"Эвертон" бош мураббийи Фрэнк Лэмпарднинг фикрича, унинг жамоаси Англия Премьер-лигасидаги ўрнини сақлаб қола олади.
Кеча, 15 май куни “Эвертон” ўз майдонида “Брентфорд”га имкониятни бой берди (2:3). Мезбонларнинг икки футболчиси майдондан четлатилгани сабабли улар ўйинни 9 киши билан якунлашди.
"Ғалаба бизни қуйи лигага тушиб қолишдан ҳимоя қилишини тушунгандик. Биринчи бўлимда яхши ўйнадик. Биз тўлиқ таркибда бўлганимизда, ҳаммаси яхши эди. Четлатишдан олдин менга ҳаммаси ғалаба билан тугайдигандек туюларди, лекин биринчи қизил карточка ҳаммасини ўзгартириб юборди.
Бу ҳам психология, ҳам жисмоний ҳолат масаласи. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Агар кейинги ўйинда ғалаба қозонсак, Премьер-лигада қоламиз.
Мен ўз футболчиларимга ишонаман ва мухлислар бизни кейинги ўйинда ҳам, бугунгидек қўллаб-қувватлашига ишонаман", - деди Лэмпард.