Жорий мавсумда жароҳат сабаб ўйнай олмаган «Рома»нинг чап қанот ҳимоячиси Леонардо Спинаццола Италия терма жамоаси ва Роберто Манчини ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Унинг йўқлиги италияликларнинг сўнгги муваффақиятсизлигига ҳисса қўшганми деган саволга, Спинаццола шундай жавоб берди: «Жаҳон чемпионатига Спинацола ёки Федерико Кьеза эмас, балки Италия жамоаси чиқа олмади. Бу жиддий зарба бўлди, лекин биз қайтамиз. Менда ҳеч қандай тушунтириш йўқ - бу менинг ишим эмас. Аммо футбол шундай, ҳар қандай рақибга қарши ўзингни максимал даражада кўрсатишинг керак», - дея Евро-2020 қаҳрамонларидан бирининг сўзларини келтиради Tuttomercatoweb.
Спинаццола Италия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Манчинини ҳам қўллаб-қувватлади: «Бугун сен қиролсан, эртага эса... Мураббий биз билан қолганидан ва терма жамоани бошқаришда давом этишидан хурсандман. У ақл бовар қилмайдиган иш қилган».