Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Бахтиёр Ашурматов мухлислар билан учрашди

Баҳо:
+ | -

Қўқон шаҳри ўзбек футболининг ватани бўлиш билан бирга кўплаб истеъдодли футболчиларни ватанимизга етказиб берган шаҳар ҳисобланади. Шунингдек, қўқонлик футбол мухлислари ҳам республикада энг яхши мухлислардан саналишади. Қўқонда футболни севишади, қадрлашади ва шу билан бирга яхши тушунишади ҳам.

Кеча “Қўқон-1912” жамоаси бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов мухлислар клуби вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда жамоамизнинг ҳақиқий содиқ мухлислари иштирок этишди. Аввало мухлислар сафарда  “Локомотив” жамоаси устидан  қозонилган ғалаба учун бош мурабийга миннатдорчилик изҳор қилдилар. Дастлаб сўз Бахтиёр Ашурматовга берилди. Бахтиёр Аъзамович жамоадаги вазият, ортда қолган ўйинлардаги ютуқ ва камчиликлар тўғрисида гапирдилар ҳамда жамоани ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғизлатмай қўллаб турган ашаддий мухлисларимизга миннатдорчилик изҳор қилдилар.

Шундан сўнг жамоа мухлислари бош мураббийга ўзларини қизиқтирган саволларни навбати билан йўлладилар ва батафсил жавоб олдилар. Учрашув  очиқлик ва савол-жавоб тарзида, самимий руҳда бўлиб ўтди. Бахтиёр Аъзамович ортда қолган баъзи ўйинлардаги мағлубиятларга изоҳ бериб, жамоадаги йўл қўйилган камчиликларни рўй-рост сўзлаб берди.
 
“Бизда мавсум бошида кўплаб етакчи футболчиларимизни тарк этиши муаммоларни келтириб чиқарди. Жумладан Шоҳназар Норбеков, Муҳаммаданас Хасанов, Бобур Акбаров, Фарҳод Бекмуродов, Асад Собиржонов ва Иқбол Маликжонов каби футболчиларнинг жамоамизни тарк этиши бизни анча қийин аҳволга солиб қўйди. Тўғри биз жамоамизга Жавоҳир Сидиқов, Қувондиқ Рўзиев, Шаҳзодбек Нурматов, Дилшод Раҳматуллаев, Билолхон Тошмирзаев каби футболчиларни таклиф қилдик. Лекин яна жамоавий ўйинни шакллантириб олишимиз учун вақт талаб қилинар эди. Қолаверса сўнги вақтларда жароҳат олиб Мурод Холмуҳаммедов , Александр Мерзляков, Жавоҳир Сидиқовлар анча вақт жамоага ёрдам бера олишмади. Бизда ҳимояда муаммолар юзага келди. Ҳимоячилар етишмаслиги кузатилди. “Пахтакор” билан ўйинга қадар Мурод Холмуҳаммедовнинг майдонга қайтганлиги бизни хурсанд қилади. Муроджон жамоамизда ҳақиқий етакчи, унинг майдонда борлиги қолган футболчиларга ҳам, мураббийларга ҳам анча ишонч бахш этади. Қолаверса Жавоҳир спорт формасини тиклаб олмоқда. Дисквалификацияга учраган Дилшод Раҳматуллаев ва Ойбек Рустамовлар ҳам навбатдаги турда майдонга қайтадилар. Биз жамоанинг ёшлар ва ўринбосарлар таркибига ҳам эътиборни бироз сусайтирганлигимиз натижасида ўринбосарлар таркибидан ҳам асосий таркибга муносиб ёшлар етиб келишмаяпти. Бундан бу ёғига ўринбосарлар таркибининг ҳар бир учрашувини кузатиб борамиз ва у ерда ўзини кўрсатган ёшларни асосий жамоа машғулотларига жалб қиламиз. Иншаоллоҳ сизларнинг ёрдамингиз билан бундан бу ёғига яхши натижаларни қўлга киритамиз деб умид қиламан”  - деди жумладан Бахтиёр Ашурматов.

Учрашувда иштирок этган мухлислар саволларига батафсил жавоб берган ва очиқлик сиёсатини юритаётганлиги учун Бахтиёр Ашурматовга миннатдорчилик билдирдилар. Бундан бу ёғига ҳар 3-4 тур ўйинлар орасида мана шундай учрашувларни ўтказиб туришга келишиб  олинди. Учрашув сўнггида нуроний мухлисларимиз жамоамизни олдинда турган ўйинларда ғалаба қозониб, юзлари ёруғ бўлишларини яратгандан сўраб, дуога қўл очдилар.

Манба: https://t.me/FCKOKAND
Киритилди: 12:23, 15.05.2022.
Ўқилди: 1229 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.