Суперлига 5-тури доирасидаги «Динамо» - «Локомотив» учрашувида (3:1) Самарқанд жамоаси Тошкент клуби устидан муҳим ғалабага эришгач, ўйиндан кейин мезбонлар бош мураббийи Предраг Роган фикрлари билан ўртоқлашди.
- Жамоамиздаги йигитлар совға тайёрлашди, бугунги ғалаба уларники. Улар ушбу ғалаба учун 3 ой ишлашди. Аввалги баҳсларда омадимиз келмай, ютқазганимизда ҳам уларга ғалабалар олдинда эканини айтгандим ва бугун улар Суперлигада ўйнай олишларини исботлашди. Биз бу ғалабани унутиб, эртадан кейинги ўйинларга тайёргарликни бошлаймиз.
- Аввалги ўйинлар билан таққослаганда таркиб ва тактикада ўзгаришлар бўлди. Айниқса, яримҳимоячи Евгений Чумакни ҳимояда ўйнаши кутилмаган қарор бўлди...
- Чемпионат бошланганда биз ҳали ҳамма футболчиларнинг ҳам имкониятларини тўлиқ билмасдик ва муаммоларни ўйиндан-ўйинга ўтиб, кўриб бордик. Бугунги ўйин услубимиз устида биз уч ҳафта ишладик. Чумак янги позицияда ҳам яхши ўйин намойиш этди, аммо жароҳат олди. Унинг ҳолати қандай бўлишини кейинги кунларда кўрамиз.
- «Динамо»ни навбатдаги ўйинда 5 кундан кейин «Нефтчи» кутиб турибди. Жамоа жисмонан қанчалик тикланишга улгуради?
- Узр, бугун биз фақат шу ўйин ҳақида гапириб, кейинги ўйин ҳақида эртадан ўйламоқчимиз. Кўрдингиз, Иброҳим Йўлдошев ва Евгений Чумак жароҳат олди. Биз уларнинг тикланиш жараёни қандай кечишини билишимиз керак.
Шунга қарамай, «Локомотив» билан баҳсдан кейин жамоамизда кайфият яхшиланди, биз «Нефтчи»га қарши ўйинда ҳам катта иштиёқ билан тайёргарлик кўрамиз. Бугунги ғалаба бутун жамоаники. Кейинги ўйинларда ҳам мухлисларни бугунгидек хурсанд қилишга интиламиз. Самарқандлик мухлислар – мен кўрган энг яхши ишқибозлар! Уларга ажойиб мухлислик учун раҳмат айтаман.