Кириш Регистрация

"Дайди ўғил"нинг кеч қайтиши" - Хайрулла Ҳамидов

Баҳо:
+ | -

4 май." МанСити" вакили Фернандиньо туғилган кун, "Депортиво" - "Порту" ўйинига 18 йил тўлди, бироқ биз Сеск Фабрегас билан чекланамиз. Сабаби, бу йигит жаҳон футболига ўз овози билан кириб келган ва кўп нарса берган.

Фақат бир нарсага ҳайрон қоламан: Сеск Каталонияда туғилган, "Барса" академияси толиби, испан футболининг олтин авлоди вакили, лекин негадир ёшлар таркибида ярим ҳимояда ўйнаб мавсумда ўттизталаб гол уриб юрган 16 ёшли умидли футболчини "Арсенал"га кетишига рози бўлган. Арсен Венгер ёшлар билан яхши ишлай оладиган мутахассис, шу боис бу талант беиз кетмади. Тўғри, Патрик Виера ва Жилберто Сильва каби етакчиларнинг жароҳати ҳам Фабрегаснинг асосийга кириб олишига ёрдам берди. Аммо барибир 17 ёшда ўша жойга муносиб туриб ҳам бериш керак эди, буни инкор қила олмайсиз. 21 ёшида сардорлик боғичи унда эди.

"Арсенал"да тўкин фаолият юритди. Бироқ, янги декада бошланиши арафасида Лондон клубида кичик инқирозлар кузатила бошланди. Балки шу боис, унинг Тьерри Анри ва Робин ван Перси каби футболчилар қаторида жамоани тарк этишига бу сафар Венгер қўйиб бергандир.

"Дайди ўғил" қайтди уйига.

"Барселона"даги дебютидаёқ кубокни боши узра кўтарди – бу ўйин Испания суперкубогининг жавоб ўйини эди, "Реал" мағлуб этилганди. Бу кубокдан тўққиз кун ўтгач Европа суперкубогини кўтарди. Ўша баҳсда "Порту" дарвозасига Сеск "Барса"даги илк голини киритди. Аммо...

Шу ерда аммо деймиз. Фабрегаснинг ўйинларига қарасангиз, Каталонияда ёмон эмасдек. Бироқ, Сеск" Арсенал"да лидер бўлиб шаклланганди. "Барса"да эса, мусиқани Хави-Иньеста-Месси учлиги чаларди. Ҳар қанча зўр ўйнамасин, дайди ўғилнинг ўйинлари ўша трио соясида қолиб кетарди. Айнан шу боис ҳам Фабрегаснинг Лондонга яна қайтиши хусусидаги қарорига Каталония томондагилар яна рухсат беришди.

Қизиқ, тарих яна қайтиб келди, аммо ачинарли хотима билан.
Лондон бўлса ҳам, бу сафар бошқа клуб – "Челси" эди жамоаси. Илк мавсум ёмон чиқмади. 18 голга ассист, АПЛ ғолиби ва Лига кубоги соҳиби. Сеск-Азар-Коста учлиги исталган рақибнинг юрагига қўрқув улашадиган даражага чиқди.

Иккинчи мавсум эса, "Челси" учун фожиали натижа билан тугагани ёдингизда – 10-ўрин. Ва ҳаммасига айбдор Фабрегас. Айнан унинг ўйинида пастга шўнғиш туфайли "Челси" қийналаётгани маълум қилинди.

Конте келиб Фабрегасни яна ёшликка қайтаргандек бўлди. Жокер ролига қўйди, захирадан туширса ҳам муҳим паллаларда ўйнатди ва навбатдаги мавсум ҳам "Челси" мамлакат чемпиони бўлди. Сарри даврида жойини буткул йўқотди.

Терма жамоаси борасида Фабрегас олтин авлод бўлгани боис, фақат фахралана олади: Икки марта Европа чемпиони, бир бор жаҳон. Менимча, клубларидаги фаолиятида кўтарилиш, қулаш, қайта туриш ва ҳоказолар бу кўрсаткич олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Аслида уни эслаганимизда Қизил фурия билан эслашимиз керак, шекилли...

Манба: https://t.me/xayrulla_hamidov
Киритилди: 09:33, 04.05.2022.
Ўқилди: 3840 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.