аъзоси Икром Алибоев рақибнинг оёғига бутсанинг таг қисми билан ўта қўпол зарба берди. Учрашув бош ҳаками аввал сариқ карточка кўрсатди, сўнг ВАР уни мониторга таклиф қилгач, қарорини қизил карточкага алмаштирди. Мутахассислар фикрига кўра, қизил карточка тўғри берилди.
57-дақиқада “Пахтакор” футболчиси рақибидан илгарилаб кетаётганда ҳимоячи уни қўли билан тўхтатди. Ҳакам жарима тўпи ва ҳимоячига сариқ карточка кўрсатди. Аммо ВАР вазиятни кўргач, сариқ карточка қизилга ўзгартирилди.
Ушбу вазиятда Ҳакамлар бўлими қуйидаги критерийларга тўхталиб ўтди:
• ҳимоячи қўполлик ишлатмаганида ҳужумчи дарвозабон билан яққол бирга бир чиқиш имкониятига эга эди;
• ҳужумчига нисбатан қўполлик ишлатилган вақтда унинг тўп билан масофаси жуда яқин эди;
• қўполлик ишлатилган вазиятда дарвозабон ҳам ўз жойида қолган эди. Агарда дарвозабон ўрнини тарк этиб, тезлик билан тўпга эга чиққанда вазиятга бошқача баҳо бериш мумкин бўлар эди. Шулардан келиб чиқиб, мутахассислар кўрсатилган қизил карточкани тўғри деб баҳоладилар.
Бундан ташқари, 69-дақиқада “Олимпик” футболчиси рақиб жарима майдончаси ичида йиқилди. Бош ҳакам ўйинни давом эттиришни кўрсатди. ВАР ҳакамлари такрорий лавҳаларни синчиклаб кўриб, пеналти белгилаш учун яққол асос йўқ эканлигига ишонч ҳосил қилишди. Мутахассислар бош ҳакам чиқарган қарор тўғри эканлигини тасдиқлашди.